“Бугун Самарқанд дунё машваратининг марказига айланди. Уни бутун дунё яхши кўради. Менинг ҳам Самарқандга меҳрим бўлакча. Чунки вилоятнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаш жараёнида бу заминнинг ҳақиқий сеҳрини сезганман, самарқандликларнинг уддабурон, маърифатли эканлигига ишонч ҳосил қилганман. Шу сабабли янги кўприк баҳонасида сизлар билан дийдорлашишни ният қилдим”.
Табиийки, жамоатчилик вакиллари — депутатлар, фахрийлар, ишбилармонлар, олимлар, ёшлар ўз Президентининг Самарқандга эътибори кучли эканини билгани учун қалбларида ўзгача қувонч туйди. Эҳтимол Самарқанд шаҳрини Ширин шаҳарчаси билан боғловчи, Қорадарё устида қурилган 650 метрли кўприк Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган бошқа улуғвор бинолар олдида оддий кўринар. Бироқ биз учун бу иншоот осмон устига қўйилган қасрга ўхшаб туюлди. Чунки у бундан 25 йил аввал айнан Шавкат Мирзиёев ўйлаган режанинг асоси эди.
Ўшанда аэропорт орқасини, дарё соҳилларини ўрганиш чоғида Президентимизнинг “Бу майдонлар Самарқанднинг дарвозаси ҳисобланади, қолаверса, шаҳарни кенгайтиришнинг катта имкони, қани энди дарё устига кўприк қуриб йўл очсак, кўплаб муаммоларимиз ҳал бўлар эди”, деган сўзларини ҳамон эслаймиз.
Иккинчидан, бу кўприк сайёҳлик индустриясининг ҳам тимсоли. Бинобарин, иншоотни ўз пулимизга, ўз қурувчиларимиз, ўз муҳандисларимиз барпо этди. Ана шу фахр, ифтихор қалбимизни осмон қадар кўтариб турди.
Бу фикрларни билдирганимизда давлатимиз раҳбари ҳам тўлқинланиб кетди ва халқаро ҳамжамият билан ишонч кўприкларини, ҳамкорлик кўприкларини қанчалик кўп қурсак, у бизга шунча салоҳият келтиришини айтди.
Шу ўринда айрим давлат раҳбарлари, йирик корпорациялар бошлиқлари билан йиллар давомида биз учун керакли муаммолар устида ўтказилаётган музокаралар моҳияти ҳақида ўртоқлашди. Йиллар давомида Ўзбекистонга иккинчи, ҳатто учинчи даражали сифатида қараб келинган. Ана шундай нуқтаи назарни кескин ўзгартира олиш осон эмаслигини, ҳатто ўз ҳамкорининг фикрини ўзгартириш нечоғлиқ қийинлигини билган инсон учун бу ҳолатни тушуниш қийин эмас. Зотан, биз шу жараёнлар самарасини кўриб турибмиз.
Дунё юртимиз билан ҳамкорлик қилишга интиляпти
Бу ҳақда гап кетаркан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси, таниқли олим Рустам Холмуродов кўнглидаги гапни яшира олмади:
“Икки тизимни, ҳатто мустақиллик йилларида ҳам икки хил иш услубини кўрган киши сифатида бир ҳолат мени ҳайратга солади. Мамлакатда сиз бошлаган ислоҳотлар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Инсоннинг туғилишидан тортиб, то охирги кунигача бўлган ҳаётидаги ҳар бир жараён эътиборингизда. Бунинг устига, халқаро алоқаларда ҳам бошқалардан ўзгача дипломатия билан ишлаяпсиз. Биласизми, АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан бирга келган ёрдамчилардан бири бугун менга қўнғироқ қилиб, Самарқанд Квант маркази олимлари билан ҳамкорлик қилиш нияти борлигини айтди.
Улар ўзлари ташаббус кўрсатяпти. Бу ҳазилакам гап эмас, юртимиздаги илмий салоҳиятнинг дунёнинг энг қудратли давлати томонидан эътирофи. Очиғи, қанчалик фидойи бўлмайлик, ислоҳотлар шитобига улгура олмай қоляпмиз...”.
Рустам Холмуродов ҳақ гапни айтди. Мамлакатимизда бошланган ислоҳотлар ўн йил ичида бутун дунёга бўй-басти билан намоён бўлди. Айниқса, янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги ислоҳотлар самарасида мамлакатимизнинг том маънода янги тараққиёт даври бошланди.
Аслида, бу ҳақда жуда кўп ва хўп ёзиш мумкин. Зеро, бу борада босиб ўтилган йўл, чекилган машаққатли меҳнат, эришилган тарихий натижалар таҳлили бир неча ўн томлик китобларга сиғмайди. Шунинг учун биргина жиҳатни айтиш билан кифояланаман: мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилда 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Буни қарангки, ушбу марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилиши ва Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириши кутиляпти.
Гарчи бу каби иқтисодий ютуқлар биз учун тарихий, халқаро ҳамжамият учун эса глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазият фонида сенсацион натижа ҳисобланса-да, буларни биринчи ўринга қўйиш адолатдан бўлмайди. Чунки энг катта ютуғимиз — Президентимиз ташаббуси ва қатъий талаблари асосида давлат ва халқ ўртасида ишонч қайта тиклангани, жамиятдаги қўрқув ва ҳадик ўрнини халқимизга хос бунёдкорлик, тадбиркорлик, ватанпарварлик, ҳамжиҳатлик туйғулари эгаллаганидир. Боя юқорида айтилган рақам ана шу бирлигимиз, юрт тақдирига дахлдорлигимиз, ҳамфикрлигимизнинг дастлабки самараси, холос.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам биз бугун уч минг йилдан ортиқ миллий давлатчилигимиз тарихидаги энг буюк эврилишлардан бирининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Келинг, бунга Самарқанд вилояти мисолида назар ташлайлик.
Шаҳар ва қишлоқ тафовути йўқоляпти
Ўтган ўн йил ичида ҳар бир туманда замонавий шаҳарчалар пайдо бўлди, истироҳат боғлари барпо этилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида АT марказлар ишлаб турибди. Самарқанд халқаро туризм маркази эндиликда дунё ҳамжамиятининг йирик анжуманлари, сиёсий мулоқотлар ўтказиладиган масканга айланди. Имом Бухорий мажмуаси қайтадан, буюк муҳаддиснинг ислом оламида тутган ўрнига монанд улуғвор тарзда барпо этилди.
Қишлоқларимизда тупроқ йўллар қолмади ҳисоб. Бугун Самарқанд далаларида етиштирилаётган ноз-неъматлар дунёга экспорт қилиняпти. Трикотаж маҳсулотлари ва паррандачиликда экспорт ҳажми йил сайин ошмоқда. Ҳар йили ўнлаб стартап лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий этилаётир. Бир сўз билан айтганда, халқ хўжалигининг барча соҳасида ўзгаришлар бор. Бу ўзгаришларни ўз мутахассисларимиз, олимларимиз амалга оширмоқда.
Президентимиз сабоғи ҳақида гап борар экан, бир воқеа эсимга тушди. Шу йилнинг ёз ойларида Олмалиқда мисни бойитиш заводи ишга туширилди. Ушбу тадбирда мен ҳам иштирок этгандим. Шу ерда бир ҳолатдан хабар топдим — Шавкат Мирзиёев бундай корхона яратиш таклифини киритганда деярли барча мутахассислар бу ишнинг самараси йўқлигини айтган.
Аммо Президентимиз Чилида саккиз йил давомида қурилган ва ҳозирча дунёда ягона ҳисобланган шундай завод ҳамда унинг хомашёси масалаларини эринмасдан пухта ўрганган ва қатъий қарорга келган. Табиийки, юксак технологиялар ривожланган давлатлардан услубий ёрдам сўралган. Натижада Олмалиқдаги завод Чилидаги каби саккиз эмас, балки тўрт йилда қуриб битказилди. Бу ишни Ўзбекистон олимлари, мутахассислари, муҳандислари бажарди. Бу сабоқ соҳа мутахассислари ишончини янада мустаҳкамлади. Улар эндиликда заводнинг иккинчи блокини барпо этмоқда.
Президентимизнинг бизга берган яна бир сабоғини эсламасдан иложим йўқ. Самарқанд вилоятида биринчи раҳбар бўлган йилларида ҳар бир соҳага шу тизимда тажриба орттирган фидойи пенсионерларни жалб этиб, маслаҳат кенгашлари тузди. Кенгашлар жойларда ишларни ташкил этишга кўмаклашиш баробарида жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширди. Минерал ўғитга пул топилмаган чоғда Каттақўрғон шаҳрида фаолиятини тугатган чорвачилик мажмуасида йиллар давомида тўпланиб қолган жуда катта миқдордаги органик ўғитни далаларга ташиш ташкил этилди.
Айниқса, Самарқанд шаҳрини ободонлаштиришда ҳатто ўзимиз ишонмаган ишни бажариб кўрсатди, яъни вилоят жамоатчилиги ёрдамида шаҳар кўчалари тартибга келтирилди, чиқиндидан тозаланди. Аста-секин бу иш шаҳар ташкилотлари томонидан тизимли йўлга қўйилди. Бугун кўҳна кентдаги нафосат, гўзаллик, обод ва тоза кўчалар айнан ўша даврда бошланган ҳаракатлар самарасидир.
Маънавий жасорат
Давлатимиз раҳбарининг халқаро майдондаги сабоқлари ҳам эътиборли. Айниқса, ҳар бир давлат ўз манфаати учун жиддий сиёсат юритаётган бир пайтда муносабатларда ҳалоллик ва ҳамкорликни таъминлай олиш осон иш эмас. Бунинг учун икки томонлама жуда катта ишонч керак.
Ана шундай нозик бир пайтда давлатимиз раҳбари ўзбекларга хос бағрикенглигини намойиш қилди. Аввалига иккиланган давлат раҳбарлари ҳам ҳаракатларимиздаги самимиятни кўриб, бизга мойиллик билдирди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида қисқа фурсатда йўлга қўйилган ҳамкорлик бунинг яққол мисолидир.
Халқаро сабоқ деганимнинг сабаби бор. Давлатимиз раҳбари бошқа давлатлар билан ҳамкорлик бир марталик эмас, балки доимий ва стратегик шериклик даражасида бўлишига эриша олди. Аввало, бу муносабатларнинг илмий-амалий концепцияси ишлаб чиқилди. Бунда эҳтиёжларимиз, имкониятларимиз пухта ўрганилди. Натижада жуда кўплаб давлатлар билан стратегик, олий даражадаги ҳамкорлик ўрнатилди.
Сабоқлар... сабоқлар... сабоқлар... Улар бизнинг нуқтаи назаримизни ўзгартирди. Улар ҳаётга қарашимизни бошқача қилди. Улар масъулиятимизни кучайтирди. Улар тараққиёт учун ҳамиша кураш олиб боришимизни эслатиб турди. Сабоқ маъруза ўқиш, кимгадир ниманидир зўр бериб тушунтириш эмас, одамларни реал ҳаётга, янгиликка ишонтириш. Сабоқ маънавий жасорат билан боғлиқ. Юртини, халқини севмаган одам бундай хислатга эга бўлмайди.
Бир ўйлаб кўринг, конвертацияни очиб юбориш учун ўша даврда йиллар давомида ана шу яширин иқтисодиётдан мўмай даромад олиб турган қанчалаб нопок раҳбарларга ёмон кўриниш ёки ўша тизимни қанчалик шиддат билан ислоҳ қилиш керак эди. Тошкент шаҳри “прописка”сини очишда ҳам ана шундай жасорат зарур эди. Ишбилармонларни текширишга, дарахтларни кесишга мораторий эълон қилиниши-чи?
Президентимиз ана шу жараёнларда ўзида жасорат топа олди. Чунки мамлакатдаги ҳур фикрловчи инсонларга, халқига ишонди. Натижада биз ўз тақдиримизни ўзимиз ўзгартира бошладик ва бугун мамлакат миқёсидаги лойиҳаларда бутун Ўзбекистон иштирок этяпти десам, муболаға бўлмайди.
“Ярмини биз кўтарамиз”
Мамлакатимиз етакчисининг яна бир ибратли сабоғи эсимдан чиқмайди. 2002 йилнинг баҳори. Пахтачида мен ўқиган мактабда ўқув биносининг катта қисми кучли ёмғир туфайли ўпирилиб тушди. Шавкат Мирзиёев вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида эртасигаёқ ўша ерга борди.
Иморат эски, таъмири учун ҳам анчагина маблағ керак. Дарсларни тўхтатиб бўлмайди. Нима қилиш керак? Шунда ушбу мактабда ўқиган ишбилармонлар ҳамда хўжалик раҳбари Фотима Тўхтапўлатовани маслаҳатга таклиф этди. Ҳамма ўз фикрини айтди. Ҳудуд бўйича ҳоким ўринбосари маблағ камлигини билдирди. Шавкат Мирзиёев масаланинг долзарблигини айтиб, қўлидан келганича ёрдам беришини тушунтирди. Хўжалик раиси ва тадбиркорлар харажатнинг ярмини кўтарадиган бўлди ва натижада мактаб биноси қисқа фурсатда таъмирдан чиқарилди.
Ўшандан кейин жуда кўп жойларда муаммони ҳал қилишда жамоатчилик, фаоллар, тадбиркорлар вилоят ҳокими билан учрашувда “ярмини биз кўтарамиз” ташаббуси билан чиқа бошлади. Бюджет маблағлари тақчил бир вақтда бу ташаббус катта самара берди. Бугун эса мактаблар, болалар боғчалари қурилиши ва таъмирига етарлича маблағ ажратиляпти. Бу сабоқ ҳам ана шундай хайрли ишларнинг бошланишига асос бўлган эди.
Сайёҳлик — асосий тармоқлардан бири
Самарқанд давлат тиббиёт университети профессори, университет биринчи клиникаси бош врачи Наргиза Абдуллаева халқаро сайёҳликдаги ислоҳотлар самараси шифохоналаргача етиб келганини айтди. Жумладан, ўтган йили ушбу шифохонада даволанганларнинг 12 фоизини, жорий йилнинг ҳозиргача бўлган даврида 30 фоизини хорижликлар ташкил қилган. Эндиликда Самарқандда энг мураккаб жарроҳлик операциялари амалга оширилмоқда. Бунинг учун Америка, Ҳиндистон ва Германияга боришга ҳожат қолмаяпти.
Бу мулоҳазадан кейин Президентимиз вилоятга ҳоким бўлиб келганидаги бир воқеани эслади. Чарчоқ туфайли юрагида безовталик сезган ва 1-клиникага борган. Ҳоким шифокор Анита Цой эски ЭКГ ускунасидан фойдаланганини кўриб, ҳайрон қолади. Самарқанддек жойда тиббиётнинг аҳволи оғирлигидан афсус чекади. Кейинчалик бош врач Нурмамат Абдуллаев билан биргаликда шифохонани замонавий ускуналар билан жиҳозлашга киришади. Ўша ҳаракатларнинг самараси бугун ҳаммага аён: Самарқандда энди буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш операциялари амалга оширилмоқда.
— Яқинда хориждаги анжуманда бир давлатнинг раҳбари мендан “Ҳаракатларингиз ёмон эмас, бир йилда уч миллионга яқин сайёҳ келаётгандир?” деб сўради. Мен унга бу рақам беш миллиондан ошганини айтдим, — деди давлатимиз раҳбари. — Бу бор гап. Эсимда, 2016 йилда мамлакатимизга бор-йўғи 650 минг сайёҳ келган. Шароитини қилган эдик, беш миллионга етди. Имом Бухорий мажмуаси ишга тушгач, биргина Индонезиянинг ўзидан қарийб беш миллион зиёратчи кутяпмиз. Бунинг учун ҳамма имкониятлар бор. Халқаро сайёҳлик ва сайёҳлик индустрияси жуда катта даромад келтиряпти. Шунинг учун биз уни ҳам қадрлашимиз, ҳам ривожлантиришимиз керак.
Президентимизнинг меҳр билан айтаётган мулоҳазаларини тинглар эканман, кўз олдимда мен учун қадрли йиллар гавдалана бошлади. Эски тизимда Самарқандга хориждан нуқул кекса сайёҳлар келарди. Улар ҳам Регистондан бошқа обидаларга деярли бормасди.
Энди эса хорижлик сайёҳлар бу заминга оиласи билан ташриф буюрмоқда. Самарқандга халқаро анжуманга келган давлат раҳбарларидан бирининг интервьюсида “Ўзбекистонга Худонинг назари тушганлиги рост. Сизларга шундай фидойи, ақлли, дипломат инсонни раҳбар қилиб қўйган. Бу одам қисқа вақт ичида бутун дунё давлатлари раҳбарларининг ҳамкорликка нисбатан нуқтаи назарини ҳам ўзгартириб юборди. Мендаги ҳисоб-китобларга кўра, дунёдаги давлатлар раҳбарларининг ярмидан кўпи Ўзбекистонга келиб-кетди. Биз ҳавас қиламиз бундай Президентга”, деган гаплари ҳали-ҳамон қалбимга ғурур бағишлайди.
Пахта майдонлари 40 фоиз қисқарди, ҳосил салмоғи камаймади
Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги фахрийси Тўхта Худойназаров билан самимий суҳбати барчамиз учун чинакам сабоқ бўлди. Бугунги кунда картошкачиликда эришилаётган ютуқлар айтиб ўтилди. Зеро, энди Ўзбекистон деҳқонлари аҳолини картошка билан тўла таъминлаяпти. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг пахтачиликда ислоҳотлар давом эттирилиши кераклиги ҳақидаги фикрлари барчамизга манзур бўлди.
— Бугун шахсан мен пахта масаласи билан шуғулланганим йўқ, — деди Президентимиз. — Ҳокимлар ҳам шуғулланмайди. Кластер ўзи буюртма беряпти, ўзи териб оляпти, ҳосилни қайта ишлаб, маҳсулотини сотиш билан банд. Назаримда ҳали ҳам пахта майдонларимиз мавжуд корхоналар эҳтиёжидан баланд. Ғўза экиладиган майдонларни босқичма-босқич камайтириб бориш керак, токи одамлар ўзлари манфаат кўрадиган экинларни эксин. Лекин бу ишда ҳам режа пухта бўлиши керак. Биз даромад берадиган экинларни танлашимиз, бозорини пухта ўрганишимиз зарур.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон шароитида ердан уч-тўрт мартагача ҳосил олиш мумкинлигини, бунинг учун неъматларни хорижга тезда чиқариш йўлини топиш кераклигини, яъни логистикани оқилона ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Чунки бунда харажатлар қисқаради, одамларнинг узоғи яқин бўлади. Мамлакатимиз етакчиси Самарқандда барпо этилган янги кўприк ҳам кўп йиллик орзуси эканини яширмади.
...Пахта масаласи йиллар давомида халқимизнинг дарду изтиробига айланди. Беш миллион тонна пахта ҳосили етиштирган деҳқоннинг косаси оқармади. Аксинча, хомашё қулига айланди. Ташкилот раҳбарлари ўз касби ёки мутахассислигини, идорасини уддаламаганлиги учун эмас, балки жамоасини пахта йиғим-теримига сафарбар қила олмагани учун ишдан олинарди. Ҳатто ўқув юртларига раҳбар тайинлашда, энг аввало, унинг ўз ходимларини ана шу мавсумга жалб қила олиш қобилиятига эътибор қаратиларди. Аянчлиси шундаки, бу соҳадаги режа 99,99 фоиз бўлганда ҳам ҳисобга ўтмас, ўша хўжалик, туман, вилоят “режани бажармаган” тамғаси билан жуда кўп рағбатлардан қуруқ қоларди. Натижада режани бажариб қўйиш учун мингта ҳийла ўйлаб топиларди.
Шукрки, Президентимиз ана шу дардимизга малҳам бўлди. Пахта масаласида давлат монополияси бекор қилинди, аёллар, болалар меҳнатига барҳам берилди.
Ғуруримизнинг боиси шуки, биз бу ислоҳот бошланганини ҳис қилиб, унга гувоҳ бўлиб турибмиз. Мисол учун, Самарқанд вилоятида кейинги 5-6 йил ичида пахта экиладиган майдонлар 40 фоиз қисқарди. Лекин ҳосилдорлик ошгани ҳисобига ҳосил салмоғи камайган эмас. Аввал Самарқанд шаҳар кунини пахта далаларида нишонлар эдик. Бу тадбир ҳам тушликда тортиладиган ошдан, хонанда ижро этадиган 4-5 та ашуладан нарига ўтмасди. Бугун эса биз давлатимиз раҳбарини ана шу байрам билан шаҳар чеккасида қад кўтарган замонавий кошона устида табрикладик. Бундай ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирдик.
Бугун шунчаки яшаб бўлмайди
Ҳаммамиз улкан ислоҳотлар натижасини кундан кунга яққол сезиб бораётган юртдошларимиз фикрини айтишга улгурдик. Халқаро шахмат олимпиадаси ғолиби Афрўза Ҳамдамова Самарқанддаги олимпиада тарихий экани билан фахрланиб, келгуси сафар ўзбекистонлик хотин-қизлар жамоаси ҳам чемпион бўлишга қодирлигини ишонч билан айтди. Жойларда очилаётган шахмат марказлари ёшларнинг энг севимли масканларига айлангани ҳам фикримиз исботидир.
Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов эса Самарқанд шаҳрини кенгайтириш, инфратузилмасини юксалтириш борасидаги ишлар одамларнинг ҳаётга қарашларини ўзгартираётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, дарахт ва гулларнинг янги навлари айнан ўз лабораторияларимиз, ўз хўжаликларимизда етиштирилаётгани, қурилиш саноатимизда экспортчилар пайдо бўлгани хурсандлик билан қайд этилди.
Шу ўринда янги кўприк ҳақида тўхталсам: у М39 трассаси билан боғланган. Кўприкнинг нариги томони — Оқдарё билан Қорадарё ўртасида Ширин қўрғончаси жойлашган. Ана шу майдон келгусида вилоятнинг маъмурий маркази бўлади. Бу ерда камида 180 минг аҳоли истиқомат қилади, “ақлли” шаҳар бунёд этилади. Ҳозиргача Самарқанд шаҳри ҳудудига кирувчи бу маскан аҳолиси вилоят марказига йигирма километрли айланма йўл орқали қатнаётган эди. Яна бир янгилик: бу ердаги қурилиш ишларига худди Янги Тошкентдаги каби имтиёзлар жорий этилади.
Мамлакатимиз етакчиси давлатимиз, халқимиз олдида турган улкан вазифаларни санаб ўтди. Ҳар бир ишда лойиҳаларни пухта ўйлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Мисол учун, тежамкор электр станцияси ўрнатяпмизми, демак, одамларни ҳам бу неъматни тежашга ўргатишимиз лозим. Янги маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмизми, унинг логистикасини тўғри йўлга қўйишимиз керак. Янги ўқув юртлари очяпмизми, унда албатта замон талабига мос мутахассис тайёрлашимиз зарур. Бу даврда йўл-йўлакай, шунчаки яшаб бўлмайди. Халқаро муҳит доимо рақобатни талаб қилади. Биз ўзимизни ҳам, халқимизни ҳам ана шу рақобатга тайёрлай олишимиз шарт.
Бу масканда маърифат, илм бор
Давлатимиз раҳбарининг янгидан барпо қилинаётган Имом Мотуридий зиёратгоҳидаги суҳбатлари ҳам чинакам сабоқ бўлди. Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган ушбу манзил Чокардиза қабристонида ётган тўрт мингдан зиёд улуғ шайх руҳи сабабли ҳам дилимизга ўзгача сурур бахш этди.
— Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор, — деди Шавкат Мирзиёев. — Одамлар бу ерга келиб нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин!
Президентимиз Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний мақбараларини кўздан кечирар экан, биз ва фарзандларимиз мустаҳкам эътиқодли, маърифатли, илмли бўлишимиз зарурлигига алоҳида урғу берди. Бунинг учун зиёлилар алломалар меросини мунтазам тарғиб қилиши, одамлар эса бундай меросдан доимо баҳраманд бўлиши зарур. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуасидаги замонавий музейларнинг таъсирчан кучи халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу масканларга ташриф буюрган киши қайтиш чоғида маънавий жиҳатдан анча ўсган бўлиши керак.
Шунингдек, мажмуани, атрофидаги инфратузилмани замонга мослаб қуриш, зиёратчиларга барча қулайликларни яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди. Дарвоқе, хориждан келтирилган ёки ўзимизда кўпайтирилган майса-чим сувни кўп талаб қиларкан ва уни жуда тез буғлантириб юборар экан, шу сабабли давлатимиз раҳбари мутасаддиларга бутасимон гул ва ўсимликларни кўпайтиришни маслаҳат берди. Бунда сувни тежаш баробарида қишин-ёзин яшилликни сақлаб туриш имкони бор.
Гарчи турли мажлис ва халқаро анжуманларда нутқ, мулоҳаза, ҳатто Самарқандга ташриф буюрганида жамоатчиликка ҳавола этган фикрларидан мунтазам хабардор бўлсам-да, шиддатли замонанинг ҳозирги ҳолатида Президентимиздаги шижоат ва ғайратни, ўктамликни, энг муҳими, халқаро ҳолатга теран муносабатни кўриб ғурурландим. Қарийб бир соатлик мулоқот давомида олган маълумот ва мулоҳазалар шууримни бойитди. Суҳбат жараёнида давлатимиз раҳбари таълим ва илм-фандаги ислоҳотларнинг моҳиятини ҳам жуда равшан тушунтирди.
Хайрлашиш чоғида Президентимиз айтган сўзлар бир соатлик суҳбат давомида олган завқу шавқимиз, сабоқларимизнинг чинакам якуни бўлди:
— Биз жуда катта йўлга чиқдик. Энди орқага қайтиш йўқ. Чунки бу йўлимиз тўғри эканлигини дунё тан оляпти! Бу йўлимиз тўғри эканлигини халқимиз ҳаёти фаровонлигининг кундан кунга ошиб бораётганлиги кўрсатиб турибди. Биз ҳамма соҳада баравар қадам ташлашимиз керак. Ҳар қандай муаммони ҳал қилишга қодир эканлигимизга ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Бу борада самарқандликларга катта ишонч билдираман!
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист