Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Хусусан, Афғонистондан 25 кг 444 гр “опий” ва 11 кг 86 гр “гашиш” моддалари мамлакатимизга контрабанда қилинганлиги аниқланиб, ушбу заҳри қотилнинг буюртмачиларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилди.

Натижада, назорат остида Самарқанд шаҳрига етказилган гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олган вақтларида 1989 ва 1997 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ҳамда 1993 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар хорижлик фуқаро ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳамда Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда эса 1955 ва 2001 йилларда туғилган 2 нафар Афғонистон фуқароси Термиз халқаро савдо марказида 1 кг 76 гр “опий” моддасини шартли харидорга 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

Аниқланишича, улар гиёҳвандлик воситаларини яширин тарзда олиб келишда ўз ички органларидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланишган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.