Пенсия тайинлашда янги тартиб

Айрим фуқароларга ёшга доир пенсияни белгиланган умумий ёшдан икки йил олдин тайинлаш бўйича хизматлар проактив шаклда кўрсатилади.

Зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган, шунингдек, пенсия ёшини қисқартирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга шахсларга Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хизмат кўрсатилади.

Тадбиркорлар учун олдиндан тўлов камаяди

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган тадбиркорлик субъектлари учун ойлик истеъмолга тўланадиган олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланади.

Бу тадбиркорларга коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишдаги молиявий юкни камайтириш имконини беради.

Суюлтирилган газни етказиб бериш тизими ўзгаради

«LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни харид қилиш ва аҳолига етказиб бериш биржа орқали амалга оширилади.

Ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ бозор тамойиллари асосида шаклланадиган биржа нархларида етказиб берилади.

Телефон орқали реклама тарқатишга чекловлар жорий этилади

1 ноябрдан юридик ва жисмоний шахслар SMS орқали товарлар, ишлар ва хизматларни фақат абонентнинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан кейин реклама қилиши мумкин.

Шунингдек, мобил алоқа тармоқлари орқали соат 18:00 дан 09:00 гача реклама қўнғироқлари ва хабарларини тарқатиш тақиқланади.

Мобил алоқа операторлари абонент сўровига кўра, реклама қўнғироқлари ва хабарларини тўлиқ ёки қисман блоклаш имкониятини таъминлаши шарт.

Жамоат тартибини бузганларга чекловлар қўйилади

Ички ишлар органлари ва қўриқлаш хизмати ходимлари «112» тизими орқали келиб тушган жиноятлар тўғрисидаги хабарлар бўйича нафақат жамоат жойларида, балки турар-жой биноларида ҳам ҳодиса жойига етиб боради.

Оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларнинг келгусидаги оммавий тадбирларга кириши чекланиши мумкин.

Халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғими камаяди

Халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимининг амалдаги ставкаси 20 фоизга камайтирилади.

Архив ҳужжатлари ягона тизимга киритилади

Ташкилотлар, шу жумладан нодавлат архивлар ҳам ўзларида сақланаётган архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни Архив ахборот тизими орқали давлат архивларига тақдим этиши лозим бўлади.

Янги қоидаларнинг асосий қисми 2026 йил 1 ноябрдан амал қила бошлайди.