Бу ҳақда партия матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 март куни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Унга кўра, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланди.

Шу билан бирга, мутахассислар мавжуд чоралар ҳали етарли эмаслигини, мазкур масала тизимли ва комплекс ҳуқуқий ёндашувни талаб қилишини таъкидламоқда.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси илғор хорижий тажриба асосида тайёрланиб, унда нафақат жазо чоралари, балки муаммонинг илдизига таъсир қилувчи қатор механизмлар назарда тутилган.

Жумладан:

  • ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳисобланадиган хатти-ҳаракатларни қонун билан аниқ белгилаш ва ушбу ҳаракатларни қатъий тақиқлаш;
  • ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш, бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача жарима қўллаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (амалдаги 50 баробаргача ва 6 ой озодликдан махрум қилиш);
  • айбдор шасхларга жавобгарлик қўлланилиши билан бирга ҳайвонларга етказилган жароҳатлар учун айбдор ҳайвонни соғлигини тиклаш билан боғлиқ ветеринария харажатларини тўлиқ қоплаши шартлигини белгилаш (ҳатто бу харажатлар ҳайвоннинг бозор қийматидан анча юқори бўлган ҳолатларда ҳам);
  • ҳайвонлар билан жамоат жойларида бўлиш учун қулай муҳитларни (Pet-friyendly) ташкил этиш, жумладан кўзи ожизларга ҳамроҳлик қилувчи итлар (ит-йўлбошловчилар) ва эмоционал кўмакчи ҳайвонларни жамоат транспортида олиб юришда имтиёз беришни қонуний мустаҳкамлаш;
  • ҳайвонлар эгаларининг уларни ҳимоя қилиш, ветеренария хизматларини кўрсатишни ташкил этиш, қаровсиз қолдирмаслик каби мажбуриятларини белгилаш, ҳайвонларни ташлаб кетиш ҳолатларига барҳам бериш;
  • таълим муассаларида ва оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларга ғамхўрлик ва уларга меҳрли муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришга оид тушунтириш ва хабардорликни ошириш ишларини олиб бориш ҳамда шафқатсиз муносабатни ва унинг тарғиботини тақиқлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Ўзбекистон Экологик партияси мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан жамоатчилик фикрларига очиқ эканини билдириб, барча таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши нафақат ҳайвонларни ҳимоя қилиш, балки жамиятда инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.