Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 27 апрель куни соат 09:05 ларда Бухоро вилоятининг Вобкент тумани, Имом Бухорий кўчасида содир бўлган. Вилоят ЙҲХБ ходими, 1987 йилда туғилган Ё.Мавлонов ўзининг «Cobalt» русумли автомобилида ҳаракатланаётган вақтда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2009 йилда туғилган С.Н.ни уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида пиёда енгил тан жароҳатлари олган. Маълумотга кўра, ходим жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида уни шифохонага олиб борган.

Шунингдек, ҳайдовчи хизмат вақтида бўлгани, ҳушёр ҳолатда автомобиль бошқаргани ва барча тегишли ҳужжатларга эга экани қайд этилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Вобкент тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий идоралар ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат «ёпди-ёпди» қилинмоқда деган асоссиз хабарларни тарқатмасликка чақирди. Ёлғон ахборот тарқатган шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳолат тўлиқ ва холисона ўрганилиб, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилинади.