26 август куни Дубайда Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани эълон қилинди.

Янги кенгаш Ўзбекистон ва Дубай тадбиркорлари учун ҳамкорликнинг доимий майдонига айланиши кутилмоқда. Унинг фаолияти савдо ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш, янги ҳамкорларни топиш, турли соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришга қаратилган.

Бугунги кунда бунинг учун салмоқли иқтисодий база шаклланган. Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 450 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Сўнгги уч йилда амирликлардан киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 3 миллиард долларга етган.

2025 йилда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1,2 миллиард долларни ташкил этган.

Кенгашнинг илк йиғилиши Дубай Савдо палатаси бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда янги бизнес имкониятларини яратиш, ўзаро инвестицияларни кенгайтириш, компаниялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, қўшма бизнес тадбирларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Дубайда ўзбек бизнесининг фаоллиги ҳам изчил ошиб бормоқда. Ўтган йил якунларига кўра, Дубай Савдо палатасида 826 та фаол ўзбек компанияси рўйхатдан ўтган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 21,3 фоизга кўп.

2026 йилнинг биринчи ярмида яна 75 та ўзбек компанияси палатага қўшилган.

Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилиши тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, янги лойиҳаларни илгари суриш ҳамда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги узоқ муддатли савдо-инвестициявий шерикликни янада мустаҳкамлаш учун доимий механизм яратади.