Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркор янги дорихона филиалини очиш учун қонунчиликда белгиланган барча талабларни бажариб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасига лицензия олиш учун мурожаат қилган.

Бироқ тадбиркор лицензиялаш жараёнида мазкур марказ ходими томонидан ноқонуний равишда пул талаб қилингани юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилган.

Мурожаат Бизнес-омбудсман девонининг Коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўрганилган.

Терговга қадар текширувда марказнинг лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси бош мутахассиси, 1984 йилда туғилган Р.Н. хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорга мансабдор танишлари орқали дорихона лицензиясини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилгани ҳамда бунинг эвазига 6 миллион сўм талаб қилгани аниқланган.

У талаб қилинган маблағнинг 4 миллион сўмини Олмазор туманида олган. Қолган 2 миллион сўмни ололмагач эса тадбиркорнинг лицензия олиш бўйича юборган сўровномасига рад жавоби берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Р.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 25, 211-моддалари (пора олиш билан боғлиқ жиноятга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда мазкур иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.