Ташрифлар тарихи
АҚШ Давлат котибларининг Ўзбекистонга ташрифи тарихи 1992 йил февралдан бошланган. Улар орасида 2015 йил 1 ноябрда Жон Керрининг Самарқандга ташрифи алоҳида аҳамиятга эга. Айнан шу куни Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг илк учрашуви бўлиб ўтди ҳамда “C5+1” ҳамкорлик форматига асос солинди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг бўлажак ташрифи икки томонлама музокараларни минтақавий мулоқот билан бирга олиб бориш амалиётининг давоми бўлади.
Келаси ҳафтада АҚШ Давлат котибининг 100 дан ортиқ компания вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилиб Самарқандга келиши кутилмоқда. Ташриф доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида “C5+1” форматидаги учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувнинг асосий йўналишлари сифатида минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда минтақадаги умумий масалалар бўйича ҳамкорликда ечимлар ишлаб чиқиш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш назарда тутилган.
Мазкур ташриф Ўзбекистон учун аввал келишилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, янги технологияларни жалб этиш ва халқаро капитал бозорларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Америка бизнесининг 100 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этиши ушбу йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
“Марказий Осиё +” форматининг ривожланиши
Ташқи ҳамкорлар иштирокидаги минтақавий мулоқот форматлари Марказий Осиё дипломатиясининг доимий қисмига айланиб бормоқда. 2025 йил апрелда Самарқандда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтган. Унинг якунлари бўйича томонлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Шу йил июнда Остонада Хитой билан иккинчи саммит, декабрда Токиода Япония билан биринчи саммит, 2026 йил сентябрда эса Сеулда Корея Республикаси билан биринчи саммит ўтказилди.
Ушбу мулоқот майдонларида муҳокама қилинадиган иқтисодий масалалар кўп жиҳатдан ўхшаш бўлиб, транспорт, энергетика, стратегик аҳамиятга эга хомашё ресурслари, саноат ва рақамли технологиялар соҳаларини қамраб олади.
“C5+1” формати Америка бизнеси ва молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш учун алоҳида имконият яратади. 2015 йилдан буён амал қилиб келаётган ушбу формат доирасида иқтисодиёт, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.
Минтақавий мулоқот транзит, трансчегаравий инфратузилма ва таъминот занжирлари барқарорлиги каби алоҳида бир мамлакат доирасида ҳал этиб бўлмайдиган масалаларни биргаликда кўриб чиқиш имконини беради.
Ушбу масалаларни Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШнинг салоҳиятли инвесторлари иштирокида ягона мулоқот майдонида муҳокама қилиш миллий лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий шароитларни ҳисобга олиш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
“C5+1” биринчи саммити натижалари
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Президентлари даражасидаги биринчи “C5+1” саммити 2023 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди. 2024 йил февралда стратегик аҳамиятга эга минераллар бўйича мулоқотнинг илк йиғилиши, март ойида эса Олмаотада “B5+1” форматидаги биринчи бизнес-форум ўтказилди.
Мазкур бизнес-форум тадбиркорларга инвестиция муҳити ва минтақавий иқтисодий интеграция масалаларини муҳокама қилишда бевосита иштирок этиш имконини берди. Шу тариқа сиёсий даражадаги мулоқот тармоқлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги амалий ҳамкорлик билан тўлдирилди.
2025 йил 6 ноябрда Оқ уйда ўтказилган саммит ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, бизнес-форум доирасида Марказий Осиё минтақаси бўйича умумий қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ савдо ва инвестиция келишувлари эълон қилинди. Улар авиация, қишлоқ хўжалиги техникаси, темир йўл инфратузилмаси, рақамли технологиялар ҳамда стратегик аҳамиятга эга минералларни қазиб олиш соҳаларини қамраб олади.
Саммитда Президентимиз инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш, Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғловчи транспорт ҳамда энергетика лойиҳаларини ривожлантириш, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этди. Илгари сурилган ташаббуслар қаторидан навбатдаги саммитни Самарқандда ўтказиш таклифи ҳам ўрин олди.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичида асосий масала юқори даражада қабул қилинган қарорларни амалга ошириш учун лойиҳаларнинг тайёрлиги ва молиялаштириш манбаларини таъминлашдан иборат. Авиация соҳасида бу авиация техникасини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш, саноатда янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва ишга тушириш, минерал хомашё соҳасида эса қайта ишлаш технологияларини ўзлаштириш ҳамда тайёр маҳсулот харидорлари билан шартномалар тузишни назарда тутади.
Икки томонлама учрашув ва янги инвестиция механизмлари
Минтақавий ҳамкорлик Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бевосита мулоқотга ҳам таянади. Президентимизнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи давомида Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказилди ҳамда “стратегик шерикликнинг янги даври” бошлангани тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди.
2025 йил сентябрда икки давлат раҳбарлари Нью-Йоркда яна учрашди, 6 ноябрда эса Вашингтонда музокаралар ўтказди. 2026 йил февралда Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгашининг таъсис йиғилишида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида янги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Ноябрдаги музокараларнинг асосий натижаларидан бири Ўзбекистон — Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ташкил этилиши бўлди. Кенгашга Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва Америка томонидан Сержио Гор ҳамраислик қилади. Кенгашнинг вазифалари йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, келишувлар ижросини назорат қилиш, молиявий ресурсларни жалб этиш ҳамда АТ парк резидентлари хизматини илгари суриш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши инвестиция активларини бошқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири BlackRock билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилган. 2026 йил январь ойида Давосда Президентимиз компания директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди. Музокараларда BlackRock компаниясининг Ўзбекистон корхоналари капиталида иштирок этиши, қўшма инвестиция механизмларини яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро тажрибани жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
2026 йил 7 июлда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда томонлар хусусийлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, молия бозорини ривожлантириш, ёнилғи-энергетика комплекси ва нефть-кимё саноатида лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларига қўшма инвестициялар киритиш масалаларини кўриб чиқди.
АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. DFC инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун хусусий капитални жалб қилувчи АҚШ давлат молия институтидир.
2026 йил февралда томонлар қўшма инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисида келишув имзолади. 2026 йил 16 июнда DFC платформанинг ишга туширилгани эълон қилинди. У Америка ва халқаро капитал иштирокида устувор инвестиция лойиҳаларини танлаш ва молиялаштиришга мўлжалланган.
Платформанинг устувор йўналишлари энергетика, стратегик аҳамиятга эга минераллар, инфратузилма, транспорт ва логистика, юқори технологик ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фармацевтика соҳаларини қамраб олади. Лойиҳаларни молиялаштиришга хусусий инвесторлар, суверен жамғармалар ва халқаро молия институтларини жалб этиш назарда тутилган.
Инвестиция лойиҳаларини танлаш ва молиялаштиришнинг амалий механизми яратилгани платформанинг аҳамиятли томонларидан. Бу бўлажак учрашувда аниқ лойиҳалар, уларнинг амалга оширишга тайёрлик даражаси ва ҳамкорларнинг иштирок этиш шартларини муҳокама қилиш имконини беради.
Муҳим минераллар ва уларни қайта ишлаш имкониятлари
2024 йил сентябрда Ўзбекистон ва АҚШ 2023 йилги “C5+1” саммити ташаббуслари доирасида муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. 2026 йил февралда эса вазирлар даражасида муҳим минераллар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ишончли таъминотни таъминлаш бўйича ҳукуматлараро меморандум имзоланди.
Ўзбекистон учун юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш энг катта иқтисодий самара бериши мумкин. Бунинг учун минерал хомашёни қазиб олиш билан чекланмасдан, уни бойитиш, қайта ишлаш ва саноат истеъмолчилари талабларига жавоб берадиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Шу боис, қўшма лойиҳаларни баҳолашда хомашёни қайта ишлаш даражаси, замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг мамлакат ҳудудида амалга ошириладиган улуши муҳим мезонлар ҳисобланади.
Савдо динамикаси ва иқтисодий алоқалар таркиби
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017-2025 йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробар, яъни 215 миллион доллардан 1 миллиард долларгача ошди. Шу даврда экспорт 32,1 миллион доллардан 291,7 миллион долларга, импорт эса 182,9 миллион доллардан 712,3 миллион долларга етди. Ушбу кўрсаткичлар икки томонлама савдо алоқалари кенгайгани, шу билан бирга, АҚШ маҳсулотлари ва хизматлари импорти устунлигича қолаётганини кўрсатади.
2026 йил январь-август ойларида ўзаро савдо ҳажми 810,4 миллион долларга етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 33,4 фоиз ошди. Ўзбекистон экспорти 59,9 фоиз ўсиб, 304,5 миллион долларни, импорт эса 21,3 фоизга кўпайиб, 506 миллион долларни ташкил этди. АҚШнинг Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 1,1 фоиздан 1,4 фоизга кўтарилди.
2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида экспорт таркибида хизматлар 224,8 миллион доллар ёки умумий экспортнинг 73,8 фоизини ташкил этди. Машина ва транспорт ускуналари экспорти 44,8 миллион долларга, минерал ёқилғи ва унга ўхшаш маҳсулотлар экспорти эса 17,6 миллион долларга етди.
Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт ускуналарига тўғри келиб, уларнинг қиймати 272,5 миллион доллар ёки умумий импортнинг 53,9 фоизини ташкил этди. Хизматлар импорти 84,1 миллион долларга, кимё саноати маҳсулотлари импорти эса 73,5 миллион долларга тенг бўлди.
2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокида тўрт юзга яқин корхона фаолият юритмоқда. Америка компанияларининг фаолияти ва қўшма лойиҳалар қайта ишлаш ва тоғ-кон саноати, энергетика ва нефть-газ кимёси, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда ахборот технологияларидан иборат хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади.
2017-2025 йилларда АҚШдан жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестиция ва кредитларнинг умумий ҳажми 2,9 миллиард доллардан ошди. Йиллик кўрсаткич 2017 йилдаги 8,6 миллион доллардан 2025 йилда 383,2 миллион долларга етди.
Ўзбекистон — АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг фаоллашуви савдо ва инвестиция алоқаларининг кенгайиши, Америка капитали иштирокидаги корхоналар сонининг ортиши ҳамда АҚШ компанияларининг Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки кучайиши билан кузатилмоқда.
Хулоса
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, аввало, эришилган келишувларни амалга ошириш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан боғлиқ. Энергетика, инфратузилма, қайта ишлаш саноати ва юқори технологияли тармоқлардаги қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга.
Минтақавий мулоқот икки томонлама ҳамкорликни тўлдириб, транспорт, энергетика ва савдо соҳаларидаги масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини беради. Ушбу йўналишлардаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик бизнес учун қулай шароитлар яратиш ва иқтисодий алоқалар барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Бўлажак музокаралар ҳамкорликнинг кейинги устувор йўналишларини белгилаш ва эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш имконини беради.
Умуман, “C5+1” формати Ўзбекистонга АҚШ билан икки томонлама ҳамкорликни минтақавий транспорт ва энергетика лойиҳалари билан боғлаб, инвесторлар доирасини кенгайтиради ҳамда халқаро ишлаб чиқариш занжирларидаги иштирокини кучайтиради. Самарқанддаги бўлажак учрашув ушбу йўналишларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга янги туртки бериши шубҳасиз.
Хуршид АСАДОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари