Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХ ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Марҳамат тумани марказидаги савдо мажмуасида 1991 йилда туғилган фуқаро шартли харидорга 900 дона “Keto coffee mix” маҳсулотини 6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Суриштирув жараёнида ушбу маҳсулот Андижон шаҳридаги “Жаҳон савдо комплекси”да жойлашган дўкондан олингани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган.
Натижада Андижон шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқарога тегишли дўкондан қўшимча равишда 480 дона “Keto coffee mix” маҳсулоти олинган.
Қайд этилишича, ашёвий далил сифатида мусодара қилинган жами 11 килограмм “Keto coffee mix” маҳсулоти таркибида кучли таъсир қилувчи “сибутрамин” моддаси борлиги маълум бўлган. Ушбу модданинг Ўзбекистон ҳудудида муомаласи тақиқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.