8 апрель, чоршанба тонгига келиб, Брент маркали нефть фьючерслари нархи бир баррель учун 95 доллар атрофида тебранди. Ҳолбуки, бир кун аввал у тахминан 110 доллардан сотилаётган эди. Буни котировкаларни кузатиб борувчи Trading Economics маълумотлари ҳам тасдиқламоқда.

Маълум қилинишича, хом нефть жаҳон бозорларида бир сутка ичида қарийб 14 фоиз арзонлаб, бир баррель учун 96 доллар атрофида шаклланган. АҚШда печь ёнилғиси сифатида кенг қўлланадиган мазут нархи бир кунда 17 фоизга тушган, бензин эса қарийб 10 фоиз арзонлаган.

Мутахассислар бу ўзгаришларни Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг юмшаши, хусусан, Эрон атрофидаги ҳарбий кескинлик пасайиши билан изоҳламоқда. Бозор иштирокчилари эҳтимолий можаролар хавфи камайиши ортидан нефть таъминоти узлуксиз давом этишига ишонч билдирмоқда.