Sogʻliqni saqlash vazirligi: soxta tabiblardan ogoh boʻling!

    Ijtimoiy tarmoqlarda soxta tabiblik bilan shugʻullanib, oʻzini reklama qilayotgan holatlar va qoʻllanilayotgan muolaja usullari dalillarga asoslangan tibbiyotning davolash uslublariga kirmaydi.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ табобатини ривожлантириш, соҳани замонавий тиббий хизматлар тизимига интеграциялаш ва бу йўналишда мутахассислар малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

    Натижада бугунги кунда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда.

    Бироқ сўнгги пайтларда айрим шахслар расмий рухсатнома ва тиббий билимга эга бўлмасдан, турли шубҳали усуллар билан одамларни даволашга уринаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Бундай сохта табиблар фаолияти инсон соғлиги ва ҳаёти учун жиддий хавф туғдирмоқда.

    Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали «ғайритабиий қобилиятлар»ини реклама қилувчи, ҳеч қандай илмий-амалий асосга эга бўлмаган «хизмат»ларни таклиф этувчи шахсларга ишониб қолиш ҳолатлари ортиб бораётир. Улар кўпинча оғир ҳаётий аҳволда бўлган фуқароларни нишонга олади.

    Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчиликни огоҳлантиради:

    • Ижтимоий тармоқларда ўзини «табиб» сифатида реклама қилаётган шахслар томонидан таклиф этилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиёт талабларига мувофиқ эмас.
    • Уларнинг фаолиятида қўлланилаётган усуллар миллий клиник протокол ва стандартларга зид.
    • Бундай шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳеч қандай лицензия берилмаган.

    Маълумот учун:

    2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритганлиги учун 38 та юридик шахс ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима қўлланган. 2025 йил 1 июль ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика халқ табобати илмий-амалий маркази томонидан сохта табибликнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар, ўқув-семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.