Президентимизнинг мустақиллигимиз­нинг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқини тинглаганимизга ҳам 30 кунга яқин вақт бўлиб қолибди. Аммо ўша кун — 28 августдан буён қалбимизни бир даъватона фикр нурга, қувончу фахрга, шукроналик туйғусига тўлдириб турибди.

Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувонч­ли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз”. Мамлакатимиз етакчисининг бу гапи замиридаги ҳаётий оҳангдан олам-олам маъно, қутлуғ бир муждалар туйдик.

Бунда, аввало, юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётгани ҳақида айтмоқ жоиз. Агар фикрни бир жойга жамлаб таҳлил қилсак, кейинги 10 йилда давлатимиз раҳбарининг тинимсиз меҳнати, қатъий сиёсий иродаси ва энг муҳими, халқимизга буюк меҳри билан 100 дан зиёд соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилганини фаҳмлаймиз.

Ҳозир уларнинг ҳар бирини алоҳида санасак, туркум-туркум достон бўлади. Биргина маънавият соҳасининг ўзида катта ўзгаришлар гувоҳи бўляпмиз. Бу жажжи болаларимизни мактабгача таълимга қамраб олишдан тортиб, азиз фарзандларимизни китобхонликка жалб этиш, ёзувчи-шоирларимиз, зиёлиларимизга эътибордан маҳаллалардаги маънавий муҳитни қўр олдиришгача бўлган қутлуғ жараёнларда кўзга ташланади.

Давлатни қудратли қилиш ғоя билан амалга ошадиган жараён. Бу ғоя атрофида бутун бир халқ бўлиб бирлашиш эса маънавий тафаккур билан рўёбга чиқади.

Биз ҳозиргина Президентимизнинг мустақиллик байрамидаги нутқига бежиз тўхталмадик. Боиси, мазкур концептуал нутқ келгуси ўн йилликдаги миллий юксалиш йўлимизни белгилаб берган муҳим сиёсий, ижтимоий-маънавий ҳужжат сифатида қалбимизга муҳрланди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида миллий қадриятларимизнинг қайта тикланаётганини, ўзлигимизни тобора англаб етаётганимизни мустақиллик берган улуғ неъмат сифатида баҳолади. Яна таъкидладики, “Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик маж­муалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик. Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз”.

Мана шу нуқтада “бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва ­тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз” деган қутлуғ бир ишонч ҳисси вужудингизни қамраб олади. “Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз” деган мақсад эса бизни маънавий юксалишлар ҳақида фикрлашга ундайди.

Ушбу гапларни телевидение орқали эшитганимда мамлакатимиз раҳбарида миллий ва диний қадриятларимизга, аждодларимизга эҳтиром ғояси кеча пайдо бўлган эмас деган фикрлар хаёлимдан ўтди. Чунки мамлакатимиз етакчиси 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида оламшумул нутқ сўзлаб, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаши ҳақида сўзлаган ва бу борада Ўзбекистонда қилинаётган ишлар тўғрисида хабар берган, Имом ал-Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарорини ҳам ўша ерда маълум қилган эди. Шундан сўнг Имом ал­Бухорий мангу қўним топган манзилда бирин-кетин бинолар қад кўтара бошлади. Аввал ана шу тилга олинган марказ, ортидан Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Мана, энди қаршимизда улкан меъморий обида — Имом ал-Бухорий мажмуаси қад кўтариб турибди.

2020 йил ҳамон ёдимизда. Ўша йили қиш ойларидан бирида биз, нуронийларга Президентимизнинг Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш борасидаги топшириғи ва бу ишни пухта амалга ошириш режаси ҳақида айтилиб, оқсоқоллардан дуо олинганди. Мана шу гапнинг бўлганига 6 йил ўтибди. Бизга мажмуа қурилиши бир қадар чўзилгандай туюлганди. Бунинг сабабини ке­йин англаб етдик. Давлатимиз раҳбари ҳар гал Самарқандга ташриф буюриб, мажмуа қурилишидан хабар олганида, берган ҳар бир топшириғи бўйича натижа сўрар ва “Халқимизда етти ўлчаб, бир кес” деган мақол бор, биз бу ерда қилаётган ишларимизда етмиш ўлчаб бир кесишимиз керак” деган гапни айтар экан.

Мажмуа қурилиши тугалланиб, фойдаланишга топширилганига 6 ойатрофида вақт ўтди. Шу орада бориб, муборак бу масканни зиёрат қилганимизда, уни кўздан кечириш анча юзаки бўлганини энди англадим. Яқинда меҳмонлар баҳонасида Имом ал-Бухорий мажмуасига яна бордик. Бу галги сафаримиз бутунлай бошқача бўлди — уни эринмасдан томоша қилдик.

Биз бу манзилнинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолати ҳақида тасаввурга эга эдик. Авваллари бу ерда улуғ муҳаддис қабри жойлашган кичиккина мақбара ва унинг ёнида қурилган масжид ҳамда экилган бир неча чинорни билардик, холос. 1997 йилда ҳукуматимиз ­алломанинг 1225 йиллигини нишонлаш бўйича қарор қабул қилган ва шу қарор асосида 10 гектар ерда янгидан мақбара ва 1500 киши сиғимига эга масжид қурилган.

Энди қаршимизда турган мажмуа аввалгисидан мутлақо фарқ қиладиган, чинакам маънодаги бетакрор меъморий обидага айланган эди. Билдикки, мажмуа майдони 45 гектарга кенгайтирилибди, 10 минг кишига мўлжалланган янги масжид қурилибди. Мақбара кенгайтирилибди, баландлиги 23 метрга етказилибди. Қадамжода 14 мовий гумбаз ва ҳар бири 75 метрли 4 та минора қад кўтарибди. Энг илғор ва замонавий ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей ташкил этилибди. Унга ўтган пайғамбарлар, жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси ва ҳаётига, Имом ал-Бухорийнинг илмий меросига, ҳадислар жамланиши ва ёзилиши тарихига оид бебаҳо маълумотлар жойлаштирилибди. Хуллас, қаршимизда нафақат Самарқандда, балки мамлакатимизда ҳам ягона бўлган санъат мўъжизаси турарди!

Мажмуа қурилиши билан қизиқиб, директор Саҳобиддин Арзиқулов билан суҳбатлашдик. Унинг гувоҳлик беришича, маж­муа бош меъмори Президентимизнинг ўзи бўлган. Бу ерда бажарилган ҳар бир иш — каттасидан кичигигача унинг бевосита маслаҳатлари билан қилинган. Ҳар ташриф буюрганида аввал берилган топшириқлар натижасини сўраган, ортидан эса навбатда бажариладиган вазифаларни тайинлаган.

Англадикки, қурилиш материалларининг аксарияти, турли рангдаги қимматбаҳо тошлар чет элдан — Италия, Туркия, Португалия, Грециядан, устунлар Ҳиндистондан келтирилган. Ҳирот оқ мармарини эса 16 та юк машинасида афғонистонлик биродарларимиз юборганини интернет манбаларидан ўзим ўқиганман. Ҳунарманд усталарнинг ҳам бир қисми ташқаридан — Туркия, Марказий Осиё мамлакатларидан таклиф қилинган. Аммо асосий масъулият самарқандлик маҳаллий усталар зиммасида бўлган.

Мақбарага бўёқ мутлақо ишлатилмаган. Пештоқлардаги арабча ёзувлар ҳам қуйма ҳолида маҳкамланган. Ёғоч рангда кўринадиган устунлар аслида тошдан ясалган. Ҳамма ишлар қўлда бажарилган. Ҳамиша мовий рангда жилоланиб турадиган ҳовузлар микроиқлимни барқарорлаштириб туради. 600 йиллик чинорлар эса сақланиб қолган.

Мажмуа илгари 12 минг кишига хизмат қилиш имкониятига эга бўлган бўлса, энди бу кўрсаткич 65 мингга етган. Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, мажмуа очилган биринчи ойдаёқ 1 миллиондан ортиқ зиёратчи келган.

Мажмуа ҳузурида туризм маркази мавжуд. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилган. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 176 ўринли 22 та оилавий меҳмон уйи ҳамда автотураргоҳ қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ободонлаштириш ишлари бажарилган. Мажмуа ҳудудида 130 мингдан зиёд гул, бута ва дарахт кўчати экилган. Қадамжодаги барча кўкаламзорлар замонавий ёмғирлатиб суғориш тизими орқали парваришланади.

Қутлуғ маскан яқинида янги туризм объекти — “Kampung Indonesia” (Индонезия маҳалласи) ўз фаолиятини бошлаганидан хабардор бўлган, бошқа исломий давлатлар ҳам бундай маҳаллалар барпо этиши мумкинлигини кўз олдига ­келтирган одамда фахрланишдан бошқа яна қандай туйғулар кечиши мумкин?

“Саҳиҳ ал-Бухорий” Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли ва мўътабар манба ҳисоблангани каби фавқулодда санъат асари ва меъморликнинг бебаҳо намунаси бўлган бу мажмуага ислом оламининг буюк зиёратгоҳи мақоми берилишини умид қиламиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу бетакрор мажмуа янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Дарҳақиқат, зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланиб бормоқда.

2022 йил август ойида бўлиб ўтган бир воқеа ҳамон ёдимдан чиқмайди. Ўшанда Самарқандда “Боқий шаҳар” мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлган, унда Президентимиз нутқида мамлакат истиқболи ҳақида мароқ билан сўзлаган эди.

Орадан кўп ўтмади. Тарихий ва замонавий шарқона архитектура услубида қурилган ва 212 гектарни қамраб олган бу улкан мажмуа ҳар йили 2 миллион сайёҳга хизмат қиладиган, бундан ҳам муҳими, халқаро форумлар ўтказиладиган масканга айланди.

Мажмуа таркибига кирадиган Конг­ресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона қурилганида ана шу улуғ ниятлар назарда тутилганмикан деб ўйлаб қоламан. Гўё бутун дунё худди ўрта асрларда бўлгани каби илму маърифат истаб Самарқандга шошилаётгандай... БМТ тасарруфидаги ва бошқа халқаро ташкилотлар тадбирлари, ЮНЕСКО 43-сессияси йиғилиши, ШҲТ саммити каби ҳар йили 20 дан ортиқ халқаро форум ўтказилаётгани, чет давлатлар раҳбарлари тантанали равишда кутиб олинаётгани Самарқандда Учинчи Ренессанс бошланганининг исботимикан деб ҳайратланаман.

Бу тадбирга ташриф буюрган давлат ва жамоат арбоблари ҳам, мутасадди расмий кишилару олимлар ҳам шу сабаб Самарқанд тарихий обидаларини, жумладан, Имом ал-Бухорий мажмуасини томоша қилади. Табиийки, ўз мамлакатларига қайтганидан кейин афсонавий Самарқанднинг тарғиботчию ташвиқотчиларига айланади. Бу ҳолатни кўз олдимга келтирар эканман, беихтиёр қалбим ғурурга тўлади. Юрт етакчисининг “Қилса бўлар экан-ку!” деган гапларини ичимда такрорлайман, ҳаяжонланаман.

Муҳим аҳамиятга молик яна бир маълумот ёдимга келди. Ўтган йили давлатимиз раҳбари қарорига кўра калом илми асосчиларидан бири, таълимотида дин, шариат ва аҳкомларнинг бош мақсади инсон манфаатларига хизмат қилиш, унга енгиллик яратиш ва уни икки дунё саодатига бошлаш экани таъкидланган Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланган. Ушбу қарор асосида буюк аллома мангу қўним топган масканда 10,2 гектар ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этишга киришилган эди.

Президентимиз жорий йилнинг март ойида Самарқандда бўлганида Имом Мотуридий мажмуасига ҳам ташриф буюрди ва қилинаётган ишларни синчиклаб ўрганиб, қўшимча топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир масалага бу қадар батафсил, синчковлик ва қунт билан ёндашувида улуғ бир ҳикмат кўраман. Балки бу фазилатлар буюк аждодларимиздан мерос бўлган инсонпарварлик ғоясининг Президентимиз томирларида жўш ураётгани натижасидир деб хаёл қиламан. Аллоҳ пешонасини ­сийлайман ­деган халқига унинг муносиб фарзандини раҳнамо қилиб юборади!

Бу гигант илмий-маърифий иншоотларнинг қурилиши янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги залворли қадамлардир, асрларга татигулик ислоҳотлардир. Улар Аллоҳ томонидан бир инсонга юқтирилган буюк тафаккурнинг меъморий ҳосиласидир. Ана шунинг учун ҳам Президентимиз ғоялари навбатма-навбат амалга ошмоқда. Халқимиз маънавий баркамоллиги учун беминнат хизмат қилмоқда.

Учрашувларнинг бирида давлатимиз раҳбари келажагимизни яратишга ҳозирланаётган ёшларга елкасини тутиб беришга тайёр эканини айтганини эслайман. Қўлида ор-номусимиз рамзи — мамлакатимиз байроғини маҳкам ушлаган, қалбида юрт тинчлиги, ватан ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида чинакам фидойилигини ибрат қилиб кўрсатаётган яловбардор раҳбаримизни нега қўллаб-қувватламайлик, нега камарбаста бўлмайлик?! Нега Президентимиз учун биз ҳам елкамизни тутиб бермайлик?! Бу борада ҳар биримизнинг — нуронийларнинг ҳам, ўрта бўғин ва ёш авлоднинг ҳам ўз бурчлари ва вазифалари бор. Зеро, уларни аниқ ва вақтида бажариш Ватанимизга ва Президентимизга садоқатимизнинг ёрқин далили бўлади.

Суюн КАРИМОВ,

Шароф Рашидов номидаги

Самарқанд давлат университети профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси