Тошкент вилояти ҳокими Чирчиқ шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари, бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди.
Маълумки, сўнгги пайтларда Чирчиқ шаҳрининг архитектуравий қиёфасини янгилаш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолига қулайлик яратиш борасида тизимли ишлар қилиняпти. Хусусан, Президентимизнинг ташаббуси билан Чирчиқ дарёси устида транспорт қатнови ва одамларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилувчи замонавий кўприк бунёд этилмоқда, деб ёзди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган. Тажрибали муҳандис ва лойиҳачилар саъй-ҳаракати билан қулай йўл ўтказгич ечимига эгалиги, унда тўхташ ҳудудлари, суғориш ва ирригация тизимлари, ташқи ёритиш қурилмалари эътиборга олингани билан аҳамиятлидир.
Зойир Мирзаев шаҳар ҳокими, соҳа мутахассислари ва сектор раҳбарлари билан бирга қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Объектдаги ишларни жадаллаштириш, сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари ва мутасаддилар шаҳар Тиббиёт бирлашмаси Марказий шифохонасидаги таъмирлаш ишлари, “Ифтихор” маҳалласида бунёд этилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилишини кўздан кечирди. Бинода ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, коммунал хизматларни яхшилаш бўйича зарур таклифлар билдирилди. Айни пайтда бу ерда режалаштирилган 102 та кўп қаватли уйларнинг 38 тасида қурилиш ишлари давом этяпти.