Янги стандарт бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларда даромадларни тан олиш, баҳолаш ва молиявий ҳисоботларда акс эттириш тартибини белгилайди.

Ҳужжатга мувофиқ, даромадлар икки тоифага ажратилади.

Биринчи тоифа — мажбурий келишувсиз операциялар бўлиб, уларга солиқлар, йиғимлар, грантлар, хайриялар ва беғараз ўтказмалар киради.

Иккинчи тоифа эса мажбурий келишув асосидаги операциялар бўлиб, давлат буюртмалари, хизмат кўрсатиш шартномалари ҳамда грант ёки маблағ эвазига муайян натижага эришиш назарда тутилган келишувларни қамраб олади.

Стандартга кўра, мажбурий келишувсиз операцияларда даромад пул маблағи ёки бошқа ресурслар олинганда ёки уларга бўлган ҳуқуқ юзага келганда тан олинади. Агар маблағ билан боғлиқ мажбурият мавжуд бўлса, даромад ушбу мажбурият бажарилиши жараёнида эътироф этилади.

Мажбурий келишув асосидаги операцияларда эса даромад маблағ келиб тушган вақтда эмас, балки шартнома бўйича мажбурият бажарилганда ёки унинг бажарилиш жараёнида тан олинади. Солиқ даромадлари эса солиққа тортиладиган ҳодиса содир бўлган пайтдан ҳисобга олинади.

Мазкур стандарт даромадларни тўғри таснифлаш, ўз вақтида тан олиш, ҳаққоний баҳолаш ҳамда уларни халқаро бухгалтерия ҳисоби стандартлари талабларига мувофиқ молиявий ҳисоботларда акс эттиришни таъминлашга хизмат қилади.