Видеохабарда айтилишича, бола клиникага бироз шамоллагани учун олиб борилган ва шифокорлар инъекция учун мўлжалланган антибиотик дорисини буюрган, катталар дозасида дастлабки синовларсиз бола танасига юборган.

"Шамоллагани учун дадаси билан келган. Дадаси навбат олиб тур, мен овқат олиб келаман деб ташқарига чиққан. Навбати келган болани олиб кириб, мажбурлаб укол қилишган”, деган боланинг яқинларидан бири.

Шунингдек, у бола спортчи бўлганини, 13 кун комада ётгани ҳамда клиника раҳбари марҳумнинг яқинларига 30 минг доллар таклиф қилганини айтган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

Маълум қилинишича, марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси ҳамда масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда текшириш давом этмоқда.