Бу жараёнда EХҲТ, “Art Loss Register”, “Metropolitan Police Service”, Буюк Британиянинг тегишли давлат тузилмалари ҳамда халқаро экспертлар фаол иштирок этди. Улар ҳамкорлиги натижасида жаҳон аҳамиятига эга бўлган қимматли тарихий буюмлар Ўзбекистонга қайтарилмоқда.
Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида халқаро тадбирда ҳам қайтарилган ноёб маданий мерос намуналари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. иштирок этди.
Британия ва бошқа давлатлардан тарихчилар, шарқшунослар, дипломатлар ва маданият соҳаси вакиллари қатнашган ушбу тадбирда Темурийлар даври тарихи, Амир Темур шахсияти ва Ўзбекистоннинг маданий меросни сақлаш бўйича ишлари ҳақида материаллар намойиш этилди. Британиялик актёр сер Бен Кингсли иштирокидаги “Темурийларнинг олтин даври” янги мини-фильми премьераси ҳам тақдим этилди.
WOSCU томонидан тайёрланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги янги нашр – Фируза Мелвиллнинг “Кембриж университети кутубхоналарида Марказий Осиё қўлёзма мероси” номли китоби ҳам тақдим этилди.
Тадбирнинг энг муҳим қисми Ўзбекистонга маданий бойликларни қайтариш маросими бўлди. Қайтарилган экспонатлар орасида Марказий Осиё тарихининг турли даврларига оид 10 та ноёб осори-атиқа мавжуд. Улар Кушон даври, қадимги Термиз, буддавийлик санъати ва Суғд маданияти билан боғлиқ. Айрим буюмлар милодий II–VIII асрларга тегишли. Шунингдек, Темурийлар даврига оид ноёб кенотаф ҳам қайтарилган мерос орасида бор.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг маълум қилишича, ушбу жараён бир неча ой давом этган халқаро ҳамкорлик натижасидир. Унда турли мамлакатлардан экспертлар, ҳуқуқшунослар ва олимлар иштирок этган. Ўзбекистонга тегишли бўлиши мумкин бўлган буюмлар аниқлангач, махсус халқаро ишчи гуруҳ тузилган ва қайтариш жараёни амалга оширилган.
Буюк Британия ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ҳам маданий меросни қонуний эгасига қайтариш муҳим эканини таъкидлади. Улар бу жараён санъат соҳасидаги ноқонуний ҳаракатларга қарши курашнинг бир қисми эканини қайд этди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи, детектив-суперинтендант Керри Вуднинг таъкидлашича, Буюк Британия ҳуқуқ-тартибот органлари учун маданий бойликларни қонуний эгасига қайтариш жараёнида иштирок этиш санъат соҳасидаги ноқонуний айланмалар ва жиноятларга қарши курашнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қадриятларни Ўзбекистон халқига қайтариш имкониятига эга бўлиш катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият, тарихий хотира ва миллий меросни сақлаш ва қайтаришга берилаётган эътибори бундай халқаро ташаббуслар учун мустаҳкам асос яратаётгани қайд этилди.
Мутахассислар қайтарилган буюмлар орасида тош ҳайкаллар, терракоталар ва деворий суратлар парчалари алоҳида аҳамиятга эга эканини билдирди. Улар Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий цивилизация марказлари – Қоратепа, Фаёзтепа ва Далварзинтепа билан боғлиқ.
“Art Loss Register” раиси Жеймс Редклиффнинг айтишича, Лондондаги жараёндан сўнг Ўзбекистондан олиб чиқилган маданий буюмлар сақланаётган бошқа давлатларда ҳам шундай қайтариш ишлари амалга оширилади. Бу эса халқаро ҳамкорлик ва маданий меросга масъулиятли ёндашув тарихий адолатни тиклашга ҳамда халқларга ўзининг бебаҳо қадриятларини қайтаришга хизмат қилишини кўрсатади.
Ўзбекистонлик олимлар фикрича, бу топилмалар мамлакат тарихининг турли даврларини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.
Тошкентга олиб келингандан сўнг, ушбу буюмлар илмий текширув, реставрация ва каталоглаштиришдан ўтказилади ҳамда халқаро илмий муомалага киритилади.
Тадбир якунида маданий меросни қайтариш бўйича расмий ҳужжатлар имзоланди. Томонлар бу жараённи тарихий адолатни тиклаш ва халқаро ҳамкорликнинг муҳим намунаси сифатида баҳолади.