Жалб этилган маблағлар янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳамда пойтахт иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилди.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЙҲМ) 226,0 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизлик ўсиш демакдир.
Белгиланган 11,2 фоизлик прогноз ортиғи билан бажарилди, натижада Тошкент шаҳри республикада ЙҲМ ўсиш суръати бўйича энг юқори натижани қайд этди.
Шунингдек, 2026 йилнинг олти ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 109,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,0 фоизга ошди. Белгиланган 8,0 фоизлик прогноз тўлиқ бажарилди.
Инвестициялар йўналишида эса ҳисобот даврида 4,3 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп бўлиб, пойтахт иқтисодиётига хорижий инвесторларнинг ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Шунингдек:
— 249 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди;
— умумий қиймати 657,5 млн АҚШ доллари бўлган янги лойиҳалар фойдаланишга топширилди;
— 9,8 мингта янги иш ўрни яратилиб, минглаб оилалар учун барқарор даромад манбаи таъминланди;
— 1 млрд 546,9 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 77 та лойиҳа амалга оширилиб, 4,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Белгиланган кўрсаткичлар 148 фоизга бажарилди.
Мазкур лойиҳалар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва янги кооперация алоқаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Маҳаллийлаштириш лойиҳалари ҳисобидан 121,6 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Бу пойтахт корхоналарининг ташқи бозорлардаги мавқеи мустаҳкамланиб, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро рақобатбардошлиги ошиб бораётганини кўрсатади.
Эришилган натижаларнинг асосий ижтимоий самараси — янги иш ўринлари, аҳоли даромадларининг ошиши, замонавий ишлаб чиқаришларнинг ташкил этилиши, саноат салоҳиятининг кенгайиши ҳамда шаҳарнинг иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилганидир.