Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш борасидаги мажбурияти кучайтирилди. Бу, шубҳасиз, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари яқинда мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Ушбу тақдимотда мактаб таълимини ривожлантириш, умумтаълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш ва уларни рағбатлантиришга доир ишларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилиниши, юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлар аро интеграцияси таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, янги ўқув йилидан информатика фани 1-синфдан ўқитилиши, малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорда устама тўланиши белгиланмоқда. Ушбу ислоҳотлардан асосий мақсад эса таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, жамиятимизда муаллимнинг обрўэътибори, ўрни ва таъсирини кучайтиришдир. Яқин йиллардан буён давлатимиз раҳбарининг умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига табрик йўллаши ажойиб анъана тусига кирди.
Куни кеча ҳам мана шу табрикнинг навбатдагиси эълон қилинди ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида ўқиб эшиттирилди. Бу қутлов нафақат кўзи порлаб, катта ҳаётга қадам қўйиш остонасидаги йигитқизларни, балки биз, ўқитувчи-мураббийларни ҳам беҳад руҳлантирмоқда. Зиммамиздаги масъулият залвори ва аҳамиятини эслатмоқда. Президентимиз ҳар гал муаллимларга мурожаатида халқнинг фарзандлари биз, устозларга ишониб топширилганига алоҳида эътибор қаратади. Шу билан бирга, ўғил-қизларга сифатли таълимтарбия беришимиз учун кенг имкониятларни муҳайё этмоқда.
Бу шароитлар қонунчиликдан тортиб амалий саъй-ҳаракатларгача ўз ифодасини топмоқда. Президентимизнинг битирувчиларга қарата: “Сизларнинг жамиятда муносиб ўрнингизни эгаллашингиз учун жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ҳам яқин кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади. Бундай эзгу мақсад йўлида уларнинг эшиклари доимо сизлар учун очиқдир.
Ишончим комилки, сизлар яратилган ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, келгусида юртимиздаги замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, каттакатта фирма ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотларида меҳнат қилиб, ўз билим ва малакангиз билан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшасиз”, деган сўзлари ёшларни ўқиш, изланиш, янги зафар марралари сари дадил қадам ташлашга ундайдиган юксак ишончдан далолатдир.