Мазкур спорт турининг тарихий илдизи ниҳоятда қадимга бориб тақалади. Археологик тадқиқотлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ақл ўйини илгаридан мавжуд бўлганини кўрсатади. Жумладан, 1990 йили Афросиёбдан фил суягидан ясалган еттита сипоҳнинг топилгани, Далварзинтепадан эса кушонлар даврига оид иккита фигура аниқлангани юртимиз шахмат тарихини ўрганишда муҳим бурилиш ясади. Соҳибқирон Амир Темур ҳатто жанг майдонида ҳам шахмат ўйнагани, саройда мунтазам шахмат мусобақалари ўтказилгани, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу нафис ўйин ҳақида ғазаллар битгани эса заминимизда азалдан бу спорт тури қадрлаб келингани, аҳоли ўртасида кенг ёйилганидан дарак.

Мустабид тузум даврида халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун етарли имкон ва шароит яратилмади. Ўша давр шахмат соҳасидаги мутасаддиларининг асосий қисмини бошқа миллат вакиллари ташкил этарди. Уларда маҳаллий аҳолига менсимаслик кайфияти кучли бўлиб, “маҳаллий аҳолидан чемпион чиқмайди, бунинг учун уларда ақл-заковат етишмайди” деган асоссиз тасаввурда юргани ҳеч кимга сир эмас.

Шунга қарамай, аҳоли орасида бу жозибали ўйинга қизиқиш сўнмади. Шахматнинг ашаддий ишқибозлари томонидан маҳалла-кўй, чойхонаю хиёбонларда уюштириладиган беллашувлар тўхтаб қолмади. Айниқса, зиёли қатлам йиғинлари шахматсиз ўтмаслигини кўпчилик эсласа керак. Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Одил Ёқубов, Худойберди Тўхтабоев ва бошқа ижодкорлар учун шахмат шунчаки вақт ўтказиш воситаси эмас, балки ақлни чархлайдиган, мантиқий фикрлашни ўстирадиган ўзига хос тафаккур машқи бўлгани кўпчиликнинг ёдида.

Мустақиллик эса ёшларимиз учун имконият эшикларини очди. Уларнинг бошқа спорт турлари қатори шахмат билан шуғулланиши учун муайян шарт-шароитлар яратилди. Шунинг самараси ўлароқ, 1992 йили Манила (Филиппин)да ўтказилган XXX шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар ­терма жамоаси кумуш медални қўлга киритди. 2004 йили Триполида ўзбек ўғлони Рустам Қосимжонов ФИДЕ таснифи бўйича жаҳон чемпиони бўлиб, шахмат ҳамжамиятида узоқ йиллардан буён ҳукм сурган бемаъни қарашларни пучга чиқарди.

Мамлакатимиз ёшлари орасида мазкур спорт турига қизиқиш кучайиб, шиддатли тўлқин ҳосил қилди. Шу тўлқин таъсирида асримизнинг иккинчи ўн йиллиги бошларида мамлакатимизда шахматчиларнинг олтин авлоди етишиб келди. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов каби иқтидорли шахматчилар бирин-кетин Осиё ва жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтара бошлади. Аммо ўша даврларда давлат томонидан шахматга эътибор суст бўлиб, шахматчиларнинг ўз қобилиятини намоён этиши учун етарли шарт-шароит яратилмаганди.

Юртимизда бир йилда фақат битта — Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилар, шахматчилар маҳоратини ошириш учун хорижий давлатлардаги халқаро мусобақаларга боришга мажбур эди. Бу эса катта маблағ талаб қилгани боис, кўпчиликнинг имкони етмасди. Халқаро турнирларда иштирок этиш, бориш-келиш, ётоқхона ва еб-ичиш харажати асосан ота-оналар зиммасига тушарди.

Кимдир бор-будини тикиб, фарзандини қўллаб-қувватлашга сарфлади. Бунга имкони йўқлар эса ноилож шахматни ора йўлда ташлаб кетишга мажбур бўлди. Эътибор сустлиги, молиявий қўллаб-қувватлов йўқлиги сабаб малакали мутахассислар ва гроссмейстерларнинг кўпи хорижий давлатларга кетиб қолгани ҳам шахматчилар тайёрлашдаги жиддий муаммолардан эди. Бундан ташқари, мазкур муаммолар сабаб кўпгина иқтидорли йигит-қизларнинг шахматни ташлаб кетиши соҳада муайян бўшлиқларни келтириб чиқарди.

Кейинги ўн йиллик шахматимиз ривожида янги тараққиёт ва гуллаб-яшнаш босқичи бўлди. Тарихан қисқа муддатда шахматни ривожлантиришга оид қатор қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 9 августдаги “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатда шахматни оммалаштириш, болалар ва ўсмирларни бу спорт турига жалб этиш, мактабларда шахмат таълимини жорий қилиш ва иқтидорли ёш шахматчиларни аниқлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда “Мактабда шахмат” лойиҳасини кенгайтириш, бошланғич синф ўқувчиларини шахматга ўргатиш, иқтидорли болаларни саралаш ва профессионал шахматга тайёрлаш, шахмат мактаблари ва клубларини ташкил этиш, тренерларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, ғолиб шахматчиларни рағбатлантириш, шахмат инфратузилмасини ривожлантириш вазифаси қўйилди. Қарор билан Шахматни ривожлантириш давлат дастури ҳам тасдиқланди. 2023 йил 8 майдаги “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор эса мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган муҳим халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш, унда терма жамоамизнинг муносиб иштирокини таъминлаш масалаларини қамраб олди.

Натижада Шахмат федерацияси фаолияти тубдан яхшиланди. Мамлакатимизда ҳар йили ўтказиладиган нуфузли мусобақалар кўпайди. Осиё ва жаҳон чемпионати ғолибларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Шахматчилар ва мураббийларига бир йўла тўланадиган мукофот пули миқдори кескин оширилди. Бу эса ёш шахматчилар ва ота-оналарини руҳлантириб юборди. Биргина 2025 йилда мамлакатимиз ёш шахматчилари жаҳон, Осиё ва минтақавий чемпионатларда жами 97 медални қўлга киритди. Шундан 33 таси олтин, 37 таси кумуш, 27 таси бронза медаллардир.

Сўнгги йилларда юртимиз спортчилари жаҳон шахмат йилномасида янги тарих ёзишда давом этмоқда. 2017 йилда Нодирбек Абдусатторов 13 ёшида, 2018 йилда Жавоҳир Синдаров 12 ёшида ўша даврда дунёнинг энг ёш халқаро гроссмейстери унвонига сазовор бўлган эди. Ўша йили ёшларимиз бутунжаҳон ёшлар олимпиадасида ғолиб бўлиб, дун­ёда тенгсиз эканини яна бир бор исботлади.

Ушбу ғолиблик силсиласи 2022 йилда бундан-да улкан тўлқинда қайта бўй кўрсатди. Ҳиндистонда бўлиб ўтган 44-жаҳон шахмат олимпиадасида Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир ­Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ҳамда Жаҳонгир Воҳидовдан иборат терма жамоамиз чемпионликни қўлга киритиб, ўзбек ёшларининг нимага қодирлиги, ақл-заковати ва истеъдодини бутун дунёга намоён этди. Бу эса 2026 йилги 46-жаҳон олимпиадасига Ўзбекистоннинг мезбонлик қилишига туртки бўлди. Олтин авлод деб ном олган ёшларимиз зафарли юришларини давом эттириб, 2024 йилда Венгрияда бўлиб ўтган 45-жаҳон шахмат олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлди ва олимпиада чемпионлиги тасодиф эмаслигини исботлади.

2025 йил шахматчиларимиз учун янада салмоқли бўлди. Декабрда Ҳиндистоннинг Гао шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича ­жаҳон кубогининг ярим финалига юзлаб шахматчи орасидан икки шахматчимиз — Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев чиқди. Финалда Жавоҳир хитойлик рақибини доғда қолдириб, жаҳон кубогини қўлга киритди ва ўзбек шахмати тарихида илк бор жаҳон шахмат тожи учун номзодлар турнирига йўлланмани қўлга киритди. Нодирбек эса тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Жавоҳирнинг юришлари шу билан тугамади. Жорий йил март-апрель ойларида Кипрда ўтказилган “Номзодлар турнири”да муддатидан олдин чемпион бўлиб, шахматга тегишли кўплаб рекордларни янгилади ва жаҳон шахмат тожи учун кураш ҳуқуқини қўлга киритган илк ўзбек шахматчиси сифатида ўз номини Ватанимиз спорти тарихига муҳрлаб қўйди.

Хўш, дўппини бир четга қўйиб, нисбатан қисқа муддатда ўзбек шахматчилари эришган бу оламшумул ғалабалар замирида қандай омиллар борлигини бир ўйлаб кўрайлик.

Биринчи навбатда, шахматчиларимиз учун мураббий масаласи ҳал этилганини айтиб ўтиш лозим. Хусусан, терма жамоа аъзолари хорижлик энг малакали мураббийлар билан таъминланди. Улар учун доимий равишда мақсадли ўқув-йиғин машғулотлари ўтказиб келинмоқда.

Бир пайтлар турли сабаблар билан хорижий давлатларга кетиб қолган шахматчи ва мураббийлар жамоа сафига қайтарилди. Рустам Қосимжонов, Сайдали Йўлдошев, Марат Жумаев, Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг юртимизга қайтиши шахматчилар ва мураббийлар жамоасининг нуфузи ошишига имкон берди.

Бинобарин, шахматчиларимизнинг чемпионат ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши билан боғлиқ барча харажатни давлат ва ҳомийлар ҳисобидан қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилди. Спортчиларимизнинг молиявий муаммолардан халос бўлиб, ўз устида ишлаши, маҳоратини ошириши учун реал имконият яратилди. Терма жамоа ­аъзолари учун муносиб стипендиялар жорий этилди.

Бир пайтлар республикамизда бор-йўғи биттагина халқаро турнир ўтказилган бўлса, кейинги йилларда бундай тадбирлар сони 20 дан ошди. Уларда иштирок этувчилар сони кўпайди. Турнирларнинг қамрови ва географияси кенгайди. Жумладан, шу йил Андижон шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги республика чемпионатида 800 дан ортиқ шахматчи иштирок этди. Чемпионатлар кичик заллардан стадион ва катта-катта спорт ареналарига кўчди. Қатнашчилар сонига қўйиладиган чеклов олиб ташланди.

Шунингдек, шахматни ўзлаштириш ёши йилдан йилга кичрайиб, у билан шуғулланувчилар сафининг кенгайиб бораётгани боис, мазмунан янги мусобақалар ташкил этилмоқда. Жумладан, 6 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати, фристайл шахмат бўйича республика чемпионати, ёшлар ўртасида жамоавий республика чемпионатлари шулар жумласидан.

Жойларда шахматни ривожлантириш мақсадида чемпионатлар ва халқаро турнирларни вилоятлар, олис туманларда ўтказиш амалиёти жорий этилди. Масалан, шу йил мамлакат олий лига чемпионати Навоий вилояти Тўдакўл шахмат мактабида, жамоавий Ўзбекистон чемпионати Самарқанд вилояти Қўшработ туманида кўтаринки руҳда ўтганини эътироф этиш жоиз.

Шахматчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш, нуфузли халқаро ва республика турнирларини ташкил этишда Марказий Осиёда ягона бўлган Халқаро шахмат академиясининг ўрни муҳим. 400 га яқин иқтидорли шахматчи таълим олаётган, 30 дан ортиқ мураббий фаолият юритаётган мазкур таълим муассасаси мамлакат шахматининг том маънодаги марказига айланган. Президентимиз ташаббуси билан Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тўдакўл дам олиш базаси ҳудудида ташкил этилган халқаро шахмат мактабида эса республика миқёсидаги мусобақалар, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Бугун мамлакатимизда шахмат билан ­оммавий шуғулланувчилар 2 миллион 600 мингдан ошди. Шундан 4000 нафари рейтингли профессионал шахматчилардир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунига қадар биргина гроссмейстеримиз бор эди. Айни пайтда юртимизда халқаро гроссмейстерлар сони 32 нафарни ташкил қилади.

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра, жаҳонда 2488 рейтинг билан 44-ўриндан жой олган бўлса, 2026 йил август ҳолатига кўра, 2626 рейтинг билан 8-ўринга кўтарилган. Аёллар терма жамоаси эса 2016 йил 1 январь ҳолатида 2159 рейтинг билан жаҳонда 36-ўринни эгаллаган бўлса, ҳозир 2238 рейтинг билан 20-ўринни эгаллаб турибди.

Шахматни оммалаштиришда “UzChess”, “Chessrum” ва бошқа медиа лойиҳаларнинг ўрни катта бўлмоқда. Бир пайтлар кечалари фақат футбол ўйинларини томоша қилган мухлислар бугун ухламай шахмат турнирларида юртдошларимизнинг чиқишини ҳаяжон билан кузатиб бораётир.

Муҳими, Ўзбекистон шахмат федерацияси юртимизда шахматга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликка жавобан ўз олдига қатор устувор вазифаларни белгилаб олган. Аввало, оммавий шахматни янада кучайтириш масаласи. Негаки чемпионлар минглаб иқтидорлилар орасидаги кучли рақобат орқали етишиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, мактабларда шахматни ўқитиш, мусобақаларни кўпайтириш, шахмат клублари фаолиятини кенгайтиришни талаб этади.

Иккинчидан, иқтидорлиларни эрта аниқлаш. Боланинг 5-6 ёшдаёқ шахматга фавқулодда қобилияти борлигини аниқлаш ва унга индивидуал дастур асосида таълим бериш миллий шахмат мактабининг энг муҳим вазифаларидан.

Учинчидан, мураббийлар мактабини яратиш ва шахмат бўйича таълимни мақбуллаштириш. Кучли шахматчи автоматик равишда кучли мураббий бўлиб қолмайди. Чемпион етиштириш учун шахмат назарияси, болалар психологияси, замонавий компьютер дастурлари ва янгича тайёргарлик усулларини биладиган мураббийлар керак.

Ёшлар орасида шахматга қизиқиш геометрик прогрессия тарзида ошиб бораётган бир пайтда мамлакатда мураббийлар танқислиги сезилмоқда. Мактаб дарсликларига шахмат дарслари киритилса, мураббийлар етишмовчилиги янада катта муаммога айланиши аниқ. Шу сабабли Халқаро шахмат академияси негизида шахмат институтини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Республикадаги спорт олий ўқув юртларининг шахмат йўналиши талабалари квотасини ўтказиш асосида ташкил этиладиган бу ОТМ профессионал шахматчилар етиштириш, мураббийлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, шахмат бўйича илмий тадқиқотлар ўтказишда дунёда тенги йўқ илмий-таълим марказига айланиши шубҳасиз.

Тўртинчидан, аёллар шахматини кучайтириш. Ўзбекистон эркаклар шахматида жаҳон даражасига кўтарилган бўлса-да, келажакда миллий шахматнинг ҳақиқий қудрати эркаклар ва аёллар шахматининг биргаликдаги тараққиёти билан ўлчанишини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас.

Бешинчидан, шахматни таълим ва тафаккур маданиятига, ёшларни телефон ва интернет қарамлигидан қутқариш воситасига айлантириш. Агар шахмат фақат медаль олиш воситаси бўлиб қолса, унинг имкониятлари чекланади. Шахмат болани ўйлаш, шошилмаслик, оқибатни олдиндан кўриш, хатосини тан олиш, рақибини ҳурмат қилишга ўргатади.

Бу йил мамлакатимиз шахматчилари олдида икки муҳим воқеа — Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 46-жаҳон шахмат олимпиадаси (3-пара шахмат олимпиадаси) ва ноябрь-декабрь ойларида Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон шахмат тожи учун матч турибди. Ҳар икки мусобақада вакилларимиз зафар қучиб, юртимиз байроғини янада баланд кўтаришига, Ўзбекистон номини жаҳонга ёйиб, халқимиз ишончини оқлашига ишонамиз.

Комил СИНДАРОВ,

Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари