Давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида кўплаб масалалар тилга олинди. Мавжуд камчиликлар билан бир қаторда эришилган ютуқлар ҳақида ҳам сўз борди.
Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит эвазига 150 мингта лойиҳа ишга туширилгани, 325 мингта иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шунингдек, 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшнинг бандлиги таъминлангани, 32 мингдан зиёд йигит-қизга субсидия орқали зарур ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилгани таъкидланди. Бу каби амалий ишлар, энг аввало, ёшларни руҳлантиради. Улар ёлғиз эмаслигини, ҳар томонлама қўллаб- қувватланишини эслатиб туради.
Ёшлар масаласи эътибор марказидан ўрин олгани, давлатимиз раҳбари бу масалага қайта-қайта тўхталаётганининг сабаблари бир талай. Авваламбор, аҳолининг ярмидан кўпроғини ташкил этадиган ёшлар йирик қатлам, катта куч. Куч-қувватга тўла, ғайратли бўлгани учун улар бошқа гуруҳларга нисбатан фаол ва мослашувчан. Навқирон авлод вакиллари янгиликларга очиқ бўлгани боис, инноваторлиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб туради. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшлар ўз мақомини оширишдан, янги ижтимоий вазифаларни ўзлаштиришдан манфаатдор. Энг асосийси, улар жамиятнинг бир бўлаги, унинг муҳим таркибий қисмидир. Шунинг учун ёшлар муаммоларига бутун жамиятнинг муаммоси сифатида қараш лозим.
Энг катта эътибор эса ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар ўргатиш, бизнесдаги таваккалчилик ва хатарларни тушунтириш, уларни маънавиятли этиб тарбиялашга қаратилмоқда. Чунки айнан замонавий билимлардан бохабар, касб-корга эга, маънавиятли йигит-қизларгина фаровон турмушини қура олади, жамиятда ўрнини топишга муваффақ бўлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва ёшларнинг интилишини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган ташкилотимиз ҳам ушбу видеоселектор йиғилишидан сўнг бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиради. Хусусан, “e-kasb” онлайн платформаси орқали ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, йирик ишлаб чиқариш корхоналарига бизнес саёҳатлар уюштириш ҳамда тадбиркорликка оид билимини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этиш, ёш ишбилармонларнинг халқаро бизнес форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Ёш тадбиркорлар маҳсулотларининг кўргазма-савдо ярмаркаларини ташкил этиш, уларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлар кўрсатиш, имтиёзли кредит ажратилишига, бизнес лойиҳаларини оилавий тадбиркорлик дастурларини молиялаштиришга кўмаклашиш, ҳар бир маҳаллада етакчи ишбилармонлар жамоасини шакллантириш орқали қарийб 800 минг ёшни қамраб олишни режалаштирдик.
Тўғри, юксак марраларни забт этишни мақсад қилаётган юртимиз учун бу рақамлар жуда кичик. Аммо “Ҳаракатда — баракот” деганларидек, рақамлар яна ошиб бораверади. Бундан ташқари, бугун ҳар бир масъул идора раҳбари вазифаларининг энг аввалига ёшлар билан иш олиб боришни қайд этиб қўйган. Чунки замон талаби шундай. Ҳокимлар, ҳар бир идора раҳбари ёшлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Бундай мулоқотларда эса уларнинг жуда кўп муаммоси қисқа муддатда ечим топмоқда. Зотан, бир йигит ёки қизнинг ҳаётига оид муаммонинг ижобий ечимини топиш келажакда бир оиланинг фаровонлиги ва мустаҳкамлигига қўйилган пойдевор бўлади. Ташкилотимиз томонидан бу борада ҳам амалий ишлар режалаштирилиб, хусусан, етакчи тадбиркорлар томонидан шогирд тайёрлаш амалиётини жорий этиш мақсад қилинди.
Дарҳақиқат, ёшлар мамлакатнинг чинакам олтин фонди экани бугун янгиланиб бораётган Ўзбекистонда тобора ўз аксини топмоқда. Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида баён қилинган, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, вазифалар зиммамизга катта масъулият юклайди. Барча бўғинлардаги тузилмаларимиз, фаол ларимиз бир ёқадан бош чиқариб, белгиланган вазифалар ижроси таъминланишига кўмаклашиши лозим.
Хайрулла САТТОРОВ,
“Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори.
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2023 йил 14 апрель, 72 сони)