Ўзбекистон Хитой билан стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Хитойга амалий ташрифи доирасида Пекин шаҳрида Хитой бош вазири Ли Цян билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон—Хитой муносабатлари изчил ривожланаётганини қайд этиб, юқори даражадаги мулоқотлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Абдулла Арипов Ўзбекистон Хитойни ишончли ва узоқ муддатли стратегик шерик сифатида баҳолашини билдирди. У мамлакат «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлашини ҳам тасдиқлади.
Музокараларда савдо, инвестиция, энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги лойиҳаларда фаол иштирок этиш, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш ва кўп томонлама мувофиқлашувни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Шунингдек, томонлар халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мулоқотларни давом эттириш, барқарор тараққиёт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.