Бу ҳақда Axios нашри маълум қилди.

Хабарда айтилишича, учрашув шанба куни Покистон ҳудудида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бироқ Эрон давлат оммавий ахборот воситалари бундай музокаралар режалаштирилмаганини маълум қилди.

АҚШ маъмуриятига кўра, мазкур ташриф сўнгги кунларда секинлашган дипломатик жараёнларни жонлантириш ва келишувга эришиш учун имконият яратишга қаратилган. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левиттнинг таъкидлашича, Эрон томони музокараларга қизиқиш билдирмоқда ва АҚШ раҳбарияти дипломатияга имконият беришга тайёр.

Шу билан бирга, Эроннинг ИРНА ва Тасним ахборот агентликлари ҳозирча АҚШ вакиллари билан тўғридан-тўғри учрашув режалаштирилмаганини билдирди.

Маълумотларга кўра, Аббос Арақчи жума куни кечқурун Исломободга етиб келган ва Шаҳбоз Шариф ҳамда бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Ушбу мулоқотларда АҚШ билан музокараларни қайта тиклаш масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкин.

Айни пайтда, эҳтимолий учрашув қачон бўлиб ўтиши ноаниқлигича қолмоқда. Айрим манбаларга кўра, музокаралар душанба кунига қолдирилиши мумкин.

Қайд этилишича, АҚШ вице-президенти ЖД Венc ушбу ташрифда иштирок этмайди, бироқ зарурат туғилса, музокараларга қўшилишга тайёр ҳолда қолади.

Мутахассислар фикрича, ушбу учрашув эҳтимолий келишув йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин, аммо томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.