Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида сўз юритилди.

«61-мактаб директори ўз вазифасига нолойиқ. Синфхоналарга ўтин киритиб, жамоатчиликни алдашга уриниши шармандалик! Директорни телевидениеда, ОАВда кўрсатишимиз керак. Қолган мактаб директорлар бундай кўзбўямачилик қилмасин. Бу ҳолат қолганларга мактаб бўлсин!» — деди вилояти ҳокими.

Зойир Мирзаев Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудири Фарҳод Жумановга «Нимага бор ҳақиқатни яширасизлар?» дея танбиҳ берди. Шунингдек, вилоят депутатларини лоқайдликда айблади: «Нега Чироқчидан сайланган депутатлар бу воқеага муносабат ҳам билдирмади? Аслида депутатлар мана шунақа камчиликларни кўтариб чиқиши, муаммо ечимини излаши керак эмасми. Аммо бирор депутат мактаб шароитини бориб кўрмаган, балки бизда шунақа мактаб борлиги ҳақида бирорта депутатимиз билмас», деган фикрларни билдирган ҳоким.

Сессияда иштирок этаётган депутатларнинг маълумот беришича, Шодиёр Хўжаназаров 61-мактаб жойлашган ҳудуддан вилоят кенгашига сайланган депутат бўлиб, сессияда иштирок этмаган.

Оммавий аҳборот воситаларига бу муаммони ёритгани учун ўз раҳматини айтиб ўтаркан, ҳоким «бугун муаммо чиқдими, эртага бориб ҳал бўлади, деган фикрлардан воз кечишимиз керак», дея таъкидлаган.

Зойир Мирзаевнинг айтишича, вилоятда 300 дан ортиқ мактаб филиаллари бўлиб, уларнинг 274 тасида кадастр ҳужжати ҳам мавжуд эмас.

«Яқинда биз барча туман ва вилоятнинг бюджетини тасдиқлаймиз. Шунда молиянинг одамидан ‘61-мактабга неча пул берасан, мана бу мактабга қанча берасан? Бу мактаб авария ҳолатида, бу мактабнинг ҳожатхонаси йўқ’ деб ким сўрайди. Депутатнинг шундай савол беришга ҳаққи борми ёки йўқми?», дея сўраган вилоят ҳокими.