Бугун, 8 июнь куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмаяпти. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
9 июнь куни эса Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида, шунингдек Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши эҳтимол қилинмоқда.
10–12 июнь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Фарғона водийси вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол тезлиги секундига 7–12 метрни ташкил этади, айрим вақтларда 13–18 метргача кучаяди. Чўл ҳудудларида 8 июнь куни шамол тезлиги 20–22 метргача етиши мумкин. Айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилади.
Ҳаво ҳарорати асосан 32–37 даража атрофида бўлади, жанубий ҳудудларда эса 39 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 8–12 июнь кунлари айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиб, сел-сув тошқини хавфи юзага келиши мумкин.
Пойтахт Тошкентда бугун ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати 35–37 даража бўлади. 9 июнь куни қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. 10–12 июнь кунлари эса қуруқ об-ҳаво сақланиб, кундузи ҳаво ҳарорати 33–35 даража атрофида бўлади.