Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, бозорда ўтказилган ўрганишлар давомида ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Хусусан, савдо дўконларида электр симлари талабларга зид равишда ўтказилган, ёнғиндан огоҳлантирувчи қурилмалар мавжуд эмас, шунингдек, ёнғин ўчириш автомобиллари ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўллар тўсиб қўйилган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, айниқса, халқ орасида «ПМК» деб аталадиган бозор ҳудудида бир қатор қоидабузарликлар кузатилган.

Жумладан, айрим тадбиркорлар савдо дўконлари олдидаги йўлакларни сунъий равишда тўсиб қўйган, белгиланган бир метрлик меъёрдан ортиқча жойни эгаллаган. Дўконларнинг пештоқлари турли матолар ва тез ёнувчан пластик қопламалар билан тўсилган. Шунингдек, савдо дўконларининг том қисмларида тез ёнувчан алюмокомпозит материаллардан фойдаланилган.

Бундан ташқари, бозор ҳудудидаги ер ости ёнғинга қарши сув олиш қурилмалари носоз ҳолатда экани, электр симлари тартибсиз ўтказилгани ва савдо дўконлари ёнғин ҳақида автоматик хабар бериш мосламалари билан тўлиқ жиҳозланмагани маълум бўлган.

Аниқланган камчиликлар ёнғин содир бўлган тақдирда одамлар ҳаёти ва тадбиркорларнинг мол-мулкига жиддий хавф туғдириши мумкинлиги инобатга олиниб, марказий деҳқон бозори фаолияти вилоят иқтисодий суди қарори билан вақтинча тўхтатилган.

Бозор маъмурияти ва савдо дўконлари эгаларига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилган.