Унда вилоятдаги манфаатдор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, қурилиш ташкилотлари масъуллари иштирок этди.

Асосий эътибор Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2023 йилларда Нурафшон шаҳрида муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга ошириладиган лойиҳалар, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилди.

— Шаҳарда канализация, электр таъминоти, йўл қурилиши бўйича якунига етмаётган муаммоларимиз бор, — деди Нурафшон шаҳар ҳокими Музаффар Салиев. — Мисол учун, шаҳар марказий кўчаси бўйлаб электр энергиясини яхшилаш борасида 30 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширишимиз керак. Ишни якунига етказиш учун тегишли ташкилот томонидан кабеллар етказиб бериш масаласи ҳамон очиқ қолмоқда. Шунингдек, канализация тизимидаги ишлар ҳам маблағ масаласи тўлиқ ҳал этилмагани боис жадаллашмаяпти.

Учрашувда вилоятнинг ҳар бир туман, шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларида учраб турган бу каби масалаларни тизимли бартараф этиш юзасидан ҳафтада бир кунни қурилиш, бунёдкорлик масалалари муҳокамасига бағишлаш таклиф этилди. Бу орқали жойларда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинади, муаммолар тегишли тартибда бартараф этилади.

— Бу каби учрашувларни узундан-узоқ ҳисоботлар билан ўтказиш ўзини оқламайди, — деди Зойир Мирзаев. — Ҳар бир йўналишда аниқ ва қисқа фикрлар керак. Қурилишдаги камчиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Асосийси, ҳар бир йўналишда вазифа олганлар ўз ишини яхши тушуниши шарт. Масалан, бугун Юқори Чирчиқда амалга оширилаётган қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирдик. Масъуллар қилаётган ишларини яхши тушунмайди. Қурилишда етарли тажрибаси йўқ. Бино қуриш — тажриба ўташ дегани эмас. Бу ишни энг биринчи навбатда биладиганларга топшириш керак.

Қайд этилганидек, вилоят ҳокимлиги қошида қурилиш лойиҳаларини тайёрлаш бўлими ташкил этилади. Иш жараёнида Тошкент архитектура-қурилиш институтида таҳсил олаётган талабаларнинг ғояларидан фойдаланилган ҳолда ҳудудда ишлаётган мутахассислар тажрибаси оширилади.

Учрашувда ўртага ташланган таклифлар муҳокама қилинди, натижаси юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати