Тантанали тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қозоғистон молия вазири Мади Такиев, икки давлат божхона органлари раҳбарлари ва бошқа расмий меҳмонлар иштирок этди.

Маросимда икки давлат делегациялари иштирокида замонавий божхона постларининг рамзий лентаси қирқилди.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳалар чегара инфратузилмасини модернизация қилиш билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, туристик ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

«Ғишткўприк» пости 9 гектарга кенгайтирилди

Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара божхона пости қайта қурилиб, замонавий инфратузилма билан жиҳозланди.

1991 йил 1 ноябрда ташкил этилган мазкур пост қарийб 35 йил давомида Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги муҳим ўтказиш масканларидан бири бўлиб келган.

Йиллар давомида фуқаролар ва транспорт воситалари оқимининг ортиши, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда туристик алоқаларнинг кенгайиши пост инфратузилмасини тубдан янгилашни тақозо этди.

Масалан, 2024 йилда ушбу пост орқали 11,5 миллион нафар фуқаро ва 291 мингта енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланган. 2023 йилда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 9,8 миллион нафар фуқаро ва 244 мингта автомобилни ташкил этган.

Натижада бир йил ичида фуқаролар оқими қарийб 17 фоизга, автомобиллар ҳаракати эса 19 фоизга ошган.

Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ–122-сон фармони ижроси доирасида 2025 йил февраль ойида постни реконструкция қилиш ва модернизациялаш ишлари бошланган.

Реконструкция натижасида пост ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилди. Фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган инфратузилма ҳам тубдан янгиланди.

Жумладан:

  • фуқаролар ҳаракати йўлаклари 4 тадан 8 тага;

  • енгил автотранспорт воситаларини назоратдан ўтказиш йўлаклари 4 тадан 18 тага;

  • автотранспорт воситалари учун тўхташ жойлари 20 тадан 200 тага етказилди.

Постнинг кунлик ўтказувчанлик имконияти бир неча баробар ошди

Янги инфратузилма ҳисобига постнинг кунлик ўтказувчанлик имконияти ҳам сезиларли даражада оширилди.

Кўрсаткич

Аввал

Ҳозир

Фуқаролар

31 минг нафар

100 минг нафар

Енгил автомобиллар

750 та

3 000 та

Автобуслар

70 та

400 та

Шундай қилиб, пост энди кунига 100 минг нафар фуқаро, 3 мингта енгил автомобиль ва 400 та автобусни ўтказиш имкониятига эга.

Замонавий назорат тизимлари жорий этилди

«Ғишткўприк» чегара божхона постида назорат самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида замонавий техник воситалар ўрнатилди.

Жумладан:

  • 3 та инспекцион кўрик мажмуаси;

  • 10 та рентген аппарати;

  • 2 та Body Scanner қурилмаси;

  • 6 та радиацион портал монитори;

  • 188 та кузатув камераси;

  • 5 та видеосервер.

Шунингдек, йўловчилар учун паспорт назорати кабиналари, E-Gate тизими, инфокиосклар ва бошқа замонавий техник воситалар ўрнатилди.

Енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш, назорат жараёнларини оптималлаштириш мақсадида «Smart Customs Border» тизими ҳам жорий этилди.

Бу янгиликлар назорат жараёнларида инсон омилини қисқартириш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.