Маълумки, сўнгги йилларда дунё бўйлаб рақамли қурилмалардан фойдаланиш кўрсаткичи сезиларли даражада ошган. Шахсий смартфонига эга бўлмаган одамни кам учратасиз. Болаларнинг рақамли муҳитга эрта кириб келиши кузатилмоқда. Албатта, буни фойдали томонлари билан бирга зарарли жиҳатлари ҳам бор.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, боланинг телефон, ноутбук ёки компьютер экранига, турли бўлар-бўлмас материаллар-видеолар томошасига муккасидан кетиши унинг нутқи ва тафаккури ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Фикрлаш, жонли мулоқот қилиш имкониятларини пасайтиради. Натижада айрим болаларда сўз бойлиги ёшига яраша бўлмайди, диққатни бир жойга жамлаши қийинлашади, бундай ўғил-қизларга фанларга доир билимларни тушунтириш осон кечмайди.
– Беш нафар бола катта қилганмиз, тўғри, у пайтлари интернет, ижтимоий тармоқлар ҳозиргидек ривожланмаганди, – дейди зангиоталик Фарҳод Ғоффоров. – Телефон, компьютер, ижтимоий тарморқларсиз ўсган фарзандларим кўпроқ вақтини мактаб дарсликларини ўқишга сарфлади. Кўчада тегдошлари билан ўйнаб, соғлом катта бўлди. Бугун техника ривожланган даврда яшаяпмиз. Айни кунги болаларнинг ота-оналари ҳам рақамли технологиялар муҳитида улғайган Z авлод вакиллари. Демакки, ҳозирги ўғил-қизларимиз қонига вертуал оламга мойиллик сингган. Бу – табиий, технологиялар ривожланиши билан боғлиқ жараён. Энг ёмони, тинчимизни ўйлаб ҳатто 1-5 ёшли гўдаклар қўлига ҳам телефон тутамиз. Смартфон жажжиларимизни тинчлантирувчи, чалғитувчи воситага айланган. Кўпчилигимиз учун кичкинтойларимиз йиғламаса, зерикмаса, бизга халақит бермаса бўлди. Аммо буларнинг ортида катта муаммолар яширингани ҳақида ҳаммамиз ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз.
Яқинда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова Ўзбекистонда 16 ёшдан кичик бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонунчилик асосида чеклаш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, у болалардан телефонни тўлиқ олиб қўйишнинг имкони йўқлигини, бироқ ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, “Ҳозир техника асри, болаларимиздан телефонларни юлиб ололмаймиз. Албатта, телефон керак. Аммо ундан фойдаланиш маданияти ва меъёри ҳам бўлиши зарур. Ўқувчининг мактабга киришдан олдин телефонини қолдиришга оид буйруқ чиққан ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳам мавжуд. Лекин бу қоидалар қаердадир ишлайди, қаердадир эса ишламайди. Буни эндиликда қаттиқ назоратга олиб, 16 ёшгача бўлган болаларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун билан чекламоқчимиз”, деди у.
Англашилишича, мазкур ташаббус депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган. Яқин вақт ичида тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш кўзда тутилмоқда.
– Бу – ўз вақтида кўтарилган яхши ташаббус, – дейди Тошкент вилоятидаги 44-мактаб ўқитувчиси Зулфия Каримова. – Буни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Биз ўқувчиларни мактабдаги дарслар ҳамда турли тўгаракларга қатнашиш жараёнларида уларнинг диққатини жалб қилишимиз зарур бўлади. Сир эмас, ҳозирги кунда ўғил-қизларимизда чалғиш кузатилади. Шу маънода, жамоатчиликка тақдим этилиши кутилаётган, 16 ёшгача бўлган болаларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чаклашга оид қонун лойиҳасининг муҳокамага қўйилиши эътиборга молик. Буни ҳаммамиз тўғри тушунишимиз керак. Чеклаш – маҳрум қилиш дегани эмас. Ўйлайманки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фарзандларимиз таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.
Х. Салимов,
журналист