Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги ахборотига кўра, воқеа Вобкент туманида содир бўлган. Жорий йил апрель ойида оилали, икки нафар фарзанднинг отаси туман ИИБга мурожаат қилиб, таниши ундан пул талаб қилаётганини билдирган.

Аниқланишича, 35 ёшли аёл ва эркак ўртасидаги романтик мазмундаги ёзишмаларни аёлнинг 19 ёшли дугонаси кўриб қолган. Шундан сўнг у ушбу маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид қилиб, пул талаб қила бошлаган. Дастлаб аёл дугонасига жим туриши учун пул берган, кейинчалик эса улар жиноий тил бириктирган.

Аёл жабрланувчи эркак билан боғланиб, ёзишмалар ошкор қилиниши, оиласи бузилиши мумкинлиги билан қўрқитиб, 6 млн 800 минг сўм талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи 100 АҚШ доллари ва 5 млн 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.