“Сифатли давлат бошқаруви – 2026” дастурининг ўтказилиши мамлакатимиз давлат хизмати тизимида муҳим тарихий воқеалардан бири бўлди. Мазкур дастур доирасида давлат хизматчиларининг касбий маҳорати, инновацион ёндашуви, жамоани бошқариш салоҳияти, стратегик фикрлаши ва мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳар томонлама, энг юқори талаблар асосида баҳоланди.
Халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар томонидан вазирлик ва идоралар фаолияти холис баҳоланиб, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида камтарона меҳнатларим эътироф этилгани, менга “Энг намунали маъмурий ходим” мақоми берилгани ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди. Мамлакат раҳбари ғолиблар қаторида менинг ҳам исмимни айтиб, эълон қилганларида шундай бир туйғу, шундай бир ҳаяжонли ҳисларни туйдимки, бутун фаолиятим сониялар ичида кино тасмасидек кўз ўнгимдан шувуллаб ўтди.
Ўша лаҳзаларда залда бир ҳақиқат баланд янгради: нима учун айнан мен ушбу нуфузли дастурнинг мутлақ ғолибига айландим? Бунинг замирида натижа, ташаббус ва масъулиятнинг юксак уйғунлиги мужассам эди.
Демак, доно халқимиз ҳақ - меҳнат қилган элда азиз ва ҳар бир ҳаракатимиз, интилишларимиз ортида тоғдай таянчимиз - Президентимиз турибди. Яшаётган тинч заминим, нафас олаётган мусаффо борлиғим, бизга тенгсиз имкониятларни тақдим этаётган Ватаним ҳар қадамимда қўллаб-қувватламоқда. Ўша онларда бу меҳр ва эътибордан қарздорлик туйғусини чуқур англадим.
Бу эътироф — бизнинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги жамоасининг, тизимда бюрократия ва қоғозбозликни енгиб, рақамлаштириш ҳамда очиқлик сари ташлаётган дадил қадамларининг маҳсули десам, муболаға бўлмайди. Олий таълим, фан ва инновациялар соҳаси — мамлакатнинг келажагини белгилаб берувчи энг стратегик йўналишлардан бири. Бу соҳада маъмурий жараёнларни соддалаштириш, талаба ва олимларимиз, инноватор ёшларимиз учун ортиқча тўсиқларни олиб ташлаш — бугун жамоамизнинг олий мақсадига айланган. Айниқса, “Responsiveness, Transparency and Effectiveness” — яъни тезкорлик, шаффофлик ва самарадорлик тамойиллари фаолиятимизнинг энг муҳим мезонларидан ўрин олди. Биз учун ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, ҳар бир қарор ортида эса мамлакат тараққиёти туради.
Дарҳақиқат, вазирлик аҳоли учун энг оғир ва коррупция хавфи юқори бўлган жараёнларни онлайн форматга ўтказиш орқали тизимдаги кўплаб сунъий ғовларни парчалаб ташлади. Бу техник янгиланиш - фуқароларнинг вақти ва асабларини асраши айни ҳақиқат. Илгари хорижда таълим олиб қайтган ёшларимизнинг энг катта оворагарчилиги — ҳужжатларни тан олиш, яъни нострификация жараёни эди. Одамлар вилоятлардан келиб, вазирлик биноси олдида кунлаб, ойлаб навбат кутар, қоғозбозликнинг ёмон оқибатлари уларни мақсаддан йироқлаштирарди. Бугун эса бу тизим Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига тўлиқ интеграция қилинди. Энди йигит-қизларимиз уйдан чиқмай туриб, қисқа муддатларда ўз дипломларини қонуний тасдиқлатиб олмоқдалар.
Шунингдек, магистратура ва докторантурага қабул тизимининг тубдан ўзгартирилиши, хорижий тилни билиш сертификатининг мажбурий этиб белгиланиши ва танловларнинг онлайн шаклда ўтказилиши ички имтиҳонлардаги барча суиистеъмолчиликларга чек қўйди. Натижада илм йўлини танлаган чинакам иқтидорли ёшларнинг юқори босқичларга чиқиши учун кенг ва адолатли йўл очилди.
Шу билан бирга, фаолиятимизда инновацион фикрлаш энг муҳим устунликка айланди. Замонавий давлат хизматида муаммоларни анъанавий, эскирган усуллардан воз кечиб, мутлақо янги ва креатив ёндашувлар асосида ҳал қилиш талаб этилади. Бизнинг устун жиҳатларимиздан бири ҳам айнан инновацион фикрлаш қобилияти ва уни реал воқеликка кўчира олиш бўлди. Хусусан, амалиётга изчил татбиқ этилган “Инновацион ҳудудлар модели” республикада университетлар, илмий ташкилотлар, стартаплар ва маҳаллий саноат корхоналари ўртасида мутлақо янги ҳамкорлик экотизимини шакллантирди. 2022 йилдан буён республика бўйлаб 28 та инновацион туман ташкил этилиб, бу ташаббус доирасида 214 та илмий лойиҳа, 102 та стартап ва 130 та тижоратлаштириш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди. Натижада илм-фан ишланмалари иқтисодиётнинг реал секторларига шиддат билан кириб борди. Танлов комиссияси томонидан айнан мана шундай инновацион ғояларни давлат сиёсати даражасидаги амалий механизмларга айлантира олиш қобилиятимиз энг юқори баҳога лойиқ кўрилди.
Бугунги замон шиддати давлат хизматчисидан халқаро тажриба ва глобал фикрлашни ҳам тақозо этмоқда. Замонавий маъмурий ходим миллий ва глобал трендларни жуда теран англаши лозим. Шу мақсадда Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Малайзия, Миср, Озарбайжон ва Жанубий Корея каби давлатлар билан тўғридан-тўғри илмий ва инновацион ҳамкорликларни ривожлантиришдаги фаол иштирокимиз Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги инновацион алоқаларини тубдан кенгайтиришга хизмат қилди.
Шу каби кўплаб ўзгаришларни таҳлил қилиш бинобарида яқин тарихга назар ташлар эканмиз, бир оддий ҳақиқатни тушунмоқ даркор - давлатни бошқариш — тарихан адолат, интизом ва халқ розилиги мувозанатини топиш санъатидир. Дунё харитасида ўчмас из қолдирган, ўз даврининг қудратли империя ва давлатларини барпо этган аждодларимиз ҳам ўтмишда аввало давлат бошқарувининг сифати ва самарадорлигига бирламчи вазифа сифатида қараганлар. Бугун Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда жорий этилаётган “Сифатли давлат бошқаруви” дастурининг замирида ҳам аслида бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, тарихимизда синалган бошқарув фалсафаси ётади. Мозийнинг қай бир саҳифасини варақламайлик, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш орқали юксалишга эришган буюк ҳукмдорлар сиймосига дуч келамиз. Хусусан, буюк саркарда бобокалонимиз - Амир Темур ҳам давлатни куч билан эмас, биринчи навбатда аниқ қонун-қоидалар ва тизимли бошқарув билан идора этган. Дарҳақиқат, Соҳибқирон салтанатида вазирлар ва ҳокимлар фаолияти уларнинг халққа қилган хизмати, адолати ва иқтисодий натижадорлигига қараб баҳоланган. Бу бошқарув услуби бугунги кун таъбири билан айтганда “стратегик режалаштириш ва жамоатчилик фикрини тинглаш” демакдир. Бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказига ҳам “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғоя қўйилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди:
- Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқлар кeскин камайтирилди.
- Вазирлик ва идораларнинг сони мақбуллаштирилиб, уларнинг ваколат ва масъулияти аниқ белгилаб берилди.
- Рақамли ҳукумат ва электрон ҳужжат айланиши тизими жорий этилиши натижасида давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ошди.
Албатта, эришилган ушбу ютуқ ва эътирофлар шахсий муваффақият эмас, бутун бошли тизим меҳнатининг асл мевасидир. Фикримизни далиллар эканмиз, олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида университетлар иштирокида 194 та таълим туризми йўналиши ташкил этилди, “Ёш гидлар мактаби” лойиҳаси орқали 378 нафар салоҳиятли талаба тайёрланди. Бу эса олий таълим муассасаларининг мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланишидаги стратегик ўрнини янада кучайтирди. Мана шундай улкан зафарлар пойдеворини яратишда таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган минглаб мутахассислар қаторида камтарона ҳиссамиз борлиги бизга чексиз фахр бағишлайди.
Ўзгаришлар кўлами катта, бироқ, дунё шиддат билан янгиланмоқда. Бугунги замон давлат хизматчиларидан одатий вазифалардан ташқари иқтидорлилик, ташаббускорлик, келажакни олдиндан кўра олиш, стратегик фикрлашни ва ҳар бир қарорнинг якуний натижадорлигини таъминлашни талаб қилмоқда. Айнан шу боис, давлат бошқарувида дунёнинг энг илғор моделларидан бирини ярата олган Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда янги дастурнинг йўлга қўйилиши давр талабидир.
Эътироф этиш керакки, бу борада жорий йилнинг 22 май куни Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Сифатли давлат бошқаруви” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиш жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Халққа холис хизмат қилиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган ушбу Фармойиш давлат бошқаруви тизимини мутлақо янги, замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Барчамизга яхши аёнки, БАА — қисқа муддатда давлат бошқаруви, рақамлаштириш ва бюрократиядан холи самарали тизимни яратишда дунёда пешқадамлардан бирига айланган давлат. Ушбу дастурнинг йўлга қўйилиши биз учун энг илғор глобал тажрибани миллий манфаатларимиз ва менталитетимизга мослаштирган ҳолда тизимга жорий этиш имконини яратади. Унинг асосий моҳияти — давлат идоралари фаолиятини шаффоф, рақобатбардош ва фақат натижага йўналтирилган тизимга айлантиришдан иборат. Фармойишда жуда аниқ ва кескин вертикал бошқарув механизми кўрсатилган. Дастурни ҳаётга татбиқ этиш учун иккита асосий тузилма масъул этиб белгиланди:
- Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги;
- Бошқарув самарадорлиги агентлиги.
Бу икки орган халқаро экспертлар билан мулоқотни таъминлаш билан бирга, вазирлик ва идоралардаги ислоҳотлар суръатини бевосита назорат қилади. Улар дастурда иштирок этувчи республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек, махсус мукофот номинацияларининг рўйхатини тасдиқлайди. Яъни, қайси идора қайси йўналишда баҳоланиши ва қайси мезонлар асосида рағбатлантирилишини мана шу масъул агентликлар белгилаб беради.
Энг катта янгилик эса 2026 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти самарадорлиги ушбу Дастур асосида рейтинг баҳолаб борилади. Илгари идоралар фаолияти кўпроқ ички ҳисоботлар ва қоғоздаги рақамларга қараб баҳоланган бўлса, эндиликда БАА тажрибаси асосида KPI тизими мутлақо янгича мезонлар асосида ишлайди. Бу ерда асосий урғу қуйидагиларга қаратилади:
- халқнинг давлат идораларидан нечоғли рози эканлиги;
- давлат хизматларининг тезкорлиги ва рақамлашганлик даражаси;
- қарорлар қабул қилишда бюрократик тўсиқларнинг йўқлиги;
- стратегик мақсадларга эришиш кўрсаткичлари.
Мазкур тизим давлат органлари ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради. Энг яхши натижа кўрсатган вазирлик ва раҳбарлар махсус номинациялар бўйича мукофотланади, сусткашликка йўл қўйганлари эса ишга ёндашувни, фаолият услубини, тизимни ўзгартиришга мажбур бўлади. Демакки, давлат бошқарувининг сифати ошса, бунинг натижасини биринчи навбатда халқимиз сезади.
Биринчидан, фуқароларимизнинг давлат идоралари эшигида сарсон бўлишига чек қўйилади. Сабаби, самарадорликни баҳолаш тизими аҳолининг мурожаатлари қандай ҳал этилаётгани билан бевосита боғлиқ бўлади.
Иккинчидан, тадбиркорлик муҳити янада яхшиланади. Давлат агентликлари ва инспекциялари тадбиркор учун кўмакчи ва ҳамкор сифатида ишлашга ўтади.
Учинчидан, бюджет маблағларининг мақсадли ва тежамкорлик билан сарфланиши устидан назорат кучаяди.
Хўш, бугунги шиддатли даврда Янги Ўзбекистонга аслида қандай давлат хизматчилари керак?
Бугунги тараққиётнинг янги босқичида раҳбар ва ходимлардан кундалик вазифасидан ташқари юксак ташаббускорлик, инновацион фикрлаш, доимий ўқиш ва ўзгаришларга стратегик тайёрлик талаб қилинмоқда. “Энг намунали маъмурий ходим” номинацияси ғолибининг кундалик фаолияти шуни кўрсатадики, замонавий давлат хизматчиси: стратегик фикрлай олиши, рақамлар ва чуқур таҳлилларга таяниши, инновацияларни тизимли равишда амалиётга жорий қилиши, халқаро илғор тажрибани миллий ислоҳотларга татбиқ эта олиши, жамоани улуғвор мақсадлар сари бирлаштира олиши ва энг муҳими — мамлакат манфаатини шахсий манфаатдан ҳамиша устун қўя билиши лозим. Айнан мана шу омиллар ва фазилатлар менинг “Сифатли давлат бошқаруви – 2026” дастурида юксак эътирофга сазовор бўлишимга мустаҳкам асос бўлди. Бу эътироф, аввало, Янги Ўзбекистонда билимли, ташаббускор ва қатъий натижага йўналтирилган янги давлат хизматчилари авлоди шаклланаётганининг яна бир амалий ва яққол исботидир.
Мухтасар айтганда, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури — давлат хизматчиларининг дунёқарашини ўзгартирадиган, уларни халққа янада яқинлаштирадиган ва Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштирадиган стратегик механизм. Президентимиз томонидан белгилаб берилган ушбу вазифаларни сифатли ижро этиш эса барчамиздан юқори масъулият ва фидойиликни талаб этади.
Дастурнинг кейинги босқичлари янада очиқ ва талабчан бўлиши, республика идораларидан қуйи бўғингача — маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳам баҳолаш тизими йўлга қўйилиши бизнинг масъулиятимизни икки карра оширади. Энди биз бошқаларга ўрнак бўлишимиз, ишга ёндашувда янги андозалар, янги тамойилларни яратишимиз зарур.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга мана шундай соғлом рақобат муҳитини яратиб берган, меҳнатимизни қадрлаган Муҳтарам Президентимизга, халқаро ва маҳаллий экспертларга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Бундан кейин ҳам Ватанимиз тараққиёти, давлат бошқарувида сифатли ва самарали тизимларни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш йўлида бор билим ва тажрибамни сафарбар қилишга тайёрман. Зеро, Янги Ўзбекистонни шу меҳнатимизнинг шиддати, виждонан бажарилган иш сифати ва толмас қатъиятимиз кучи билан барпо этамиз!
Фазлиддин МЎМИНОВ,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи,
“Сифатли давлат бошқаруви” дастури ғолиби