Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси Раиси Т.Нарбаева томонидан тасдиқланган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар режасининг 23-бандида жорий йилда хотин-қизларнинг инновацион ва бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигини ўтказиш белгиланган.
Ҳафталикни ташкил этишдан мақсад иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларида ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган, ўз қобилиятини намоён этаётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топиш, улар амалга ошираётган лойиҳаларни тарғиб қилиш, янги иқтидор қирраларини очиш, олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр соҳа вакилалари ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш, уларнинг ташаббуслари ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Масъуллар жойларда ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ҳафталик доирасида ихтирочи хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизларнинг инновацион ғоя ва лойиҳаларини жорий қилишларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида турли танловлар, хотин-қизлар форуми, кўргазма, ўқув семинарлари, мотивацион психологик-тренинглар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш масалаларини муҳокама этдилар.
Шунингдек, ҳафталик давомида олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр соҳа вакилалари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизлар ўртасида самарали илмий-ижодий алоқаларни йўлга қўйиш, инновацион лойиҳаларини жорий қилишларида қўллаб-қувватлаш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 100 нафардан ихтирочи аёлларини аниқлаб, улар билан истиқболда манзилли ва мақсадли ишлар амалга оширилишига режалаштирилмоқда.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан ҳафталикни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган Низом лойиҳаси бўйича қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Фанлар академияси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ҳунарманд уюшмаси, Ихтирочи аёллар маркази масъуллари, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этдилар.