Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ташаббуси ва раислигида ўтказилган мулоқотда дастлаб тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари томонидан туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган 100 га яқин тадбиркор ва ишбилармонларнинг муаммолари ўрганилди.

Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва ўзбек диаспораси мутахассислари билан ташкил этилган онлайн суҳбат давомида Россия Федерациясининг олийгоҳларини битириб, мамлакатимизга қайтаётган вилоят ёшларининг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, тадбиркорлар учун қулай инвестицион муҳит яратиш борасида фикр алмашилди. Бу борада билдирилган таклифлар ижобий ҳал этиладиган бўлди.

— Маълумки, Президентимиз раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Украинадан қайтган талабаларни ўзимиздаги олийгоҳларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитларни яратиб бериш бўйича топшириқлар берилган эди, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент вилояти филиали раҳбари Нодирбек Баҳромов. — Белгиланган вазифалар ижроси бўйича вилоят ҳокими Беларусь, Украина ва Россиядан тартибли равишда қайтган мигрантлар, талабалар билан ҳам суҳбатлашди. Биринчи галда талабаларнинг ўқишини пойтахт ва ҳудуддаги олийгоҳларда давом эттиришини таъминлаш бўйича мутахассисларга зарур топшириқлар берилди.

Асли Олмалиқлик Асилбек Абдувалиев Украинанинг Харьков шаҳридаги архитектура институтида ўқиётган эди. У мавжуд вазият сабабли ўқишини Ўзбекистонда давом эттирмоқчи. Суҳбат давомида кўплаб ёшлар қатори унинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Шундан сўнг мулоқот давомида тадбиркорлар ҳам ўз таклиф ва муаммоларини билдиришди. Хусусан, корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун кичик саноат зоналаридан жой ажратиш, балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, янги иш ўринларини яратиш, кадастр ҳужжатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш каби кўплаб масалалар кўриб чиқилди.

Қонуний ечимга эга бўлмаган баъзи мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати