Сув ҳақида одатда у камайганда ўйлаймиз. Жўмракдан сув оқаётганида эса қадрини етарлича ҳис қилмаймиз. Аслида, ҳар куни беҳуда оқаётган бир неча литр сув бир ойда юзлаб, бир йилда эса минглаб литрга айланади. Бугун биз учун оддий туюлаётган обиҳаёт масаласи эртага бутун жамиятнинг энг катта муаммоларидан бирига айланиши мумкин. Шунинг учун сув тежашни тугаганидан кейин эмас, ҳозирдан бошлаш лозим.
Паркент туманидаги хонадонлардан бирида айнан шу ғоя асосида кичик,
аммо амалий тажрибани бошладик. Мақсадимиз оддий — томдан тарнов орқали оқиб
тушаётган ёмғир сувини шунчаки канализацияга ёки кўчага оқизиб юбормай, йиғиш,
сақлаш ва ичимлик сув талаб қилмайдиган эҳтиёж учун қайта фойдаланиш эди.
Тажриба оддий, аммо натижалари бу масалага бошқача қараш кераклигини кўрсатди.
Хонадон томининг сатҳи тахминан 200 квадрат метр. Унинг тўртта бурчагида ёмғир
сувини чиқарувчи тарновлар мавжуд. Ҳозирча улардан фақат биттаси йиғиш тизимига
уланди. Апрелда ёмғир ёққанида бир кунда фақат шу битта тарновдан тахминан 2
тонна, яъни 2000 литр сув йиғилди.
Тасаввур қилинг: аввал кўчага оқиб кетадиган сувнинг ўзи биргина
ёмғирда 2 тоннали захирага айланди. Бу натижа бизни яна бир савол хусусида
ўйлашга мажбур қилди: агар битта бурчакдан 2 тонна сув йиғилаётган бўлса,
томнинг тўрт бурчагини ягона тизимга бирлаштирсак, қанча сувни сақлаб қолишимиз
мумкин? Шу туфайли лойиҳамизнинг кейинги босқичида томнинг тўрт бурчагидан
тушадиган сувни битта — марказий йиғиш нуқтасига олиб келишни режалаштирдик.
Бу шунчаки сув йиғиш эмас, балки хонадоннинг ўзида кичик сув
захирасини яратиш деганидир. Ичимлик сувни техник эҳтиёжларга сарфлаш зарур.
Истеъмол қилиб бўлмайди. Чунки бундай сувни ичимлик мақсадида ишлатиш учун
тегишли тозалаш, дезинфекция ва санитария талаблари бажарилиши керак. Аммо
кундалик ҳаётимизда сув талаб қиладиган жуда кўп бошқа эҳтиёжлар бор. Масалан,
кир, юз-қўл ва автомобиль ювиш, ҳовлига сув сепиш, экин ва томорқани суғориш,
чорвани суғориш, қуёш панелларини тозалашда фойдаланиш мумкин. Демак, бир
томондан ичимлик сувни асраяпмиз. Иккинчи томондан эса ёмғир сувини фойдали
ресурсга айлантиряпмиз.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати, йиғилган сувни керакли жойларга
етказиш учун насосдан фойдаланилмоқда. У эса қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган
электр энергияси ёрдамида ишлайди. Яъни бир тизимда икки табиий ресурсдан
фойдаланилади. Натижада хонадоннинг сув ва энергия тежамкорлиги яхлит тизимга
бирлаштирилади.
Бу қанчалик фойдали?
Кўпинча янги ғоялар ҳақида гапирганда “Бу қанчалик фойдали?” деган
савол туғилади. Тажрибамизда бунга аниқ рақамлар билан жавоб бериш мумкин.
Тизим ўрнатилишидан аввал хонадонда ичимлик сувга ойига тахминан 150 минг
сўм тўланарди. Тизим ўрнатилгандан сўнг бу маблағ 56 минг сўмгача камайди.
Демак, бир ойда 94 минг сўм тежалмоқда. Бир йил ҳисобида эса тахминан 1 миллион
128 минг сўмни иқтисод имконияти пайдо бўлди.
Бундан ташқари, суғориш, автомобиль ювиш, ҳовлига сув сепиш, қуёш
панелларини тозалаш каби эҳтиёжларда ишлатилаётган сувнинг қиймати бу ҳисобга
тўлиқ киритилмаган. Шунинг учун лойиҳанинг реал иқтисодий самараси фақат сув
тўловидаги камайишдан ҳам каттароқ.
Лойиҳага сарфланган
маблағ
Тизимни йўлга қўйиш учун тахминан 3 миллион 700 минг сўм сарфланди.
Икки дона 1 тоннали бочка — 1 миллион сўм, насос — 1 миллион 200 минг сўм,
қувурлар ва томчилатиб суғориш учун зарур жиҳозлар — 1 миллион сўм, фильтр —
200 минг сўм, иш ҳақи — 300 минг сўм.
Бу маблағни фақат дастлабки харажат сифатида тушунмаслик керак. Чунки
қурилма йиллар давомида ишлаши ва сув харажатларини камайтириши мумкин. Фақат
ичимлик сувга тўловнинг камайиши ҳисобига дастлабки харажатнинг қопланиш
муддати тахминан 3 йил атрофида бўлиши мумкин. Бошқа хўжалик эҳтиёжларидаги
тежамкорлик ҳам ҳисобга олинса, лойиҳа янада манфаатли бўлади.
Энди масалага битта хонадон эмас, бутун Ўзбекистон нуқтаи назаридан
қарайлик. Мамлакатимиз аҳолиси 39 миллиондан зиёд. Агар бир кишига кунига
ўртача 99 литр ичимлик сув тўғри келса, мамлакат миқёсида ҳар куни 3,861
миллион куб метр сув сарфланади. Бир йилда эса тахминан 1,409 миллиард куб метр
бўлади. Бу рақам Ўзбекистондаги барча сув истеъмолининг расмий умумий ҳажми
эмас. Фақат аҳоли сони ва бир кишига 99 литр кунлик истеъмол кўрсаткичидан
келиб чиқадиган ҳисоб-китоб, холос.
Аммо унинг ўзи ҳам муаммонинг кўламини кўрсатади. Агар шу сувнинг
ҳатто кичик бир қисмини тежаш имконияти яратилса ҳам мамлакат миқёсида
сезиларли натижага эришилади. Сув таъминотига тушадиган босим камаяди.
Яширин имконият
Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчилик миқдори ҳудудларга қараб фарқ қилади.
Лекин ҳар бир ҳудудда ёмғир ёғади. Бугун эса кўплаб хонадонларда томдан
тушаётган ёмғир суви фойдаланилмай оқиб кетади. Бу ерда катта имконият
яширинган. Том аслида фақат уйни ёмғирдан ҳимоя қиладиган конструкция эмас,
балки сув йиғиш майдони ҳам бўлиши мумкин. Агар томдан тушадиган сув тарнов
орқали резервуарга йўналтирилса, фильтрдан ўтказилса ва хавфсиз фойдаланиш
тизими яратилса, хонадон ўзининг кичик сув захирасига эга бўлади. Буни
қурилаётган янги уй-жой лойиҳаларида айнан шу имкониятни ҳисобга олиш керак.
Агар бундай тизим оддий хонадонда 200 квадрат метрли томда самара
бераётган бўлса, катта томли мактаб, боғча ёки поликлиникада унинг имконияти
янада юқори бўлади. Мактаб томидан йиғилган ёмғир сувини ичимлик учун эмас,
балки ҳовли, яшил ҳудудлар ва техник эҳтиёжлар учун ишлатиш мумкин. Боғчаларда
ҳам шу тамойилни қўллаш мумкин. Поликлиника ва бошқа ижтимоий объектларда эса
сув сарфининг муайян қисмини ёмғир сувига ўтказиш орқали техник мақсадда
ишлатиладиган ичимлик сувга талабни камайтириш мумкин. Шу туфайли ушбу
ташаббусни фақат хонадонлар учун эмас, ижтимоий объектлар учун ҳам алоҳида
пилот лойиҳа сифатида синаб кўриш зарур.
Лойиҳанинг биз учун энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, иш фақат
қурилмани ўрнатиш билан тўхтаб қолмаяпти. Амалий тажриба билан бир вақтда
қонунчилик бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик
палатасидаги депутатлар билан бирга ёмғир сувини йиғиш, ундан самарали
фойдаланиш ва сувни тежаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган
қонунчиликка таклифлар тайёрлаш ишлари бажарилмоқда. Бу жуда муҳим босқич.
Чунки битта хонадон ўз ташаббуси билан тизим ўрнатиши мумкин. Аммо бундай
амалиётни минглаб ва миллионлаб хонадонларга етказиш учун ҳуқуқий, ташкилий ва
иқтисодий механизмлар зарур.
Шу боис, биз ўз тажрибамизни қонунчилик таклифлари билан боғлашга
ҳаракат қиляпмиз. Лойиҳанинг ғоясини ривожлантириш, тизимли шаклга келтириш,
таклифларни таҳлил қилиш ва келгусидаги йўналишларни белгилаш жуда муҳим.
Мақсад қонун ёзишнинг
ўзи эмас
Бу ерда асосий мақсад янги талабларни шунчаки жорий қилиш эмас.
Аввало, саволга жавоб топиш керак. Қандай қилиб аҳоли учун қулай, арзон ва
самарали ёмғир сувини йиғиш тизимини яратамиз? Бунинг учун пилот лойиҳалар
керак. Масалан, дастлаб айрим маҳаллаларда хонадонлар танланади. Уларнинг томи
майдони, йил давомида йиғилган сув миқдори, сув сарфи, иқтисодий тежамкорлиги
ва қурилманинг хизмат кўрсатиш харажати ўрганилади. Кейин натижалар таққосланади.
Шундан сўнг энг самарали моделни бошқа ҳудудларга жорий этиш мумкин.
Лойиҳанинг яна бир йўналиши инновация. Ушбу лойиҳа бўйича патент
олганмиз. Энди бу тажрибани янада такомиллаштириб, аҳолига қулайроқ, ихчамроқ
ва самаралироқ янги фойдали қурилма яратиш ҳамда унга белгиланган тартибда
патент олиш ҳаракатидамиз. Мақсад фақат патент ҳужжатига эга бўлиш эмас, балки
одамлар реал ҳаётда фойдаланадиган қурилма яратиш. У оддий, нархи имкон қадар
арзон бўлиши керак. Ўрнатиш осон, техник хизмат кўрсатиш эса қулай бўлиши
лозим.
Бугун Паркентдаги бир хонадонда бу тизим ишламоқда. Бир ёмғирда 2 тонна сув. Бир ойда 94 минг сўм тежамкорлик. Бир йилда 1 миллион 128 минг сўм. Лекин бу рақамларнинг энг катта қиймати пулда эмас, балки шундай тажриба мавжудлигида. Биз “буни қилиш мумкинми?” деган саволга энди назарий эмас, амалий жавоб бера оламиз. Ҳа, мумкин. Ёмғир сувини йиғиш, сақлаш, техник эҳтиёжларга йўналтириш ва ҳатто насос орқали керакли жойга етказиш мумкин.
Энди навбатдаги савол: буни қандай қилиб минглаб хонадонларга
етказамиз? Бугуннинг энг муҳим вазифаси ҳам шу. Чунки сув масаласи эртанги
куннинг муаммоси эмас. У бугуннинг муаммоси. Бугун ёмғир ёғаётган пайтда биз
сувни оқизиб юборсак, эртага қурғоқчилик келганда уни излашимиз тайин. Шу боис,
эртага сувни қидирмаслик учун бугун ёмғирни йиғайлик.
Муҳсиддин
НИЗОМИДДИНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати