Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси тизимида амалга оширилаётган ишлар доирасида яна бир истеъмолчининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш чоралари кўрилди.
Хусусан, Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Романов Жанибек Каржаувичнинг мурожаати асосида унинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.
Маълум бўлишича, фуқаро «M.C.Z.» МЧЖ билан тузилган шартнома асосида хонадон сотиб олиш учун 150 000 000 (бир юз эллик миллион) сўм тўловни амалга оширган. Бироқ шартнома бекор қилинганига қарамасдан, тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан Федерация вакиллари истеъмолчининг манфаатларини кўзлаб, ҳуқуқий чоралар кўрди ва унинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилди.
2026 йил 22 октябрь куни Зарафшон туманлараро судида мазкур фуқаролик иши кўриб чиқилиб, иш материаллари, тарафларнинг тушунтиришлари ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилди.
Мазкур ҳолат Федерация тизимининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги амалий ролини яна бир бор намоён этади. Зеро, Федерация фаолияти зарур ҳолларда фуқароларнинг қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилишни ҳам қамраб олади.
Таъкидлаш жоизки, уй-жой хариди, қурилиш, савдо-сотиқ, маиший ва бошқа хизматлар билан боғлиқ муносабатларда истеъмолчилар турли ҳуқуқбузарликларга дуч келиши мумкин. Бундай вазиятларда муаммони ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган тақдирда Федерациянинг ҳудудий бирлашмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига мурожаат қилишлари мумкин. Федерация тизими мурожаатларни ўрганиш, ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатиш, қонунчиликда белгиланган тартибда бузилган ҳуқуқларни тиклашга кўмаклашишга доимо тайёр.
Зеро, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — унинг муаммосига бефарқ бўлмаслик, қонуний манфаатларини тиклаш йўлида амалий ҳаракат қилиш демакдир.
Истеъмолчи ҳуқуқи — қонун ҳимоясида!