Лойиҳада таъкидланишича, мазкур янги университет республикада маҳаллий ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳамда рақамли иқтисодиёт ва IT соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ҳудудларда замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Университетда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.

Олий таълим муассасасига янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа ёрдамчи биноларини қуриш учун “Nurafshon Business City” савдо марказининг ҳудудидан 10 гектар ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Янги ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилгунга қадар  Университет Халқ таълими вазирлигининг Қуйи Чирчиқ тумани Ойдинобод МФЙда жойлашган бўш турган биносига (собиқ Қуйи Чирчиқ хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи) тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда “ноль” ставкадаги ижара тўлови асосида вақтинча жойлаштирилади.

Қуйидагилар университетнинг асосий фаолияти йўналишларидан бири бўлади:

  • эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
  • меҳнат бозорида рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
  • ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни, жумладан замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш.