Душанба куни кундузи республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида беқарор об-ҳаво сақланиб туради. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +23...+26 даражани ташкил этади. Шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда эса ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилиб, ҳарорат +27...+32 даражагача кўтарилади.

5–7 май кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир бўлиши мумкин.

8 май куни эса жанубий ва шарқий вилоятлардан ташқари айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Шу кунларда ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, кечалари +17...+20 даражагача, кундуз кунлари +32...+35 даражагача, жанубда эса +38 даражагача етади.

Шунингдек, 6–7 май кунлари шимол ва чўл ҳудудларда, 8 май куни эса республика бўйлаб айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, баъзи ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 4, 5 ва 8 май кунлари айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир, момақалдироқ бўлиши, 4 май куни эса сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд.