Ҳаммаси 2016 йил 30 декабрдан бошланди

Ҳаммаси 2016 йил 30 декабрь куни – йил охирининг энг банд, энг тиғиз кунларидан бирида – академиклар билан бўлиб ўтган учрашувдан бошланди. Янги йил арафасида, барча ўз оилавий ва расмий ишлари билан банд бўлган бир пайтда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз жадвалидан беш-олти соатни ажратиб, мамлакатимиз академиклари билан бевосита учрашди. Суҳбат мавзуси енгил эмасди: ўша пайтда Фанлар академияси оғир аҳволда эди, илм-фан тизими ўз йўналишини йўқотган, кўплаб олимлар ўз салоҳиятини рўёбга чиқара олмаётган эди. Президентимиз сабр билан ҳар бир академикнинг фикр ва таклифини охиригача тинглади. Суҳбат якунида тўлиқ қаноатланмагани сезилиб турсада, у қатъий хулоса қилди: илм-фан экотизимини албатта тиклаш керак, чунки бизда ўрта асрлардан буён давом этиб келаётган буюк олимлар – Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби алломалар – мероси бор, ва бу мерос бугунги авлодни ҳам шунга муносиб ишларга даъват этади. Айнан шу кундан – оддий маъмурий буйруқдан эмас, балки шахсий, чуқур ишонч ва масъулиятдан – Ўзбекистон илм-фанининг янги йўли бошланди.

Тўққиз йиллик пойдевор

Орадан ўтган йилларни санаб ўтириш мумкин, аммо рақамлар ортида турган маъно муҳимроқ. 2017 йилда, ўша учрашувдан кўп ўтмай, Ўзбекистон Фанлар академияси қайта жонлантирилди. Таркибидан чиқариб юборилган қатор институтлар қайтарилиб, моддий-техник базасини тиклаш учун махсус Президент қарори қабул қилинди, катта маблағ ажратилди. Кўп ўтмай 2017 йил кузига келиб, мамлакат тарихида биринчи марта илм-фан ва инновация масалалари билан махсус шуғулланадиган Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Қисқа уч йилликка мўлжалланган Инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилиниб, асосий қадамлар аниқ белгилаб олинди. Натижада, 2017-2021 йиллар давомида пойдеворлар барпо бўлди. «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги ва «Инновацион фаолият тўғрисида»ги тарихий қонунлар қабул қилинди, «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» тасдиқланди. Илм-фан ва инновацион ривожланишни сарҳисоб қилиш мақсадида Миллий маъруза қабул қилиш йўлга қўйилди. Ана шундай очиқ таҳлилли бўлган Миллий маърузанинг 2017-2021 йиллар сарҳисоби чоп этилди.

2022 йилда эса, Жаҳон банкининг «Ўзбекистон миллий инновация тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида тайёрланган Миллий маърузада биринчи марта бутун экотизим – давлат бошқаруви, таълим ва кадрлар тайёрлаш, билим ва ғоя яратиш, молиялаштириш, инфратузилма ва тижоратлаштириш, илм-фан маданияти каби олти йўналиш бўйича – батафсил харитага туширилди. Айнан шу ҳисоботда биз ўзимизга нисбатан холис бўлдик: илм-фан ва бизнес ўртасидаги алоқа заиф эканини, инновация фаолиятининг асосий қисми Тошкентда тўпланиб қолганини очиқ тан олдик. Бу – мақтаниш учун эмас, тузатиш учун ёзилган ҳисобот эди.

2023 йилда эса бошқарув мустаҳкамланди: Инновацион ривожланиш вазирлиги Олий таълим вазирлиги билан бирлаштирилиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилди. Мақсад аниқ эди: таълим, илм ва инновацияни бир қўлга тўплаб, илм-фан сиёсатини кундалик маъмурий ишга айлантирмаслик, балки уни миллий устувор вазифа сифатида сақлаб қолиш. Ушбу жараённинг ичида бўлган, бу ишларда қатнашган кўплаб мутахассислардан бири сифатида шуни айта оламан: бу – осон йўл бўлмади, аммо у бекорга ҳам кетмади.

Тўққиз йил давомида амалга оширилган ишларни бир сўз билан таърифлаш мумкин: пойдевор. Қонунлар, институтлар, стратегик-режа, бирлашган бошқарув – буларнинг ҳаммаси кўзга унчалик ташланмайдиган, аммо устига ҳамма нарса қурилиши керак бўлган асос эди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дунёда бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш ислоҳотларни бошлаган. Баъзи қўшни мамлакатларда ўн йилдан ортиқ давом этган ислоҳотларга, янги вазирликлар ва дастурларга қарамай, Глобал инновация индексидаги ўрин деярли ўзгармай қолган, юқори технологик экспорт улуши эса йиллар давомида пасайиб борган. Илмий мақолалар сони сезиларли ошган бўлсада, уларга берилган иқтибослар сони аксинча пасайган, патент аризалари эса ўн йилга яқин деярли бир жойда турган. Сабаби содда: янги қонунлар ва ташкилотлар эски, ўзгармаган тизим устига шунчаки қўйилиб қолган, олий таълим, бизнес ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик эса кўпинча форум ва меморандумлар даражасида қолиб кетган – натижада ислоҳот фақат қоғозда қолган, бошқача қилиб айтганда атрофимизда «инновациясиз инновация» тушунчасини шаклланишига олиб келганди.

Ўзбекистон бошқа йўлдан борди. Биз тизимни шунчаки «янгилаш» эмас, уни ҳақиқатан ҳам бошидан қайта қуришга интилдик: эски тузилма устига янги вазирлик жойлаштириш билан чекланмадик, балки аввал мустақил, кейин таълим тизими билан чуқур бирлаштирилган, ўз фаолиятини доимий равишда қайта кўриб чиқадиган янги институционал мантиқ яратдик. Натижа кўриниб турибди: бизнинг рейтингимиз тўққиз йил ичида 122-ўриндан 79-ўринга кўтарилди – демак, фарқ фақат сўзда эмас, амалда ҳам бор.

Асосий ютуқлар – рақамлар тилида

Тўққиз йиллик ишнинг натижасини фақат сўз билан эмас, рақам билан ҳам кўрсатиш мумкин, ва бу рақамлар учала Миллий маъруза ҳисоботида аниқ қайд этилган.

Биринчидан, олимлар сони ва сифати ўсди. Расмий маълумотларга кўра, ҳар бир миллион аҳолига тўғри келадиган тадқиқотчилар сони 2020 йилда 876 кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 1002 кишига етди – яъни биринчи марта минг кишилик чегарадан ўтди. Фалсафа докторлари (ПҳД) сони деярли икки баробар ошди. Бу – ўрта даромадли давлатлар даражасига яқинлашиш дегани, гарчи ривожланган давлатлар (масалан, Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 7980 кишини ташкил этади) билан ҳали катта фарқ сақланиб қолсада. Иккинчидан, мамлакатимиз Глобал инновация индексида сезиларли ўсиш кўрсатди: 2015 йилда 141 давлат орасида 122-ўринда турган Ўзбекистон 2025 йилга келиб 79-ўринга кўтарилди. Лекин бу ердаги энг муҳим жиҳат – ўрин эмас. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ВОИС) Ўзбекистонни тўрт йил кетма-кет «оверперформер» – яъни мамлакатнинг иқтисодий даражасига нисбатан кутилганидан анча яхши натижа кўрсатаётган давлат – деб тан олди. Бошқача айтганда, биз фақат бойлигимиздан эмас, ақл-заковатимиздан фойдаланиб ютуқларга эришмоқдамиз. Учинчидан, юқорида айтилган икки қонун ва «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» орқали мамлакатда биринчи марта илм-фан ва инновация учун яхлит ҳуқуқий негиз яратилди. Бу – кўринмас, лекин жуда муҳим натижа: энди ҳар бир кейинги қарор шу негизга таянади.

Энди – амалиёт ва натижа даври

Бироқ пойдевор – бу иморатнинг ўзи эмас. Бугун биз, балки энг масъулиятли босқичга кирмоқдамиз: тўққиз йил давомида яратилган қонунлар, институтлар, инфратузилма ва бошқарув тизими энди амалиётга айланиши, кундалик фойда бериши керак. Бошқарув анча интеграциялашган ва мустаҳкамланган – аммо бу йўл тугади дегани эмас. Аксинча, айнан шу босқичда яна ҳам кўпроқ эътибор, сабр ва маблағ талаб этилади, чунки энди вазифа фақат қонун қабул қилиш ёки институт тузиш эмас, балки ўша қонун, ўша институт, ўша инфратузилмани фермер, олим, тадбиркор ва оддий фуқаронинг кундалик ҳаётида ишлатиб кўрсатишдир.

Бу ерда мен газета ўқувчисидан ҳеч нарсани яшириб қолмоқчи эмасман: 2022 йилги Миллий маъруза ҳисоботда ўзимиз ёзган муаммолар – илм-фан ва бизнес ўртасидаги заиф алоқа, тадқиқотларни тижоратлаштириш механизмларининг етишмаслиги, Тошкентдан ташқарида илмий фаолиятнинг сустлиги – булар ҳалигача тўлиқ ҳал бўлгани йўқ. Шуни ҳам очиқ айтиш керак: илм-фанга ажратилаётган маблағ ялпи ички маҳсулотнинг 0,14 фоизидан ошмайди, дунё ўртача кўрсаткичи эса 2,63 фоизни ташкил этади – яъни биздан 15–20 баробар юқори. Бу – заифлик белгиси эмас, балки нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигининг аниқ кўрсаткичидир: пойдевор қуриб бўлинди, энди унинг устига иморат – яъни амалий натижа, фойда ва ишонч – қурилиши керак дегани.

Бир миллионга яқин янги ҳаёт ва Марказий Осиё

Энди келажакка назар ташлайлик. Ҳар йили мамлакатимизда деярли бир миллионга яқин чақалоқ дунёга келмоқда, аҳолимизнинг учдан бир қисмига яқини эса ўн беш ёшгача бўлган болалар ва ёшлардан иборат. Бу – оддий демографик рақам эмас, бу – келажак ўн йилликда қандай жамият қуражагимизга боғлиқ масала.

Шу ёшлар учун биз нима тайёрлаб қўяяпмиз? Агар улар фақат имтиҳон топшириш, диплом олиш ва иш қидиришни ўрганса, биз бир катта имкониятни бой берамиз. Аммо агар улар мактабданоқ илм, тажриба ва тадбиркорлик руҳида тарбияланса, уларнинг ҳар бири – келажакдаги олим, фермер-инноватор ёки стартап асосчиси бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон энди фақат ўз ичида эмас, минтақада ҳам масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. 1993 йилда Орол денгизини сақлаш халқаро жамғармасига асос солган давлатлардан бири сифатида Ўзбекистон 2027–2029 йилларда бу жамғармага учинчи марта раислик қилади. Сув, иқлим, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли бошқарув каби масалаларни фақат миллий эмас, минтақавий миқёсда ҳал қилиш – бу бизнинг олдимиздаги навбатдаги катта вазифа.

Ҳар бир ўқувчига – алоҳида сўз

Бу мақолани турли касб, турли ёш ва турли қарашдаги одамлар ўқиши мумкин, шунинг учун шундай мурожаат қилишни истардим.

Тўққиз йиллик иш – бутун давлат тизимининг йўналиши Президентимиз раҳбарлигида қандай ўзгарганининг исботи. Энди ҳар бир вазирлик, ҳар бир ҳокимлик ўз соҳасида илм-фан ва инновацияни қўшимча эмас, асосий восита сифатида кўриши керак. Илм-фан ва таълим жамоасига: сиз яратган ҳар бир мақола, ҳар бир патент, ҳар бир тарбияланган талаба – бу миллий бойлик деб уқтирмоқчиман, бу йўлдан асло тўхтаманг. Лекин энди савол шу: бу билим қаерда, кимнинг ҳаётида ишлади? Шу саволни ўзимизга муттасил беришимиз керак.

Ёшлар ва ёш тадбиркорларга юзланиб, халқаро рейтингларда кўтарилишимиз Сизларга имконият яратиш учун хизмат қилсин дейман. Стартап, лаборатория, фермер хўжалиги – барчаси сизнинг ғояларингизни кутмоқда. Сизлардаги иштиёқ, интилиш ва бунёдкорлик ташаббуслари жуда муҳим омил. Илм-фанга, инновацияларга, таълимга ажратилган ва бериладиган ҳар бир сўм – харажат эмас, узоқ муддатли инвестиция – агарки Сизнинг кучингиз ва билимингиз билан уйғунлашса. Юқорида келтирилган рақамлар – ўсиб бораётган тадқиқотчилар сони, кўтарилаётган рейтинг – Сизга албатта қанот бўлади.

Хулоса: рейтингдан экотизимга, экотизимдан келажакка

Тўққиз йил олдин мамлакатимиз олдида савол турарди: илм-фан нима учун кўринмайди? Бугун савол бошқача: илм-фан кимга хизмат қилмоқда? Илм-фан қуйигача етиб бориб назариядан ишончга, ёшлар қўлида келажакка қўйилган қадамга айланиши шарт. Биз Янги Ўзбекистон фарзандлари нафақат юртимизни балки ўз илмимиз билан минтақамизни ривожлантиришга масъулмиз. Шунда илм-фандаги пешқадамлигимиз миллий ютуқ эмас, умумий тараққиётга айланади ҳамда бутун дунё учун намунага айланади. Бу йўлни бошлаган, илм-фанга, ёшларга ва келажакка ишонган Давлатимиз раҳбари белгилаб берган маррага етганимиз йўқ. Бу марра сари давом этаётган йўлимиз эса айнан ҳозир, янги, кенгроқ ва чуқурроқ босқичга кирмоқда.

Иброҳим Абдураҳмонов,

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири,

академик