Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти жорий йилнинг март–апрель ойларида оилаларнинг бахтлилик даражасини ўрганишга қаратилган социологик сўровнома натижаларини эълон қилди.
Қайд этилишича, сўровномада Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳридан жами 12 697 нафар респондент иштирок этган.
Тадқиқотда оилаларнинг бахтлилик даражаси 8 та асосий индикатор ва 21 та субиндикатордан иборат интеграл индекс асосида баҳоланган. Унда иқтисодий фаровонлик, демографик барқарорлик, соғлом ҳаёт кечириш, таълим имкониятлари, иш билан таъминланганлик, оилавий ҳаётдан қониқиш, оилавий қадриятлар ҳамда давлат хизматларидан мамнунлик даражалари ўрганилди.
Методикага кўра, бахтлилик индекси –1 дан +1 гача бўлган оралиқда баҳоланади. +0,5 дан юқори кўрсаткич «юқори» даража сифатида эътироф этилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди. Бу кўрсаткич оилаларнинг бахтлилик даражаси юқори эканини кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, мазкур индекс 2023 йилда 0,560 балл, 2025 йилда 0,611 балл бўлган бўлса, 2026 йилда 0,618 баллга етган. Шу тариқа, сўнгги тўрт йилда бахтлилик индекси ўртача 0,058 баллга ошган.
Тадқиқотда бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ҳам ижобий ўсиш қайд этилди:
— иқтисодий фаровонлик индикатори 2025 йилдаги 0,414 баллдан 2026 йилда 0,439 баллга ошган;
— иш билан таъминланганлик кўрсаткичи 2023 йилдаги 0,337 баллдан 2026 йилда 0,489 баллга етган;
— давлат органлари ва давлат хизматларидан қониқиш даражаси 2023 йилдаги 0,372 баллдан 2026 йилда 0,514 баллгача кўтарилган;
— таълим олиш имкониятлари индикатори 2023 йилдаги 0,399 баллдан 2026 йилда 0,522 баллга етган;
— соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги индикатори 0,596 баллдан 0,605 баллга ошган.
Шунингдек, оилавий ҳаётдан қониқиш ва бахтлиликни ҳис қилиш индикатори 2023 йилдаги 0,667 баллдан 2026 йилда 0,750 баллгача ўсган.
Оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти бўйича кўрсаткич ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Ушбу индикатор 2023 йилда 0,720 балл бўлган бўлса, 2026 йилда 0,793 баллга етган.
Демографик барқарорлик индикатори эса сўнгги йилларда барқарор юқори кўрсаткични сақлаб қолган бўлиб, 2026 йилда 0,831 баллни ташкил этган.
Тадқиқот муаллифлари қайд этишича, мазкур натижалар мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, оила институтини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган давлат сиёсати самараларини акс эттирмоқда.