Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Янгиланган тартибга кўра, «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан жарроҳлик амалиётисиз даволаниш харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача — 22 миллион сўмгача маблағ ажратилади.

Тиббий кўрикдан ўтиш харажатлари учун эса БҲМнинг 10 бараваригача — 4 миллион 400 минг сўмгача ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Аввалги тартибда жарроҳлик амалиётлари харажатлари Давлат тиббий суғуртаси шартномасида белгиланган базавий нархлар доирасида қопланган бўлса, энди бемор қайси тиббиёт муассасасида даволанишидан қатъи назар, у тақдим этган шартномада кўрсатилган сумма тўлиқ қоплаб берилади.

Янги тартибда яна бир муҳим ўзгариш бор. Туман ва шаҳар штаблари ажратилган маблағлар доирасида нафақат «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган ёки даромади белгиланган тоифага тушадиган, балки камбағалликка тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган ва бошқа эҳтиёжманд оилаларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Бунинг учун яшаш жойингиздаги маҳалла хотин-қизлар фаолига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.