«9 соат»нинг сири нимада?» сарлавҳаси билан ёзилган қайдларда журналист Президентнинг ватандошлар билан учрашувида айтган «Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!» деган сўзларини келтиради.
Азиза Қурбонованинг ёзишича, Сеул Тошкентдан тўрт соат олдинда. 15 сентябрь куни Ўзбекистонда тонгги соат 6 бўлган пайтда давлат раҳбари Корея Миллий Ассамблеясида учрашув ўтказаётган эди.
Журналист Президент парламент спикери билан хайрлашаётганида «Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти», деганини ҳам қайд этган.
Унинг таъкидлашича, давлат раҳбарининг ўша кунги иш дастурида бир нечта учрашув ва қабуллар, Ўзбекистон — Корея бизнес форумида нутқ сўзлаш, ҳужжатларни имзолаш маросими, Ўзбекистон вилоятларидаги 5 та қўшма янги лойиҳага старт бериш, Кореянинг 10 та йирик компанияси билан музокаралар ҳамда ватандошлар билан учрашув бор эди.
Журналист протокол хизмати давлат раҳбарига бир неча бор «9 соат бўлди», деб эслатганини ёзади. Бироқ Президент ватандошлар билан мулоқотни давом эттирган.
Учрашувда Кореяда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар, уларнинг фаолияти ва таклифлари ҳақида суҳбатлашилган.
“…Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар…
Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!” деган Президент мулоқот чоғи.
Қурбонова Кореяда тадқиқот олиб бораётган Елена Чуянова «ппалли-ппалли» — тезкорлик маданияти ҳақида гапирганини ҳам келтиради. Унинг талқинида, бу тараққиётдан ортда қолмаслик, вақтни нафақат жисмонан, балки маънан ҳам енгишни англатади.
Журналист бу ёндашувни Президентнинг «шошилмасдан шошилиш» тамойили билан қиёслайди.
«Бир дақиқа ҳам вақтларингизни бекорга ўтказманглар. 5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, Ватанга садоқат билан хизмат қилинглар», — деган Президентнинг сўзларини келтиради журналист.
Қурбонованинг ёзишича, ватандошлар билан учрашувдан кейин ҳам давлат раҳбарининг иш куни давом этган. 16 сентябрь куни Марказий Осиёнинг беш давлати ва Корея Республикаси иштирокида саммит ўтказилиши режалаштирилган.
«Қачон раҳбар дам олади — бу саволга жавоб топиш бутун делегация учун ҳозирча жумбоқ», — деб ёзади журналист.
У ўз қайдларини Президентнинг «Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунингизча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак», деган сўзлари билан якунлайди.