Хўш, бу муқаддас қадамжоларга, зиёратгоҳларга яна ҳам кўпроқ сайёҳларни жалб этиш учун нималар қилиш керак? Қуйида биз бу борадаги Туркия давлати тажрибаси ҳақида сўз юритамиз.

Кино ва туризм

Туркияда кино ва туризмни ёнма-ён қўйишади. Хўш, бу икки соҳанинг қандай ўзаро боғлиқлик жойи бор? Албатта, ўзига хос тарихга эга бу мамлакат уч томонидан денгизлар билан ўралган, қулай оби ҳаво шароити, дам олиш учун жуда катта сув ҳавзалари билан машҳур. Лекин ҳамма ҳам бу ўлкага чўмилиш ёки дам олиш учун ташриф буюрмайди. Туркияда зиёрат туризми кенг ривожланган. Бунда эса, шубҳасиз, тарихий фильмлар ва сериалларнинг ўрни катта.

«Муҳташам юз йил» телесериалини барчамиз севиб томоша қилганмиз. Унда реал ҳаётга яқин тарихий воқеалар – Усмоний ҳукмдорлар ҳаёти кўрсатиб берилган. Бу фильм телевизор экранларига чиққандан сўнг Туркияга борадиган сайёҳлар сони бир неча марта ортиб кетган. Чунки одамларда султон Сулаймон ҳукмронлик қилган даврдаги саройлар, султоннинг ўзи, ўғиллари, хотинлари дафн этилган жойларни бориб кўриш истаги туғилган.

Ҳақиқатан ҳам, Европа ва Осиёни боғлаб турувчи Истанбул шаҳрида кўрадиган, томоша қиладиган манзиллар, зиёратгоҳлар кўп. Лекин султон Маҳмуд томонидан салкам 7 гектар ерда бунёд этилган «Тўпқопи» саройини кўрмасдан кетсангиз, бу улкан кентга келганингиз бекор. Бунинг сабаби ўша «Муҳташам юз йил» фильми.

Туркияда туристлар оқимини кўпайтиришда, шубҳасиз, «Муҳташам юз йил»нинг мантиқий давоми бўлган «Кўсем» сериалининг ҳам алоҳида ўрни бор. Сайёҳлар айнан Кўсем, унинг фарзандлари ва неваралари қабрларини зиёрат қилиш учун ҳам Туркияга, Истанбулга боришади.

Яқинда мамлакатимиз телеэкранларида «Эртўғрил» фильми пайдо бўлди. Усмонийлар империяси асосчиси Усмоннинг отаси Эртўғрил ҳақидаги телесериал яратилганига ҳали жуда кўп бўлгани йўқ. Лекин турк сайёҳлик бюролари вакилларининг айтишича, илгари кўпчиликка маълум бўлмаган Эскишеҳер шаҳри яқинидаги Сёгют шаҳарчасига Эртўғрил ва унинг сафдошлари, турмуш ўртоғи Ҳалима хотуннинг қабрини зиёрат қилиш учун йилига 2 миллион нафарга яқин маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ташриф буюраётган экан. Мана, кинонинг кучи, қудрати.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, нега шу пайтгача улуғ боболаримиз, дейлик дунёнинг жуда катта қисмини забт этган, буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳақида фильм ишланмаган. Тўғри, собиқ шўролар даврида Амир Темур қораланганди, босқинчи сифатида талқин қилинар эди. Мустақилликка эришганимиздан кейин-чи? Албатта, истиқлол даврида буюк бобомиз ҳақида фильм яратишга ҳаракатлар бўлди, лекин бу фильм Ўзбекистондан ташқарига чиқмади.

Бундан ўн йиллар бурун Париж яқинидаги бир лицейда учрашувда иштирок этган эдим. Тадбирда лицей ўқитувчилари билан очиқ мулоқот қилдик. Мен лицейда жаҳон тарихи фани қандай ўқитилиши билан қизиқдим. Буюк Амир Темур ҳақида сўрадим. Жаҳон тарихи фанидан дарс берувчи ўқитувчилар Амир Темурни билишмади. Айримлари бу номни эшитганини, лекин тарихини билмаслигини айтди.

Эътибор беринг, жаҳон тарихида дунёни эгаллаган, буюк империялар ташкил этган саркардалар бармоқ билан санарли даражада оз. Лекин нисбатан Амир Темур шахсига қизиқиш кучлироқ бўлган Францияда ҳам тарих дарсликларида улуғ бобомиз ҳақида маълумот йўқ. Киночиларимиз буюк Амир Темур босиб ўтган шонли йўлни, у Европани Усмонийлар истилосидан сақлаб қолганини, Самарқандга Европа мамлакатларидан элчилар келганини, улар билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганини, хатлар ёзилганини кўрсатувчи фильм суратга олишса, ишончим комилки, бу кинони бутун дунё катта қизиқиш билан томоша қилади. Самарқандни, Шаҳрисабзни, Амир Темур мақбарасини, унинг авлодлари қурган иморатларни зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.

Мирзо Улуғбек шахси ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Буюк астроном, математик, шу билан бирга адолатпарвар шоҳ, ўн бешинчи асрда юлдузлар олами билан қизиққан, обсерватория қурган инсон ҳақида фильм ишланса, ҳеч шубҳасиз, дунё кино мухлислари севиб томоша қилишади. Ёки Бобурнинг Андижондан Ҳиндистонгача босиб ўтган йўли, унинг темурийзодалар, Шайбонийхон билан муносабатлари ва жанглари кимни қизиқтирмайди. Бири-биридан бачкана фильмлар ўрнига шундай улуғ инсонларимиз ҳақида биттагина яхши кино яратсак аъло иш бўларди. Шундай эмасми?

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бундай фильмларни яратиш учун жуда катта маблағ керак, албатта. Лекин катта маблағ тикиб яратилган фильмлар, албатта, ўзини оқлайди.

Яқинда Туркияга сафаримиз чоғида биз бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар «Мендирман Жалолиддин» сериали суратга олинган кинопавильонни бориб кўрдик. «Эртўғрил» сериали ҳам шу ерда суратга олинган экан. Жуда катта ҳудудни эгаллаган тасвирга олиш майдонини қуриш учун миллионлаб АҚШ доллари сарфланган. Лекин бу ерда олинган фильмларни кўриб, юқорида айтганимиздек, дунёнинг барча бурчакларидан миллионлаб сайёҳлар Туркияга сафар қилмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, бугун телеэкранларимизни эгаллаб олган турк сериалларининг ҳаммасида Истанбулнинг ва бошқа шаҳарларнинг одамларни ўзига жалб қиладиган манзиллар – Осиё ва Европани боғловчи кўприк, денгиз бўйларидаги ресторан ва кафелар, чиройли табиат манзаралари кўрсатилади. Аслида бу ҳам юртга сайёҳларни жалб этишнинг, мамлакатни реклама қилишнинг бир йўли.

Яна бир гап. Ўзбекистондаги Туркия элчихонасининг Маданият ва туризм бўйича маслаҳатчиси Алпарслон Акинжининг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган бир тадбирда таъкидлашича, бу мамлакатда ота юртларига қизиқиш жуда кучли. Туркия фуқаролари Ўзбекистонга келмаган бўлса ҳам унга бўлган муҳаббати ва соғинчи сабаб уйларининг деворига Бухоро ё Самарқанддаги обидалар расмини осиб қўйишган. Туркияда нақшбандийлик таълимотига эргашувчи ва татбиқ қилувчи 30 миллионга яқин аҳоли бор. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам Нақшбанд ҳазратлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқати ҳақида кинофильм ишланса, Ўзбекистонга зиёратчиларнинг катта оқими келишига сабаб бўлиши аниқ. Нақшбандни фақат Туркияда эмас, бутун мусулмон оламида яхши билади. У мангу қўниб топган қадамжони зиёрат қилишни истаганлар жуда-жуда кўп.

Устозлар устози

Туркия зиёрат туризми ҳақида гап кетса, биринчи бўлиб Жалолиддин Румий ҳазратлари тилга олинади. У жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири. Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари Мавлонони ўзларига устоз деб билган.

Машҳурликда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Саъдийнинг «Гулистон»и, Ҳофизнинг «Девон»и билан бир қаторда турадиган Румийнинг «Маснавийи маънавий»сини олимлар инсон маънавий ҳаётининг қомуси деб билишади. Уни нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ихлос билан ўрганишган. Машҳур итальян ёзувчиси Жовани Боккаччо «Маснавийи маънавий»даги қатор ҳикоятлар асосида новеллалар яратгани маълум.

Буюк мутафаккир Жалолиддин Румий 1207 йилнинг 30 сентябрида ҳозирги Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ уни саройга таклиф этган. Лекин Баҳоуддин Валад унинг таклифини қабул қилмай, мактабдорлик ва илмий-ижодий иш билан шуғулланган. Жалолиддиннинг бувиси эса хоразмшоҳнинг қизи бўлган. Кейинроқ Валад оиласи, муридларини олиб, Балхдан кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Кўня шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим яшаб қолади. Валаднинг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Жалолиддин Кўня мадрасасининг бош мударриси бўлади.

Ҳазрат Алишер Навоий «Устозлар устози» деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса «У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор» деб улуғлаган Мавлоно Жалолиддин Балхий-Румий 1273 йилнинг 17 декабрь куни вафот этади.

Мавлоно номи билан юритилувчи мажмуа бугун, шубҳасиз, Кўнянинг асосий сайёҳлик объекти ҳисобланади. Мажмуага киришингиз билан бу ерда таралаётган ҳазин най навоси бутун вужудингизни қамраб олади. Куй сеҳридан маст бўласиз. Маълумотларга қараганда, Румий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилиш учун шаҳарга ҳар йили ярим миллион нафар хорижлик, 1,5 миллион нафар маҳаллий туристлар саёҳат қилишади.

Хўш, бунга қандай эришилган. Румийнинг китоблари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бу улуғ зот ҳақида ҳужжатли фильмлар ишланган. Бундан ташқари, ҳар йили Мавлоно вафот этган кун – 17 декабрда Шаби Арус маросими ўтказилади. Унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан журналистлар, дин пешволари, сиёсатчилар иштирок этади. Масалан, 2020 йилнинг 17 декабрь куни ҳам пандемияга қарамай, шу тадбир ташкил этилди. Айнан Мавлоно номи билан аталадиган маданият саройида, қатъий карантин талаблари остида бўлиб ўтган тадбирга, дунёнинг турли давлатларидан олимлар, мавлавия тариқати намояндалари, журналистлар, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирлиги, мамлакат парламенти ҳамда Кўня шаҳри ҳокимлиги раҳбарлари қатнашдилар. Яна бир муҳим жиҳат – Кўняда Мавлоно Жалолиддин Румий шахси шу даражада улуғланадики, гўё одамлар шундан нафас олаётгандек. Бундан кўриниб турибдики, туризмда, айниқса, зиёрат туризмида тарғиботнинг ўрни ҳам жуда муҳим.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотрудий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Сўфи Оллоёр, Занги ота каби кўплаб ислом оламидаги буюк боболаримизнинг қабрлари таъмирланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Ислом дунёсида уларнинг обрўси жуда баланд. Сўнгги йилларда чегараларимиз сайёҳлар учун кенг очилди. Эндиги вазифа бу улуғ зотлар фаолиятига бағишланган турли тадбирлар уюштириш, ислом давлатларидаги туристик фирмалар билан алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Яна ижтимоий тармоқларга, хорижий интернет сайтларга бу инсонлар ҳақида инглиз, француз, араб ва бошқа хорижий тилларда мақолалар, суратлар жойлаштиришимиз лозим. Ишончим комилки, шу ишларни йўлга қўя олсак, Ўзбекистонда зиёрат туризми етакчи ўринга чиқади.

Тарихингдир минг асрлар...

Туркиянинг Кўня шаҳридан 35-40 километр четроқда Чатал ҳўюк номли тепалик бор. Кўняга ташриф буюрган сайёҳ, албатта, бу тепаликни ҳам бориб кўради. Сабаби тарихчиларнинг айтишича, инсоният бундан ўн минг йиллар аввал, яъни илк бор ғордан чиқиб яшашни бошлаган кезлари, биринчи марта шу ерда ўзига уй қуриб яшаган экан. Айтишларича, тепалик ўрнида кичик шаҳарча бўлган. Шуниси қизиқки, бу уйларнинг эшиги бўлмаган. Одамлар уйига томдаги тешикдан тушишган. Улар шу йўл билан ўзларини йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан ҳимоя қилган.

2012 йилда ЮНEСКОнинг маданий мерос обидалари рўйхатига киритилган бу тепаликдаги уйлар асосан ғишт ва ёғочдан қурилган. Шуниси эътиборлики, олиб борилган қазиш ишларидан сўнг уни шу ҳолатда сақлашга катта эътибор қаратилган. Қазиш ишлари олиб борилган майдоннинг усти ёмғир ва қор ўтказмайдиган қилиб ёпилган. Эски деворлар қулаб кетмаслиги учун қазилган жойлар қум тўлдирилган қоплар билан мустаҳкамланган. Бундан чиқадиган хулоса шуки, бизнинг юртимизда ҳам қазиш ишлари олиб борилган ва олиб борилаётган манзиллар бисёр. Уларни шундайлигича ёмғир ва қорлардан сақлаш учун турк дўстларимизнинг усулидан фойдалансак яхши бўлади.

Шу ўринда бир гап. Бизнинг мамлакатимизда ҳам ёши Чатал ҳуюк билан тенг бўлмаса ҳам аҳамияти жиҳатидан ундан қолишмайдиган тарихий ёдгорликлар бор. Масалан, қазиш ишлари натижасида қадимги Термизда жуда кўп будда ёдгорликлари, бинолари топилган.

Бу шаҳарда I асрдан бошлаб улкан буддавийлик иншоотлари қурилган. Улардан бири умумий майдони 8 гектар, ер остида ва устида қурилган иморатлар мажмуасидан иборат Қоратепа буддавийлик мажмуасидир. Шунингдек, Фаёзтепа ва Зўрмолада ҳам буддавийлик монастирлари бўлган.

Бу диний иншоотлардан топилган санъат намуналари ҳозир Ўзбекистон давлат тарихи музейи, Термиз археология музейи ҳамда Термиз ва Термизийлар мероси тарихи музейи кўргазмалар залларини безаб турибди. Аслида улар дунёнинг энг машҳур музейларидан жой олишга арзигулик манбалардир.

Ҳа, кўҳна Термизнинг ҳар бир иншооти, ҳеч бир муболағасиз, катта бир музей. Масалан, Қоратепага ташриф буюрадиган сайёҳлар бу жойда қазиб очилган иншоот қолдиқларини кўриб лол қолади. Бу манзилга нисбатан қизиқиши ортиб, қайта-қайта томоша қилгиси келади. Айни пайтда Фаёзтепа замонавий сайёҳлик манзилига айлантирилди. Лекин масаланинг иккинчи жиҳати, бу ерга етарлича сайёҳларни жалб қила олмаяпмиз. Чунки бу ерда шундай ноёб ёдгорлик борлигини ҳамма ҳам билавермайди.

Бугун дунёда 450-500 миллион нафар будда дини вакиллари яшайди. Хўш, қадимги Термизда шунчалик буддавий иморатлар кўп экан, нега бу ҳақдаги маълумотларни асосий дини буддизм бўлган Бутан, Комбоджа, Лаос, Мянма, Таиланд каби, шунингдек, аҳолисининг маълум қисми бу динга сиғинадиган Ҳиндистон, Жанубий Корея, КХДР, Хитой, Монголия, Непал, Шри-Ланка, Япония каби мамлакатларда тарғиб қилмаймиз. Бу обидалардан хабардор бўлган япон, хитой, корейс ёки бошқа миллат вакиллари, албатта, Термизга бир келиб кетади. Бунга ҳеч шак-шубҳа йўқ.

Уларни сақлаш масаласини ҳам ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Айни пайтда юртимизнинг кўплаб тарихий манзилларида қазиш ишлари олиб бориляпти. Лекин қазилган манзилларни шу ҳолатда сақлаш ҳам муҳим иш. Юқорида таъкидлаганимиздек, уларнинг устини ёпиш, деворлари қулаб тушмаслиги учун барча чораларни кўришимиз шарт. Шунда бу ерларга сайёҳларни бемалол бошлаб бора оламиз.

Ибратли ишлар

Албатта, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида ибратли ишлар бошланган. Бунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси кўрсатяпти. Яқинда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари билан юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш масаласига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда сўнги йилларда республикамизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, бунда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифи, мамлакатимизда туркиялик тадбиркорларнинг кўпайиб бориши ва турли соҳалардаги тажриба алмашувлар соҳа ривожига катта туртки бўлаётгани таъкидланди. Бу борада 2018 йилда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ўртасида англашув меморандуми имзолангани муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Тадбирда зиёрат туризмини амалий жиҳатдан ривожлантириш бўйича 2021 йилда Туркия Диёнат ишлари бошқармасига қарашли 81 нафар вилоят бош имом хатибини Самарқанд ва Бухорога зиёратини уюштириш, Туркия Диёнат бошқармаси ўтказадиган бош имом хатиблар учрашувини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича таклиф билдирилди. Шу иш бўйича мутасаддилар 2021 йилга мўлжалланган йўл харитасини тайёрлаши мақсадга мувофиқ эканлигини айтилди.

Шунингдек, «Умра+” дастури бўйича Индонезия билан келишувларга эришилган, Покистон билан музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида «Муслим тур», Бухорода «Мир Араб тур» масъулияти чекланган жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Туркия томонининг хоҳишига кўра, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси қошида «Вақф тур» туризм ташкилоти билан ҳамкорликда Бухоро ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейслар ташкил этиш масаласи ҳукумат доирасида муҳокама қилинмоқда.

Шуни унутмаслик лозимки, Туркия телерадиокомпанияси дунёдаги йирик оммавий ахборот воситалари орасида энг катта бешталикка киради. ТРТ тасарруфида 14 та телеканал, 35 та радиоканал бор ва улар 48 тильда дунёга ахборот тарқатади. Биз бу имкониятдан тўлароқ фойдаланишимиз мумкин. Бунинг учун турк телеканалларига Ўзбекистоннинг тарихий жойлари ва буюк дин ва маданият арбоблари ҳақидаги рекламаларни, бадиий ва ҳужжатли фильмларни кўпроқ жойлаштиришимиз лозим бўлади.

Яна нималар қилишимиз керак?

Мамлакатимизда зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун яна нималар қилиш керак? Туркия ва бошқа давлатлар тажрибасига суянадиган бўлсак, аввало, Кувайт, Қатар, Оман, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Туркия, Покистон, Эрон каби мамлакатлар билан туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини яна ҳам кучайтириш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ислом давлатлари туризм вазирликлари ўртасида икки томонлама келишувларга эришиш лозим.

Шунингдек, юртимизда хорижий туризм компаниялари иштирокида учрашувлар ва семинарлар ташкил этиш, ислом давлатлари учун Ўзбекистон зиёратгоҳларини ёритиб берувчи махсус ахборот ресурсларини тайёрлаш, нашрлар чоп қилиш, республикамиздаги диний уламолар ва зиёратгоҳлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассамлаштирган музейлар ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, зиёратгоҳларга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун тарихий обидаларимиз ва ислом дини бўйича билимга эга, араб ҳамда инглиз тилини мукаммал биладиган гид-таржимонларни тайёрлаш, юртимиздаги ислом дунёсида машҳур бўлган диний уламолар ва бу улуғларимизнинг зиёратгоҳлари рўйхатини тузиш, уларнинг ягона туризм йўналишини, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё минтақаларининг ҳар бирида алоҳида диний зиёратгоҳлар харитасини ва йўналишларини ишлаб чиқиш зарур.

Яна бир гап. Зиёрат туризми сайёҳлари учун ва уларнинг талабига мос равишда кичик меҳмонхоналар, жойларда ҳалол бренди асосида овқатлар тайёрлаш ташкил этилса, ҳалол овқат тайёрлайдиган овқатланиш корхоналарнинг рўйхати тузилиб, уларнинг электрон харитасини ишлаб чиқилса яхши иш бўларди.

Масжидларда ва зиёратгоҳларда зиёрат туризми бўйича келган аёл сайёҳлар учун махсус алоҳида намоз ўқийдиган жойларни ташкил этиш, махсус «очиқ эшиклар куни» каби тадбирларни ўтказиш, хориждан келадиган зиёратчиларни жалб қилиш учун махсус чегирмалар асосида диний туризм маршрутлари ишлаб чиқиш ҳам яхши натижа беради, деб ўйлаймиз.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ