Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти ҳамда унинг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишда миллий матбуотнинг ўрни, босма нашрларнинг бугунги ахборот маконидаги аҳамияти ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев оммавий ахборот воситалари халқ билан давлат ўртасидаги мулоқотни таъминлайдиган муҳим ижтимоий институтга айланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни холис ва таҳлилий ёндашув асосида ёритиб келмоқда. Айниқса, Жиззах вилоятида иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, инновациялар ва ёшлар сиёсатига оид материалларнинг мунтазам чоп этилаётгани аҳолининг ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаётгани қайд этилди.
Очиқ мулоқотда сўзга чиққан Салим Дониёров рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда ҳам босма матбуот ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, газета нафақат ахборот манбаи, балки даврнинг ишончли солномаси ва келажак авлод учун тарихий ҳужжат ҳисобланади.
Тадбирда «Правда Востока»нинг бир асрдан зиёд тарихга эга экани, «Янги Ўзбекистон» газетаси эса мамлакат тараққиётининг янги босқичидаги ғоя ва мақсадларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ахборот майдони бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, ҳар икки нашр босма ва рақамли платформаларни уйғунлаштирган конвергент таҳририят сифатида фаолият юритиб, QR-кодлар, веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчиларга қўшимча имкониятлар яратаётгани айтилди.
Учрашув доирасида Салим Дониёровнинг «Янги Ўзбекистон орзуси» китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Асарда давлат раҳбари билан илк интервью, давлат ва жамоат арбоблари билан суҳбатлар, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари, инсон қадри, маънавият, ватанпарварлик ва Янги Ўзбекистон ғоясига бағишланган материаллар жамланган. Китобнинг иккинчи қисмида эса муаллифнинг турли мавзулардаги таҳлилий мақолалари ўрин олган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, газетхонликни тарғиб қилишга қаратилган савол-жавоблар ташкил этилди ва фаол қатнашган ёшларга таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
Қайд этилишича, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририятининг ижодий учрашувлари аввал Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ўтказилган. Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида бундай учрашувларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган.