Ўзбекистонда жорий иш ҳафтасининг биринчи ярмида ҳарорат иқлимий меъёрга яқин бўлган бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳафтанинг иккинчи ярмида эса кундузги ҳарорат 2–3 даражага кўтарилади.
Бу ҳақда Ўзгидромет хабар қилди.
Қайд этилишича, 24–28 август кунлари кундузлари ҳаво ҳарорати 32–35 даража атрофида бўлади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат 35–38 даражага, жанубда эса 39–40 даражагача кўтарилади.
Кечалари ҳаво ҳарорати асосан 18–23 даража бўлиши кутилмоқда.
24–28 август кунлари республика ҳудудида ҳаво бироз булутли, айрим жойларда ўзгарувчан булутли бўлади. Фақат бугун Тошкент ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол 7–12 м/с тезликда эсади. 24 август куни айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Тошкентда 24–26 август кунлари кундузги ҳарорат 32–35 даража, 27–28 августда 35–37 даража бўлади. Кечалари ҳаво ҳарорати 18–21 даража атрофида сақланади.
Пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади, 24 августда 11–14 м/с гача кучайиши ва айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.