Мақоламиз қаҳрамони Каромат Аҳмадқулованинг эса иккала қўли йўқ, биринчи гуруҳ ногирони. Аммо у имконияти чекланган бўлса-да, отаётган ҳар бир тонгини янги имконият, ўтаётган кунларини бебаҳо неъмат деб билади. Севимли машғулоти – рангин ва ҳаётбахш суратларини оёқлари ёрдамида чизади.

Аслида, бу дунё барчамиз учун синов. Унда қандай из қолдириб ўтиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Ногирон бўлса-да, умр гулшанида борлигига шукр қилиб яшаётганлар ҳам, тўрт мучаси соғ бўлса-да, ҳаётидан нолиб, ўз ўрнини топа олмай юрганлар учун ҳам мақола қаҳрамонининг ҳаёти кўзгу бўлса, ажаб эмас.

Ўшанда у 18 ёш эди

Саодатли ва ёруғ кунларга ишонч билан қадам ташлаётган 23 ёшли Кароматнинг ноёб истеъдоди, матонати ва меҳнатсеварлиги ҳақида кўпчиликка ибрат бўладиган мақола ёзишни анча аввал кўнглимга туккан эдим. Ўшанда у 18 ёшда эди. Бундан 5 йил илгари таҳририят топшириғи асосида ижодий жамоамиз билан Сирдарё вилоятида хизмат сафарида бўлдик. Бир қанча иқтидорли ёшларни ва муносиб қаҳрамонларни кашф этдик, таҳририятга қайтгач, улар ҳақида мақолалар эълон қилдик. Аммо Ховос туманида истиқомат қилувчи рассом Каромат Аҳмадқулова ҳақида ҳеч нарса ёза олмадим.

Ҳар сафар компьютер қаршисига ўтириб, нимадир қораламоқчи бўлардим-у, кўз ўнгимдан оёқчалари билан расм чизаётган хушсурат қизнинг гўзал ва қувноқ сийрати ортига яширинган мунгли чеҳраси гавдаланиб, сўзларимни поёнига етказа олмасдим...

Гарчи иккала қўли бўлмаса-да, чизгиларида ҳаётга муҳаббат, яшашга интилиш ва орзуларга ишонч мужассам эди. Суратларида фақат ранглар уйғунлигини эмас, балки унинг қалб нидосини, сабр ва шукроналик ифодаси бўлмиш гўзал аксларни рангин бўёқларда ҳис қилиш унчалик ҳам қийин бўлмаган. Шунда тушунганманки, рассомлик унинг учун оддий машғулот эмас, балки ҳаёт мазмунига айланган гўзал бир олам.

Каромат Аҳмадқулова бугун нафақат тенгдошлари, балки кўплаб инсонлар учун руҳий куч манбаи, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашга ундайдиган ибрат намунасига айланган. У билан суҳбатлашганимда сўзларида ҳеч қандай шикоят ёки афсусни сезмаганман.

Аксинча, ҳар бир гапида шукроналик, келажакка ишонч ва янги марраларни забт этишга интилиш акс этарди. Ҳозир ҳам орзулари сари қатъият билан одимлаб бормоқда.

Ижоди орқали ўзи каби имконияти чекланган одамларни ҳаётни қадрлашга ундаб, инсон иродаси чекинмаслигини исботлаб келмоқда. Каромат сингари инсонларнинг ҳаёти биз учун нафақат ибрат, балки руҳий уйғонишга чорловдир, балки.

Дастлаб қўлсиз одам қандай қилиб рассомлик қила олади, бу лоф эмасмикан деб ўйлаганман. У билан учрашганимдан сўнг, гарчи икки қўлидан мосуво бўлса-да, оёқ бармоқлари билан суратлар чизаётган ёшгина қизнинг яшашга интилишини, муҳаббатини кўриб, ўз хаёлимдан уялганман, балки шу учун ҳам мақолам йиллар давомида ортга сурилгандир.

Ўша вақтда қўлимдан келган ягона иш — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридиновнинг олдига бориб, Кароматнинг ноёб истеъдоди, чизган суратлари, кўмакка муҳтожлиги ва ночор аҳволи ҳақида сўзлаб, унга ­эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида хабар бердим.

Сўзларим ерда қолмади, оз фурсат ўтмай, Кароматнинг онаси Дилором Жулбекова қўнғироқ қилиб, “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти жамоасини узоқ дуо қилди.

— Опа, уйимизга қизимни кўргани машҳур рассомлар келди, улар олишга қурбимиз етмаётган рассомлик ашёларини совға қилди. Болагинамнинг ижодини мақтаб, уни руҳлантириб, чизган суратларини ҳам олиб кетишди, энди тез-тез хабар олиб, ижоди билан алоҳида шуғулланишар экан, сиздан ва таҳририятингиз жамоасидан миннатдорман, раҳмат сизларга, — дея кўнгли тўлиб йиғлади.

Каромат билан йиллар давомида қўнғироқлашиб, ҳол сўраб турдим. Журналист халқи хоҳласа, ўн қоғоз мақолани бир соатда ёза олади, аммо баъзан ўзи хоҳласа-да, уч қоғоз мақолани йиллар давомида ҳам кўнгилдагидек қилиб қоралай олмайди. Яқинда Каромат билан яна қўнғироқлашдим. У менга мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишлаб янги асар яратаётгани ва бу асар истиқлолнинг шонли санасига юракдан меҳрини қўшиб чизган совғаси эканини айтди.

Бу менинг қисматим

— Қўлсиз туғилганим қора қисмат, Яратган менга чизиш бахтини бергани эса энг улуғ неъмат. Айни кунларда янги асар устида ишлаяпман. Бу мустақиллик тўйига кичик бўлса-да, тўёнам. Ростини айтсам, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар бўлмаганида мен каби ёшларга бунчалик эътибор, ғамхўрлик ва шарт-шароитлар яратилармиди?

Кўмакка муҳтож инсонларга эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳаётимга янги имкониятлар кириб келди. Юртимиздаги янгиланишлар боис, мутасаддилар тез-тез ҳолимдан хабар олиб туради, байрамларда йўқлаб келади.

2022 йилда “Мафтункор ранглар дун­ёси” танловининг туман, вилоят, республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритдим. Яратилган шароитлардан фойдаланиб,  2023 йилда Гулистон давлат университети санъатшунослик факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим.

2025 йилда “Менинг ижодим, менинг парвозим” номли шахсий кўргазмам ташкил этилди. Ўтган йили республика тасвирий ва амалий санъат ҳафталигида фаол иштироким учун кумуш медалга сазовор бўлдим, “Энг яхши асар” номинацияси бўйича фахрли ўринни қўлга киритиб, биринчи даражали диплом билан тақдирландим.

Ховос тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўтказилган “Сен кучлисан” хайрия кўргазмасидаги иштироким ҳам бесамар кетмади. Махсус ташаккурнома ва совғаларга муяссар бўлдим. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказилган аукционларда фаол иштирок этиб келяпман.

Энг асосийси, 2025 йилда Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан Мирзаобод туманидан барча шароитлари бор икки хонали уй берилди. Ўз бошпанам бўлиши болалигимдаги орзум эди. Айниқса, бу хабар ота-онам учун кутилмаган янгилик бўлди. Опаларим ва синглим турмушга чиққан, онам менга қараб туради.

Туманимиз мутасаддилари “Каромат, ўқишни тугатгач, биз билан ишлайсан. Сен каби иқтидорли рассом жамиятга жуда керак”, дея доим рағбатлантириб туради. Бу сўзлар менга катта куч бағишлайди, кўнглимни тоғдек кўтаради. Шу боис, келажакка ишончим мустаҳкам.

Ўқишни тугатгач, иш топиш борасида хавотирим йўқ. Қолаверса, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаётган ташкилотларга турли имтиёзлар берилмоқда. Бу эса имконияти чекланган ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз ўрнини топиши учун янада кенг шароитлар яратяпти.

Ушалмас орзуларини қоғозга кўчириб келаётган мен каби қизга бунчалик эътибор қаратилиши хаёлимга ҳам келмаган. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликка муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

* * *

Тўрт фарзанднинг ўртанчаси Кароматнинг ногирон бўлиб туғилганидан ота-онаси кўп изтироб чекди. Айниқса, отаси Қаҳрамон бор аламини ичига ютди. Рўзғордаги етишмовчиликларни бартараф этиш ва 4 фарзандини кам-кўстсиз вояга етказиш мақсадида совуқ ўлкаларда йиллаб оғир меҳнат қилди. Юртимизда кечаётган ўзгаришлар уларнинг хонадонига ҳам дориламон кунлар шабадасини олиб кирди.

Ёш мусаввирнинг бугунги ютуқларида, шубҳасиз, онасининг ўрни беқиёс. У билан суҳбат чоғида фарзандининг муваффақиятларидан фахр туйғуси билан бирга ўтмишдаги оғир кунларнинг излари ҳам сезилиб турди.

— Баъзилар бу дунёда ҳақиқат йўқ деб ўйлайди. Ҳаммаси қоғозда, қуруқ гап дейишади. Бир вақтлар мен ҳам шундай хаёлга борганман. Юрагим куйиб, дилим изтиробга тўлган вақтлар, наҳотки, болагинамнинг қўлсизлиги туфайли Худо берган қобилиятини бандаси кўрмаса дея бағрим ўртанарди. Эсини таниганидан буён оёқчаларидан қоғоз ва қалам тушмайдиган қизимнинг чизган суратларига нигоҳ ташлар эканман, шундай истеъдод увол бўладими, унинг самараси юзага чиқмайдими, боламнинг иқтидори сўниб кетадими деб йиғлаган кунларим кўп бўлган, — дейди Кароматнинг онаси Дилором. — Аллоҳга шукрки, дориламон кунлар шабадаси туфайли менга ўхшаган оналар бағрига шамол тегди, фарзандларимизнинг ютуқларини кўришга муваффақ бўлдик. Давлат боламни беминнат ўқитяпти, бошпанали қилди, ярим кўнгли билан ўзини ёлғиз қолдирмади. Қўллари бўлмаса-да, унга суянч бўладиган Ватани, ғамхўр давлати бор. Шунинг ўзи мен учун катта тасалли.

Ҳа, диёримизда кечаётган улкан ўзгаришлар инсон қадрининг юксак даражада қадр топиши асносида янада мафтункор кўринади. Аслида, ҳар бир фуқаросига чексиз эътибор ва юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи буюк бахт...

 Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири