Давлатимиз раҳбарига Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид ҳамроҳлик қилди.

“Made in Uzbekistan” номи билан ташкил этилган кўргазмада мамлакатимиз тоғ-кон ва металлургия, электротехника ва электроника, энергетика, транспорт, логистика ва авиация, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати соҳаларида эришилган натижалар, тайёр маҳсулотлар ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш режалари намойиш қилинди.

Икки мамлакат йирик компаниялари вакиллари қўшма лойиҳаларини тақдимот қилиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан ахборот берди.

Президентимиз Ўзбекистон ва Ўмоннинг етакчи корхоналари кооперациясини, ўзаро тажриба ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.