Ана шундай муборак манзиллардан бири Зоминдир. Бу ном бугун фақат Жиззах вилоятидаги сўлим тоғ бағридаги гўзал гўша эмас, балки ёш истеъдодлар тақдирини белгилаб берувчи адабий мактаб сифатида ҳам алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарининг ўзига хослиги шундаки, у оддий танлов ёки ижодий кеча эмас. Бу ерда шеърлар, ҳикоялар, мақолалар, драмалар, бадиий таржималар ва бошқа жанрлардаги асарлар муҳокама қилинади, таҳлил этилади. Энг муҳими, бир саф китобхонлар тарбияланади, уларнинг қалблари юксалади, ўзига танқидий қарай оладиган ижодкор шаклланади. Семинарнинг мақсади ҳам айнан ёшлар қалбидаги истеъдод учқунларини алангага айлантириш, бу истеъдод йўқолиб кетмаслиги ё хиралашиб қолмаслиги учун кўп мутолаа ва меҳнат қилиш зарурлигини англатишдир.

2026 йилдаги семинар ҳам ана шу эзгу анъананинг мантиқий давоми бўлди. Зоминда 7-9 июль кунлари “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига қарашли оромгоҳда ўтказилган мазкур анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан сараланган 136 ёш ижодкор иштирок этди. Улар шеърият, наср, бадиий публи­цистика, таржима, болалар адабиёти, адабий танқид ва драматургия каби йўналишларда ижод намуналари билан иштирок этиб, устоз­лар сабоғидан баҳраманд бўлиш, тенгдошлари ижодини кузатиш имконига эга бўлди.

Зомин тоғлари сари йўл пойтахтдан, Адиб­лар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойидан бошланди. Иштирокчилар энг аввал мутафаккир шоир хотирасига эҳтиром кўрсатиб, пойига гул қўйди. Бу рамзий тадбир ҳар бир ёш қаламкаш учун адабиётнинг муқаддас масъулиятини яна бир бор ҳис эттирди. Кейин эса соҳанинг масъул вакиллари бошчилигида Зомин сари йўл олинди. Йўлда ҳар кимнинг кўнглида турлича ҳаяжон, турлича орзу, кимдир ўз устози билан учрашишни интизорлик билан кутар, кимдир илк бор шеърларини халқ шоирига ўқиб бериш ҳақида ўйлар, яна кимдир келажакдаги илк китобининг йўли айнан шу ердан бошланишига ишонарди.

Тоғлар аслида инсонни сокинликка чорлайди. Аммо бу семинар ўтказиладиган паллада Зомин тоғлари ижодкорларни ёнишга, изланишга, фикрлашга, қалбининг энг теран қатламларига назар ташлашга ундайди. Шу боис, йиллар давомида бу маскан ўзбек адабиётининг ўзига хос лабораториясига айланди. Бу ерда устоз билан шогирд ўртасидаги масофа қисқаради. Машҳур адиб билан ёш ижодкор бир даврада ўтириб шеър муҳокама қилади, ҳикоянинг заиф ва кучли жиҳатларини биргаликда таҳлил этади. Ана шу муҳитнинг ўзи ҳаётдаги энг катта сабоқдир.

Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, ёш ижодкорлар учун кенг шароит ва имкониятлар яратиш борасидаги давлат сиёсатининг аҳамияти ҳамда янги давр ижодкорлари олдида турган масъулиятли вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ҳамда қатор таниқли устоз ижодкорлар ёш қаламкашларга самимий тилак ва ижодий ўгитларини билдирди.

Чиқишларда бир умумий ғоя яққол сезилиб турди: мамлакат келажагини маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди, маънавият таянчи эса адабиётдир. Шунинг учун ҳар бир ёш ижодкор нафақат яхши асар ёзишни, балки халқнинг дарди ва орзусини ҳис эта оладиган катта қалб эгаси бўлишни ўрганиши зарур.

Ушбу фикрлар Зомин семинарининг бутун руҳиятига ҳамоҳанг эди. Чунки бу масканда бўлажак ижодкорнинг шеър ёки ҳикоя ёзиш услубигина эмас, ёш қалбларнинг маънавий қиёфаси ҳам шаклланади. Биринчи кун якунида очиқ осмон остида устозлар ва ёшлар иштирокида анъанавий мушоира кечаси ташкил этилиб, унда шеърият байрами кўтаринки руҳда давом этди.

Семинарнинг иккинчи куни тадбирнинг амалий-ижодий босқичига ўтилди. Ёш ижодкорларнинг истеъдоди ва интилишларини тўғри баҳолаш, касбий йўналиш бериш мақсадида таниқли ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар, журналистлар, таржимонлар ва драматурглардан иборат устозлар гуруҳлари шакллантирилди. Ҳудудий босқичлардан муваффақиятли ўтиб, республика босқичига саралаб олинган иқтидорли ёшлар билан жами 7 та асосий адабий йўналиш бўйича махсус шўъбаларга бўлиниб, “устоз-шогирд” анъаналари асосида эркин мулоқот, жонли баҳслар ва чуқур таҳлиллар шаклидаги ижодий маҳорат дарслари ва семинар-тренинглар ўтказилди. Шу куни семинар иштирокчилари учун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон иштирокида маҳорат дарси ташкил этилди.

Ҳакамлар ҳайъати учун ижодкорнинг китобхонлиги, фикрлаш маданияти, дунёқараши, сўзга муносабати муҳим аҳамият касб этади. Ахир истеъдодни аниқ мезонларга солиб бўлмайди. Уни фақат ҳақиқий ижодкорнинг қалби ҳис этади. Шу боис, ҳакамлар учун энг асосий мезон ёш қаламкаш асаридаги самимият, ички овоз ва эртанги катта ижодкорга айланиш имкониятини, йўлларини, машаққатини кўра билиш бўлди.

Зомин семинари йиллар давомида неча-­неча машҳур шоир ва ёзувчиларни камолга етказган. Бу ерда бир вақтлар Абдулла ­Орипов, Эркин Воҳидов, Азим Суюн, Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджон, Абдували Қутбиддин, Луқмон Бўрихон каби устозлар сабоқ берган бўлса, кейинги йилларда Усмон Азим, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маматқул Ҳазратқулов, Назар Эшонқул, Ўктам Мирзаёр, Кенесбой Каримов каби кўплаб таниқли ижодкорлар янги авлодга маҳорат сирларини ўргатиб келмоқда. Демак, бу семинар авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ижодий кўприк вазифасини ҳам бажаради. Зоминга келган ҳар бир ёш ижодкор, энг аввало, ўзини синайди, қалами қай даражада пишганини, фикри қай даражада мустақиллигини, китобларни — жаҳон адабиётини, миллий адабиётимизни қанчалик мутолаа қилаётганини англайди. Бу ерда устозлар тайёр йўл кўрсатмайди, улар йўналиш беради, изланишга ундайди, қалб эшигини очади, қолганини эса ижодкорнинг ўзи топади.

Зомин семинарининг энг катта ютуғи шундаки, у ёш ижодкорни тайёр қолипларга солмайди. Аксинча, унга ўз овозини топишига кўмаклашади. Чунки адабиётда ҳеч ким иккинчисининг такрори бўлиб яшай олмайди. Ҳақиқий ижодкорнинг энг катта бойлиги унинг бетакрор овози, ҳаётга ўз нигоҳи, одамларга ўз муносабати ва сўзга ўз ишончидир.

Зоминда ҳар бир машғулот маъруза эмас, мулоқот тарзида кечади. Бу ерда устоз гапиради, шогирд тинглайди деган бир томонлама тартиб йўқ. Шеър ўқилади, ҳар бир мисра муҳокама қилинади. Ҳикоянинг композицияси, образлар тизими, тил хусусиятлари, публицис­тик мақоладаги фикр мантиғи, таржимадаги услубий ёндашувлар, мақол ва ҳикматлар таржималарида эътиборли жиҳатлар ҳақида эркин баҳслар юритилади. Ана шу баҳслар ёш ижодкорни фикрлашга, ўз асарига танқидий назар билан қарашга ўргатади.

Бу йилги семинарда ҳам шеърият, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима ва ­байналмилал адабиёт, болалар адабиёти, адабий танқид ҳамда драматургия каби етти асосий йўналиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Ҳар бир йўналишга мамлакатимизнинг таниқли шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунослари раҳбарлик қилди.

Шеърият шўъбасида Ўзбекистон халқ шоир­лари Маҳмуд Тоир, Хосият Бобомуродова, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, таниқли шоирлар Салим Ашур, Шоира Шамс, Муҳиддин Омон, Ғулом ­Абдиев, Сирожиддин Рауф каби устозлар иштирок этгани ёшлар учун катта бахт бўлди.

Наср йўналишида Хуршид Дўстмуҳаммад, Кенесбой Каримов, Нурилла Чориев каби қалам соҳиблари ёшлар билан суҳбатлашди. Пуб­лицистика шўъбасида эса замонавий журналис­тика ва бадиий тафаккур ­уйғунлиги ҳақида қизғин фикр алмашилди. Таржима йўналишида турли халқлар адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек китобхонига қандай руҳда етказиш масалалари муҳокама қилинди. Болалар адабиётида эса бола қалбига йўл топишнинг энг нозик жиҳатлари ҳақида фикр юритилди.

Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати иштирокчиларнинг таркибида эди. Рес­публикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, ижод мактаблари ўқувчилари ҳамда “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳасининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Швеция, Жанубий Корея каби мамлакатларда истиқомат қилаётган иштирокчилари бир даврада жам бўлгани Зомин семинари қамрови йил сайин кенгайиб бораётганини кўрсатди. Бу нафақат адабий, балки маънавий бирликнинг ҳам ёрқин ифодаси бўлди.

Ижодни рақам билан ўлчаб бўлмайди, истеъдодга ҳужжат талаб қилинмайди. Дип­ломи ҳам бўлмайди, ижод қалбларда яралиб, қалбларга етиб боради.

Бу ҳақиқатни Зомин семинари яна бир бор исботлади. Баъзан биргина мисра бутун бир китобдан оғир келади, баъзан эса юзлаб саҳифаларда ҳам бирорта ҳақиқий фикр учрамайди. Шунинг учун бу ерда ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни “биринчи”, “иккинчи” ёки “учинчи” ўринларга бўлишдан кўра, уларнинг эртанги имкониятини кўришга ҳаракат қилишди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ёш ижодкорнинг китобхонлигига алоҳида эътибор қаратди. Зеро, китоб инсоннинг луғатини бойитади, тафаккурини кенгайтиради, дидини шакллантиради, энг муҳими, қалбидаги инсонийликни асрайди.

Зоминдаги муҳокамаларда айнан шу жиҳат яққол сезилди. Устозлар шеърнинг вазни ёки қофияси ҳақидагина эмас, балки ўқилган ­китоблар, жаҳон адабиёти, миллий адабиёт анъаналари ҳақида ҳам саволлар берди.

Семинарнинг иккинчи куни иштирокчилар учун яна бир унутилмас туҳфа тайёрланган эди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказиб келинаётган “Сўз” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон асари асосида саҳналаштирилган “Ялдо кечаси” саҳна асари семинар иштирокчиларида кучли таассурот қолдирди.

Бу оддий спектакль бўлмай, сўзнинг қудратини намойиш этувчи фалсафий саҳна бўлди. Саҳнадаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сукут, ҳар бир диалог томошабинларни миллат қайғусига олиб кирди. Бугунги кун забардаст шоирлари шеърларини ўзи ўқиб берди. Таъсирчан шеър­лар билан бойитилган намойиш, айниқса, ёш ижодкорлар учун катта сабоқ бўлди. Улар бадиий сўзнинг китоб саҳифасидагина эмас, ­саҳнада ҳам қандай улкан таъсир кучига эга эканини яна бир бор ҳис қилди. Сўз оддий мулоқот воситаси эмас, у — миллат хотираси, у — халқ виждони, инсон тақдири. Агар сўз юксалса, миллат ҳам юксалади. Бу томоша ана шуларни яна бир бор барчага эслатди.

Эҳтимол, кимдир шу кечадан кейин драматургияга қизиқиб қолгандир, кимдир “Ялдо кечаси” китобини ўқишни дилига туккандир, кимдир шу мавзуда ҳикоя ёки шеър ёзишга...

Зоминнинг энг катта мўъжизаси ҳам шунда — у инсоннинг қалбини тўлдиради. Ҳақиқий адабиёт ҳеч қачон шошилиб туғилмайди, унинг учун вақт, мутолаа, изланиш керак. Зомин семинари ана шу ҳақиқатни ҳар йили юзлаб ёшларга яна бир бор англатади. Бу ерга келган ҳар бир иштирокчи шеър ёки ҳикоя ёзишнигина эмас, ижодкор бўлиб яшаш, миллат юкини орқалашнинг масъулиятини ҳам ҳис қилиб қайтади.

Бугун ахборот оқими мислсиз тезлашган, сунъий интеллект ҳаётнинг кўплаб соҳаларига кириб келган, ижтимоий тармоқларда бир лаҳзада минглаб матнлар тарқалаётган даврда ҳақиқий бадиий сўзнинг қадри янада ошиб бормоқда. Чунки технология инсонга маълумот бера олади, аммо қалбни чертувчи ҳеч нарса тақдим этолмайди. У сатр тузиши мумкин, аммо дард ярата олмайди. Адабиёт эса инсоннинг ички оламини тарбиялайди, шунинг учун Зомин семинари каби ижод мактаблари аҳамияти йилдан йилга ортиб бормоқда.

Бу ерда устозлар ёшларга шеърнинг қофия­синигина эмас, инсоннинг виждонини ҳам ­ўргатади, сўзнинг масъулиятини англатади, ёзувчи бўлишдан олдин инсон бўлиш зарурлигини эслатади.

Семинар кунлари Зомин табиати ҳам худди машғулотларнинг бир қисмига айлангандек туюлади. Тонгда тоғлар бағридан эсган мусаффо шабада, арчаларнинг ўзига хос ифори, қушлар сайраши, узоқларда мовий туманга ўралган қоялар, кечқурун эса тоғлар устига аста-секин чўкаётган сокинлик...

Табиат гўё ижодкор билан суҳбатлашади. Шаҳар шовқинидан узоқда инсон ўзини ҳам, қаламини ҳам қайтадан танийди. Эҳтимол, шунинг учун Зоминда ёзилган биргина шеър баъзан йиллар давомида туғилмаган мисраларга тенг келади.

Анжуман давомида бўлиб ўтган “Зомин оқшомлари” мушоираси ёш ижодкорлар учун катта адабий байрамга айланди. Шеърлар бирин-­кетин янграр экан, ҳар бир овозда ўзига хос руҳ сезиларди. Бир ёш шоир Ватан ҳақида ўқирди, бошқаси она ҳақида, яна бири муҳаббат ҳақида, аммо уларнинг барчасини бирлаштириб турган битта туйғу бор эди, бу — Ўзбекистонга муҳаб­бат, она тилга садоқат, адабиётга, у туфайли ­дунёда эзгулик тантана қилишига ишонч.

Мушоира тугаганидан кейин ҳам ҳеч ким дарҳол тарқалиб кетмади. Кимдир устоздан имзо оларди, кимдир янги танишган дўсти билан шеър ҳақида баҳслашарди. Кимдир эса ёлғиз ўзи тоғлар томон қараб ўйга чўмарди. Ана шу манзаранинг ўзи Зомин семинарининг ҳақиқий моҳиятини ифодалайди. Бу ерда рақобатдан кўра ҳамжиҳатлик кучлироқ, ҳавасдан кўра меҳр устун, танқиддан кўра ўргатиш муҳимроқ.

Агар сўз қадрсизланса, маънавият заифлашади. Зомин семинари эса айнан шу муқаддас қадрият — сўзнинг мактаби эканини яна бир бор намоён қилди.

Семинарнинг ёпилиш маросимида ғолиб ва фаол иштирокчилар тақдирланди. Аммо бу ерда энг катта мукофот диплом ёки эсдалик совға эмас эди.

Энг катта мукофот — устозларнинг самимий эътирофи. Давраларда кўпроқ қуйидаги хитоблар эшитилди: “Изланишдан тўхтама”, “Кўпроқ китоб ўқи”, “Ёзишда давом эт”, “Қандай бўлса ҳам ёзиб, ташлаб қўй, бошқа нигоҳ билан ўқи”, “Сен дангасалик қилмасанг, яхши ижодкор бўласан”.

Ана шу бир оғиз гап баъзан ҳар қандай мукофотдан қимматли, ҳар қандай хотирадан қадрлироқ бўлади. Чунки ҳақиқий устоз истеъдодни қуруқ мақтов рағбати билан эмас, яхши тавсия, келажакка билдирилган ишонч билан улғайтиради.

Бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор туфайли илм-фан, санъат ва адабиёт соҳаларида кенг имкониятлар яратилмоқда. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг амалий ифодасидир. Мазкур анжуман ёшларнинг ­қаламига ишонч, тафаккурига йўл, орзуларига қанот бағишлайди.

Тантанали ёпилиш маросимида сўзга чиққанлар Зомин семинарининг ёшларни кашф этишдаги беқиёс аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Маросим давомида тадбир иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ёш ижодкорларга Ёзувчилар уюшмаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан замонавий ноутбук, смартфон (телефон), махсус сертификат ва қимматбаҳо китоблар жамланмаси тантанали равишда топширилди.

Зомин тоғлари бағрида ўтган уч кун кимлар учундир йилларга татийди, бугун устоздан маслаҳат олган ёшлар эртага ўзи устоз бўлади, бугун ҳайрат билан тингланган овозлар эртага миллий адабиётнинг кучли садосига айланади.

Зоминга ҳар йили юзлаб ёшлар келади ва ҳеч ким бу маскандан аввалги кайфиятда қайт­майди. Чунки устозлар маънавий оламининг ўзи ёш қаламкашга катта масъулият юклайди. Эҳтимол, ана шунинг учун ҳам Зомин семинари ҳақида сўз кетганда, ижодкорлар ўртасида энг аввал “мен борганман”, “менга насиб этмаган”, “қани энди ёш бўлиб қолиб, шу замонда Зомин семинарида иштирокчи бўлсам” каби сўзлар айтилади.

Зомин анжумани ўзбек миллий адабиётининг келажаги, эртанги кун шоирлари, ёзувчилари, таржимонлари, драматурглари, танқидчи ва публицистлари камол топадиган буюк дарсхонадир. У миллий адабиётимизнинг чинакам яратувчиларига насиб этсин.

Маъмура ЗОҲИДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими масъули