Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини кенг тарғиб қилиш, туркомпаниялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Саййид Иброҳим ал-Бусаидий сўнгги йилларда икки давлат ўртасида туризм ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланётганини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар сони йил сайин ортиб бораётганини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 июндан Маскат – Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ўзаро сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Президентининг Ўмонга бўлажак ташрифи арафасида Маскат шаҳрида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган “Road Show” тадбирини ўтказиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, уни ташкил этишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва яқинликни ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Ўмонда фотокўргазмалар ташкил этиш таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.