Тадбирда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Парламентлараро иттифоқ котибияти раҳбарияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Конференцияни Олий Мажлис Сенати Раиси, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева очиб берди.
Таъкидланганидек, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида республика бўйлаб юзлаб тадбирлар ташкил этилади. Жумладан, парламент эшитувлари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари, илмий-амалий конференциялар, форумлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, маҳаллаларда учрашувлар, тарғибот тадбирлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда махсус медиа-лойиҳалар амалга оширилади.
Қайд этилишича, ойликдан кўзланган асосий мақсад аҳолида Барқарор ривожланиш мақсадлари ғояларига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кенг тарғиб қилиш ҳамда умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.
Анжуманда сўзга чиққан маҳаллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистон 16 та миллий Барқарор ривожланиш мақсади ва 126 та вазифани қабул қилиб, уларни «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг устувор йўналишлари билан тўлиқ уйғунлаштирганини таъкидлади.
Маълум қилинганидек, амалга оширилган ислоҳотлар самарасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг 70 фоиздан ортиғи бўйича сезиларли ижобий натижаларга эришилган, 45 фоизи бўйича эса белгиланган кўрсаткичлар тўлиқ бажарилган.
Шунингдек, мамлакатда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизга қисқарган. Мактабгача таълим билан қамров 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 8,3 фоиздан 47,7 фоизга етган.
Давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 27 фоиздан 35 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда эса 32,5 фоизга етгани қайд этилди.
Таъкидланишича, изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2026 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 167 давлат орасида 65-ўринни эгаллади.
Конференция иштирокчилари ушбу натижалар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш ва барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилаётганининг яққол исботи эканини таъкидлади.