Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши айрим тоифадаги жиноятлар учун жавобгарлик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 154¹-моддасига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши, шунингдек, ушбу органларга хизматга ёлланиши билан боғлиқ қилмишлар учун жиноий жавобгарлик нормалари такомиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун жавобгарлик нормаларини аниқлаштириш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларга жалб этилишининг олдини олиш, миллий хавфсизликни таъминлаш ҳамда тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашдан иборат.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.