Яқинда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан “Ренессанс” кино уйида Маданият, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Кинематография агентлиги, тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий, маърифий тадбир ўтказилди.
Таниқли маданият ва санъат ходимлари, мамлакат зиёлилари вакиллари
иштирок этган ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Президентимизнинг “Ўзбекистон
Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик
кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш билан боғлиқ
масалаларни кўриб чиқиш ва вазифаларни белгилаб олиш эди.
Бу йилги истиқлол байрами “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва
келажак яратамиз!” деган бош ғоя остида ўтказилади. Ушбу ғоя жамиятни янада
жипслаштириш, миллий бирликни мустаҳкамлаш, мамлакатда барқарор
ижтимоий-маънавий муҳитни яратиш йўлидаги навбатдаги залворли, дадил
қадамлардан биридир. Шу мақсадда жорий йилнинг апрель-сентябрь ойларида
илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, спортчилар,
жамоатчилик вакилларидан иборат бадиий гуруҳлар тузиш ҳамда улар билан
биргаликда республика бўйлаб кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ва
ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
“Ренессанс” кино уйида тўпланган таниқли олимлар, зиёлилар “Ягона
Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни кенг
халқ оммаси орасида тарғиб этишнинг самарали йўллари, бу борада олдинда турган
ишлар тўғрисида келишиб олди. Тадбир иштирокчиларининг “Миллатни бирлаштириш,
ягона Ватан, ягона халқ бўлишимиз учун, энг аввало, ўзимиз бирлашиб олайлик!”
деган фикрлари тадбирнинг бош мавзуларидан бирига айланди.
Ҳақиқатан, халқимизда “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган мақол
бор. Биз мустақиллик йилларида нимага эришган бўлсак, буларнинг бари
бирлашганимиз, олдимизга буюк мақсадлар қўйиб, уларни бажариш йўлида ўзимизни
сафарбар эта олганимиз туфайлидир. Шу маънода, тадбир иштирокчиларининг “Миллат
ва Ватан манфаатлари йўлида қўлни қўлга бериб бирлашайлик!” деган чақириқлари
бутун жамият аъзолари қалбига етиб борадиган даъват бўлди.
Ҳа, бугун дунёдаги вазият барчадан тинчлик, хотиржамлик, эзгулик
йўлида бирлашишни, ўз миллий тараққиётини, келажагини ўйлаган ҳар бир миллат ва
мамлакат тезроқ, аниқроқ ҳаракат қилишини, бу йўлда миллий бирликка кўпроқ
эътибор беришни талаб қилмоқда. “Бўлинганни бўри ер” мақоли ҳам бежиз
айтилмаган. Бугун дунёда содир бўлаётган геосиёсий вазият, айрим йирик
давлатларнинг ўз “иштаҳаларини қондириш” йўлида ҳеч нарсадан қайтмасликлари
дунё ҳамжамиятига сабоқ бўлиши керак.
Анжуманда ана шу фикрлар янада баландроқ янгради. Зиёлиларимиз,
маънавий-маърифий соҳа тарғиботчилари миллий мустақиллигимизнинг иқтисодий,
сиёсий, маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий пойдеворини янада мустаҳкамлаш
учун умуммиллий бирлашув зарурлигига эътибор қаратди.
Бунинг учун эса кейинги йилларда мустақилликни мустаҳкамлаш, аҳоли
фаровонлигини янада ошириш йўлидаги туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамият
аъзолари онгига кенгроқ сингдириш, кишиларда шукроналик кайфиятини шакллантириш
жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис, тадбир иштирокчилари — барча зиёлилар,
олимлар, маданият ва санъат ходимлари бир овоздан халқ орасига кириш
зарурлигини қайд этди ва “Биз йўлга чиқдик!” дея сафарга отланди.
Тўйга тўёна билан
Халқимиз минг йиллар давомидаги тараққиёти босқичида қанчадан қанча
қадриятлар яратмади дейсиз. Жаҳоннинг турли миллат ва элатлари бу
қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримизни кўриб ҳайратга тушгани ҳам
рост.
Ана шу қадриятлар орасида тўйларимиз алоҳида аҳамият касб этади. Биз
одатда тўйга диққат ва синчковлик билан муносабатда бўламиз. Уй-жойларимизни
саранжом-саришта қиламиз, ҳамма жойни тозалаб, тартибга келтирамиз, келадиган
меҳмонларга чин дилдан, юракдан хизмат қиламиз.
Юқорида тилга олинган қарорда мамлакатимизнинг барча туман-шаҳарларию
қишлоқ-овулларида илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари,
спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат бадиий-ижодий гуруҳлар тузиш ва
улар иштирокида кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий
лойиҳаларни ўз ичига олган “Мустақиллик тўйи” тадбирларини ўтказиш вазифаси
белгиланди.
Дарҳақиқат, бундай тадбирлар ва ижтимоий лойиҳаларнинг мустақиллик
тўйи сифатида нишонланишига аҳд қилиниши халқимизнинг дилидаги иш бўлди. Гап
шундаки, халқимиз бундай тўйни нишонлашга ҳақли. Чунки кейинги йиллардаги кенг
кўламли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, шунингдек, ватандошларимизнинг
бугунги кундан розилиги тўй қилишга арзийдиган воқеликдир.
Келинг, фикримизнинг далили тарзида баъзи мисолларга мурожаат
қилайлик. Яқинда Президентимиз жорий йил биринчи чорагида ҳудуд ва тармоқларда
иқтисодий ўсиш таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан ўтказган
йиғилишда мазкур давр мобайнида ялпи ички маҳсулот 8,7 фоиз, саноат соҳаси 8
фоиз, хизмат кўрсатиш 16,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоиз ўсгани қайд этилди.
Экспорт ҳажми 5,8 миллиард доллар, хорижий инвестициялар ҳажми 13,7 миллиард
долларни ташкил қилгани таъкидланди. Айниқса, йиллик ҳисобда инфляция илк бор
7,1 фоизга тушганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ахир бугун бутун дунёда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайиб бораётган,
миллионлаб одамлар оддий турмуш шароитини яхшилаш, сифатли озиқ-овқат таъминотини
ташкил этишда жиддий муаммоларга дуч келаётган бир пайтда мамлакатимизнинг
бунчалар даражада барқарор ўсиши, ривожланиши мустақиллик, айниқса, сўнгги
тўққиз-ўн йиллар мобайнидаги ислоҳотлар натижаси эмасми?! Нега бу ютуқларни
байрам, тўй қилмаслигимиз керак!
Шу ўринда юртимизнинг барча вилоятлари учун хос бўлган яна бир мисолни
келтирайлик. Авваллари Фарғона вилояти даромадининг 70 фоизи нефть, кимё ва
қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобига шаклланган.
Кейинги йилларда вилоятда 8 миллиард 200
миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувват ишга тушди.
Тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилди, 13 минг кичик ва ўрта
корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 2 карра ўсди. Асосийси, сўнгги 4 йилда
ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга
тушди. Нима, булар тўйга тўёна эмасми?!
Ёки Тошкентда Ислом цивилизация маркази, Самарқандда “Буюк ипак йўли”
ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда “Арда Хива” халқаро туризм маркази ишга
туширилганига нима дейсиз? Ўтган ой Марғилонда очилган “Бурҳониддин Марғиноний”
илмий-маърифий ва туризм мажмуаси катта тўйга катта тўёна эмасми?
Хўш, юртимизга, хонадонларимизга тўй қачон ярашади? Қачонки
даромадимиз кўпайиб, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлса, келган меҳмонларимизни
муносиб кутиб олсаккина кўнглимиз тўқ, дилимиз равшан, кайфиятимиз чоғ бўлади.
Буларнинг бари халқимизда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамлайди, жамиятда
барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиради.
Англамаганга англатиш
керак(ми)?
Бугун янги Ўзбекистон жамиятида миллий бирлик тобора
мустаҳкамланмоқда. Ҳар бир фуқаро миллат ва мамлакат олдидаги масъулиятини
сезмоқда. Бундан атиги тўққиз-ўн йиллар олдин жамият ва мамлакат ҳаётидаги
баъзи ноҳақликлар — моддий таъминотдаги қийинчиликлар, иш билан таъминлаш,
таълим, уй-жой билан боғлиқ масалалардаги эътиборсизликлардан норози бўлганлар
жим туришга, юришга мажбур эди. Ҳозир эса бундай муаммоларни очиқ айтишдан
“ийманадиган”лар сони тобора камайиб бормоқда.
Яхшини яхши дейиш, иллатнинг фазилатдан фарқини билиш ва уни тан олиш
ҳам катта мардлик. Афсуски, орамизда ҳали ҳам собиқ совет даврини қўмсаётган,
оқни оқ, қорани қора дейишни истамаётганлар учраб турибди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек
Ҳасанов кўпчиликнинг кўнглидаги фикрни айтди: “Тан олишимиз керак, бугун
зиёлиларимиз томонидан олиб борилаётган ишлар, ижод жабҳасидаги фаолиятимиз
ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқлар даражасида бўлмаяпти. Орамизда ўнлаб, юзлаб
давр қаҳрамонлари бўлса-да, биз уларни топа олмаяпмиз, улар ҳақида бор гапни
айта олмаяпмиз. Майда маиший мавзуларда ижод қилишдан қутула олмаяпмиз”, деди
у. Ҳақ гап.
Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси, таниқли санъаткор
Матёқуб Матчонов бугунги кунда ўзбек санъаткорлари томонидан миллий
истиқлолимиз, халқимизнинг қандай қийинчиликларни енгган ҳолда озодликка
эришганини тараннум этадиган 25 дан ортиқ фильм яратилгани, булар кино санъати
ходимларининг мустақиллик тўйига муносиб тўёнаси эканини таъкидлаган ҳолда,
ҳали бу борада бажарадиган ишлар кўплигини қайд этди. “Ўзбек киноси айнан
кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги йўлига чиқиб олди, — деди у. —
Киномиз моддий таъминоти тобора мустаҳкамланиб боряпти, кино санъати давлатимиз
раҳбарининг доимий эътиборида. Бироқ биз ҳали мамлакатимиз етакчиси, халқимиз
томонидан қўйилаётган юксак талаблар даражасида ишлаётганимиз йўқ. Айниқса,
сўнгги йиллардаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жозибадор кино санъати орқали
кенгроқ тарғиб қилсаккина биз тўйга муносиб тўёна билан борган бўламиз”.
Минг афсуски, орамиздаги айрим одамлар кўриб кўрмаганликка, эшитиб
эшитмаганликка, сезиб сезмаганликка олади. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг
баъзи консерватив тарзда фикрловчилар ҳақида айтган қуйидаги фикрларига қулоқ
тутишни маслаҳат берган бўлардик.
“...Бундай кимсалар ислоҳот ва янгиланишларга очиқдан очиқ қарши
чиқмайди. Балки уни ичидан ёки ташқаридан бузиш, обрўсизлантиришга уринади.
Арзимаган нарсалардан, яъни “пашшадан фил”, кичик бир ҳодиса ёки
жузъий камчиликлардан фожиа ясашга, баъзи бир уқувсиз раҳбарларнинг
билиб-билмай йўл қўйган хатосидан бутун Ўзбекистонни, раҳбариятни
обрўсизлантириш, ислоҳотлар жараёнини қоралашга, уни ортга қайтаришга ҳаракат
қилади”.
Назаримизда, ана шундай бир пайтда зиёлиларимиз ўзининг ақл кучи,
қувваи ҳофизаси, кўнгил қуввати билан кенг майдонга чиқиши керак.
Тадбирда сўз олган таниқли олима, эл севган шоира Сайёра Тўйчиева
миллий тараққиётимиз натижаси, ислоҳотларимиз даражаси миллий зиёлиларимиз
салоҳияти, уларнинг миллат ва мамлакат тақдирида ўйнайдиган ролига боғлиқлигини
таъкидлади. У ўзининг “Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз” шеърида қуйидагиларни
ёзади.
Эй илм-маърифат, нурлар бирлашинг,
Юрагида олови борлар бирлашинг,
Эй Ватан тарихини битаётганлар —
Алломаи замон, пирлар бирлашинг,
Бирлашсак, эл деган ёруғ бахтдирмиз,
Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз!
Миллий мустақиллигимиз арафасида “Биз йўлга чиқдик!” дея катта тўйга
отланган зиёлиларимизнинг эришган ва эришаётган ютуқларимизга шубҳа билан
қараётганларга айтадиган ўз сўзлари бор. Юртимизнинг тобора тараққий этиб
бораётгани, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётгани, бу нафақат халқимиз,
балки талабчан халқаро экспертлар хулосалари ила тан олинаётгани исбот
қилинмайдиган ҳақиқатдир. Бундай ютуқларимиз сабабини англаш ҳар бир кишининг
виждон амрига ҳавола.
Тарғиботчи ким?
Бугунги глобал ўзгаришлар, дунёнинг шиддат билан ривожланиб бориши,
маънавий таназзул кучайиши, жаҳолат, умумий маънавий-маърифий, мафкуравий савия
пасайиши туфайли орамизда турли таҳдидлар олдида довдираб қолувчилар, бузғунчи
ғояларга алданиб, уларга ишонувчилар ҳам борлигини асло унутиб бўлмайди.
Мамлакатимиз етакчиси шундай ёзади: “...Биз ҳозирги кескин шароитда
ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб
замон талабларига жавоб берадими?”.
Ушбу саволга жавобни ҳам давлатимиз раҳбарининг ўзи беради: “Ҳаёт
янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий “ақл марказлари”мизни шакллантиришни талаб
этмоқда. Лекин, афсуски, дунёда, ён-атрофимизда кечаётган сиёсий-ижтимоий
жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан ва оммабоп шаклда етказиб бераётган
таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Тарғиботнинг илмий асосланган замонавий
технологиялари ва янги шаклларини, таҳдидларга қарши самарали кураш усулларини
ишлаб чиқадиган вақт келди, деб ҳисоблайман”, дейди.
Ана шу вазифаларни адо этиш мақсадида мамлакатимиз етакчиси ташаббуси
билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида “Маърифат”
тарғиботчилар жамияти таъсис этилишини бу борадаги энг самарали ишлар сифатида
қабул қилиш мумкин.
Ушбу жамият раҳбари Бахтиёр Ҳусановнинг таъкидлашича, бугунги кунда
барча ҳудудларда жамоатчилик асосида тарғиботчилар гуруҳлари ташкил этилди,
уларга мазкур ҳудуддаги энг билимли, виждони пок, одамлар орасида муайян
инсоний ва ижтимоий нуфузга эга бўлган 1500 дан ортиқ олим, зиёли қабул
қилинди. Уларнинг меҳнати муносиб тарзда тақдирланиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу
ишлар самарасини бермоқда.
Бироқ юқорида таъкидланганидек, бугун дунёдаги жиддий ўзгаришлар,
айрим мамлакатлар, минтақалар ўртасидаги ўзаро манфаатлар учун курашлар,
ғоявий-мафкуравий таҳдидлар жамият аъзоларидан юксак маънавият, кучли эътиқод,
сиёсий саводхонликни талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги тарғиботчининг
ижтимоий-маънавий қиёфасидаги муҳим жиҳатлар қуйидагилардан иборат бўлиши керак
деб ўйлаймиз.
Биринчидан, биз янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс асосларини қуришни
ўз олдимизга муҳим вазифа сифатида танлаб олганмиз. Тарғиботчи эса ана шу
стратегик вазифанинг туб моҳиятини англамас экан, ишларимиз самарасиз бўлиб
қолаверади. Бунинг учун эса тарғиботчи барпо этаётган давлатимиз суверен,
ҳуқуқий, демократик, ижтимоий ва дунёвийлик тамойиллари асосида қурилаётганини,
мазкур масала конституциявий моҳиятга эгалигини билиши лозим.
Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устуворлиги, унинг ҳимояси давлат
томонидан кафолатлангани — буларнинг бари барқарор ривожланиш мақсадларига
эришишнинг муҳим шарти эканини оддий мисоллар, тадбир ўтаётган ҳудуддаги
ислоҳотлар, ўзгаришлар мисолида тушунтириш ўзининг самарасини беради, албатта.
Шу ўринда бугунги янги Ўзбекистонда “инсон — жамият — давлат” тамойили
ҳаётга жадал жорий этилаётгани, инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар сони
3,5 баробар ошиб, 40 дан ортиқ янги конституциявий ҳуқуқ муҳрлаб қўйилганини
тарғиб қилиш жамият соғломлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит
барқарорлигига эришишда алоҳида ўрин тутади.
Иккинчидан, тарғиботчи фаолиятининг самараси кўп жиҳатдан тадбир
иштирокчиларининг билим савияси, салоҳиятига боғлиқ. Тарғиботчи сифатида ўзимиз
ҳам кўп жойларда, узоқ қишлоқлару овулларда, турли шароитларда бўлишга тўғри
келади. Баъзан аудиториянинг хусусиятларини эътиборга олмаслик, билдирилаётган
фикрнинг ўта “академик” тарзда баён этилиши, ҳудудий ўзига хосликларнинг
назар-писанд қилинмаслиги одамларда ҳақли равишда норозиликлар келтириб
чиқаргани гувоҳи бўлганмиз.
Шу маънода, ҳар қандай тадбирда ҳудуднинг, анжуман иштирокчилари
ижтимоий кайфиятини аниқламасдан туриб, “ваъзхонлик” қилиш асло ярамайди.
Мактаб ўқувчиси, олий таълим талабалари олдида сўзланадиган сўз, билдириладиган
фикр қишлоқ ва овуллардаги отахон ва онахонларга ҳар доим ҳам тушунарли
бўлавермайди. Бу, назаримда, тарғиботчининг “олтин қоида”сига айланиши
керак.
Тарғиботчи ҳар бир тадбир жуда катта масъулиятни талаб этиши, ўзи эса
жиддий имтиҳондан ўтаётганини асло ёддан чиқариши мумкин эмас. Энг муҳими,
тарғиботчи ўзининг гапига ўзи ишониши, уни тафаккур ила идрок этиши лозим.
Маърузачининг ўзи гапираётган гапга ишонмаслиги унинг эътиқодсизлиги
белгисидир. Ўзи ишонмаган гап билан бировнинг қалбига кириш, унда воқеа-ҳодисаларга
ишонч уйғотиш мумкин эмас. Тарғиботчининг вазифаси инсонни тафаккур қилишга
ундаш, унда нарса ёки ҳодисанинг моҳиятини тушунишга рағбат беришдан иборат
бўлиши лозим.
Учинчидан, ҳар қандай тарғиботчининг муваффақияти, аввало, унинг сўз
айтиш санъати, нутқ маданияти, одамларни ишонтира олиш қобилиятига боғлиқ.
Пала-партиш сўзлаш, мантиқсиз гапириш одамларда бу тадбирдан безиш ҳиссини
уйғотади. Масала моҳиятини тушунтиришда ҳаддан ташқари узоқ сўзлаш, мазкур
масалага алоқаси бўлмаган ҳолатларни “қалаштириб ташлаш” асло одамлар томонидан
хурсандчилик билан қабул қилинмайди.
“Маънили сўз — қисқа сўз”лигини унутиш мумкин эмас. Бунинг учун
тарғиботчининг сўз бойлиги кўп бўлиши лозим. Зеро, кишида сўз бойлиги қанчалик
кўп бўлса, одам тилни қанчалик чуқур билса, унинг ички дунёси шунчалик бой
бўлади. Фикр билдирувчи ўзининг “билағонлиги”ни билдириш учун қандайдир янги
сўзларни топишга ҳаракат қилиши, хорижий атамалардан фойдаланишга уриниши унинг
салоҳиятини англатмайди. Аксинча, биз қанчалар даражада оддий халқ тилида
гаплашсак, фикримизни аниқ тарзда баён этсак, тарғиботимиз шунчалар тушунарли
бўлади.
Тарғиботчи сўзининг қудрати шу даражада баландки, у тингловчи кўнглига
ором бериш, қалбини ром қилиш, руҳиятини ўзгартириш, эътиқодини мустаҳкамлаш
кучига эга. “Сен, — дейди буюк мутафаккирлардан бири Хожа Самандар Термизий, —
синов тоши билан текширилган хаёлингдаги ҳар қандай қимматбаҳо танга — сўзнинг
чуқур, юксак маънога эга эканига қатъий ишонч ҳосил қилишинг учун, яна бир
марта тажрибадан — маҳак тоши имтиҳонидан ўтказганингдан кейингина баён
бозорига олиб чиқ”.
Тўртинчидан, тарғиботчи аниқ манбалар, ишончли, тингловчида шубҳа
уйғотмайдиган далиллар асосида суҳбат қуриши зарур. Бунинг учун эса у астойдил
тайёргарлик кўриши, далил, маълумотларни қайта-қайта текшириши, унинг
ишонарлилик даражасини белгилаб олиши лозим бўлади. Хато, ёлғон мисоллар кишида
нафақат тарғиботчига, айни пайтда давлат, унинг ташкилотлари, раҳбариятга
нисбатан ҳам норозилик кайфияти шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.
Бугун турли ижтимоий тармоқларда, интернетда ранг-баранг маълумотлар,
одамларни ҳайратга соладиган далил, рақамлар учраяпти. Афсуски, уларнинг муайян
қисми фейк — асосланмаган, ёлғон маълумотлардан иборат. Шу ўринда
тарғиботчининг вазифаси “маълумотлар дунёси”да адашиб юрган, у ёки бу масалада
ишонарли, қатъий маълумотга эга бўлмаганларни тўғри йўлга солишдир. Бу жуда
мураккаб ва қийин иш, албатта.
Тарғиботчи ўз фаолиятида, назаримизда, кўпроқ далиллар, маълумотлар,
рақамларни солиштириш усулидан кенгроқ фойдаланиши зарур. Масалан, собиқ совет
тузумининг энг манфур жиҳатларидан бири одамларда камбағалпарварлик сифатларини
шакллантириш эди. Бугун эса юртимиздаги энг долзарб вазифалардан бири
халқимизни камбағалликдан чиқариш бўлмоқда.
Президентимиз “Халқимизда “Касалини яширсанг, истимаси ошкор қилади”,
деган доно мақол бор. Биз анча йиллар ана шу ҳикматни унутиб, “Ўзбекистонда
ҳамма бирдай тўкис ва фаровон яшаяпти”, деган гапга ишониб яшадик. Бошқаларни
ҳам шунга ишонтиришга уриндик. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бутун дунё
юртимиздаги аҳволни кўриб-билиб турибди. Афсуски, вақтида тегишли чоралар
кўрилмагани оқибатида бу муаммо анча чуқурлашиб кетди.
Ортиқ бундай яшаб бўлмас эди. Биз аҳолининг муайян қатлами ўртасида
камбағаллик мавжудлигини биринчи марта очиқ тан олдик ва ёрдамга муҳтож
кишиларни ижтимоий адолат тамойили асосида қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни
бартараф этишни давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиладик”, дейди.
Тарғиботчи ана шундай ишонарли далилларга суянгандагина ютуққа эришиши
мумкин.
Бешинчидан, агар тарғиботчи тадбирларда ўзини ҳаддан ташқари расмий
тутадиган бўлса, билингки, бу ҳам умумий ҳолатга салбий таъсир кўрсатиши
мумкин. Далил, рақам, маълумотларни қалаштириб ташлаш, уларнинг изоҳига
беэътиборлик тингловчини чарчатади, зериктиради. Шунинг учун тадбирларда ўзбек
халқ ижодиётидан намуналар, ўрни келганда, мақоллар, турли ривоятлардан
мисоллар келтириш ҳам тингловчи эътибори кучайишига олиб келади.
Юқорида билдирилган фикрларни ўқиб туриб, айримлар “Биз демократик
жамиятда яшаётган бўлсак, ўз йўлимизни ўзимиз топа олиш имкониятлари яратилган
бўлса, тарғиботчилик керакми?” каби иддаолар қилиши табиий ҳол. Бироқ унутиш
асло мумкин эмаски, биз катта йўлнинг бошида турибмиз. Бу йўлда ҳали
адашишимиз, чалғишимиз, турли ички ва ташқи “дўстларимиз” эса атайлаб бизни “ўз
йўлларига” солишга уринишлари мумкин. Бу нарса бугун ҳам ҳар қадамда учрамоқда.
Баъзи фуқароларимиздаги маънавий мудроқлик, улар тафаккуридаги
ожизлик, ижтимоий-сиёсий, мафкуравий масалаларни таҳлил қилишдаги нўноқлик каби
ҳолатларнинг олдини олиш биз учун бугун долзарб масалага айланган.
Бугун мустақиллик байрами, тўйи арафасида турибмиз. Тўйга тўёна билан
бориш миллий қадриятимизга айланган. Бу тўйнинг қанчалар сермазмун ўтишида,
кишилар кайфиятини янада оширишда, барчада шукроналик руҳиятини шакллантиришда
миллий зиёлиларимиз, тарғиботчиларимизнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам
зиёлиларимиз — шоиру ёзувчиларимиз, олимларимиз, маданият ва санъат ходимлари
янгидан янги асарлар, ихтиролар билан йўлга чиқди. Хуллас, биз йўлга чиқдик!.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор